Виза мурожаатлари учун тўлов

Ҳамма мурожаат этувчилар, шу жумладан болалар ҳам, ўзлари мурожаат этаётган виза тоифасига мувофиқ миқдорда тўловни амалга оширишлари шарт. Ушбу тўлов фақатгина АҚШ элчихонасининг ҳудудида, Консуллик бўлимининг ғазначиси орқали тўланади.  Тўлов фақатгина АҚШ долларида, қайтим талаб қилмайдиган купюраларда қабул қилинади. АҚШ элчихонаси АҚШ долларларининг холати бўйича қатъий талаблар (PDF 2.44 MB) ўрнатган.  Элчихона кир, зарар етказилган, йиртилган, чизилган, муҳрланган ва 1997 йилдан аввал муомалага чиқарилган АҚШ долларларини тўлов учун қабул қилмайди.  Консуллик бўлими тўловлар учун ўзбек сўмини қабул қилмайди. Мурожаат этувчилар виза мурожаати бўйича рад жавоби берилганда мурожаатни кўриб чиқиш учун тўланган тўлов миқдори қайтариб берилмаслигини ёдда тутишлари лозим.

Петиция талаб этмайдиган виза турларига, жумладан, В1/В2 виза тоифасига мурожаат этувчилар 160 АҚШ доллари миқдорида тўлов амалга оширишади. Бунга туристик ёки иш визалари, талабалик ва алмашув дастурлари асосидаги визалар киради.

Петиция асосидаги визаларга мурожаат этувчилар 190 АҚШ доллари миқдорида тўлов амалга оширишлари лозим. Буларга қуйидаги виза тоифалари киради:

  • “H” тоифадаги вақтинчалик иш визалари
  • “L” тоифадаги визалар (компаниялараро трансфер қилувчилар учун)
  • “O” тоифадаги визалар (ноодатий қобилият эгалари учун)
  • “P” тоифадаги визалар (атлетлар, санъат арбоблари учун)
  • “Q” тоифадаги визалар (халқаро маданий алмашинув асосида мурожаат этувчилар учун)
  • “R” тоифадаги визалар (диний лавозимга мурожаатлар учун)

“К” тоифадаги визалар АҚШ фуқаросига қайлиқ бўлиш учун қилинган мурожаатлар ҳисобланиб, тўлов 265 АҚШ долларини ташкил қилади. “Е” тоифадаги визалар учун тўлов 205 АҚШ доллари миқдорида бўлиб, у Халқаро келишув дастури асосидаги мурожаатлар учун ҳисобланади.