Одатда, хорижий давлатлар фуқаролари, АҚШ ҳудудига кириб келишдан олдин виза олишлари керак: вақтинчалик яшаш учун ноиммиграциявий визани ёки доимий яшаш учун иммиграциявий визани. Ташриф визалари тадбиркорлик (В-1 тоифадаги виза), туризм, дам олиш ва вақтинчалик яшаш (В-2 тоифадаги виза) мақсадида, ёҳуд мазкур мақсадларнинг барчаси учун АҚШ ҳудудига муваққат муддатга кириш хоҳловчи шахслар учун ноиммиграциявий визалардир (В-1/В-2).
Консуллик Бўлимининг ходими виза мурожаати бўйича муносиб қарор қабул қилиши учун талаб этиладиган барча ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш мурожаат этувчининг жавобгарлигига киради. Суҳбат давомида ҳар бир мурожаат этувчи Консулга АҚШга сафари мақсадларини тушунтириб беришга ва бу сафар ҳаражатларини тўлай олишга етарли маблағи борлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этишга тайёр бўлиши керак. Мурожаат этувчилар шунингдек, Ўзбекистонда ўзларининг АҚШга сафардан кейин Ўзбекистонга қайтиб келиш ниятларини намойиш этувчи кучли ва доимий боғлиқликлари мавжудлигига Консулни ишонтиришлари керак. Ўзбекистонда сўнгги олти ой ичида истиқомат қилмаган мурожаат этувчилар ўзларининг доимий истиқомат қиладиган мамлакатларида мурожаат этишлари тавсия этилади, чунки шу мамалакатларда улар ўзларининг иқтисодий ва ижтимоий боғлиқликларининг кучлироқ эканлигини исботлашлари осонроқ бўлади.
Бизнес (иш сафари) ва туризм тоифасидаги визалар (B1-B2)
Ноиммиграцион визаларига мурожаат қилувчи Ўзбекистон фуқаролари бир йиллик кўп маротабалик визага эга бўлишади. Ушбу турдаги визага мурожаат қилувчиларнинг асосий қисми бизнес (B1) ёки туризм (B2) мақсади билан АҚШга сафар қилишади. Кўпинча шу мақсад билан мурожаат этувчилар B1/B2 визасини олишади.
“Бизнес” сафари ишлаш ҳуқуқини бермайди, лекин шу мақсад билан визага мурожаат этувчиларнинг сафари бир қатор иш ҳақи берилмайдиган иш билан боғлиқ тадбирлардан иборат бўлиши мумкин (учрашувлар, малака ошириш, музокаралар). Бундан ташқари, бу турдаги визага мурожаат этувчилар тиббий муолажа олиш учун ёки уй хизматчиси сифатида АҚШга сафар қилишлари мумкин.
Мурожаат этувчиларнинг ноиммиграцион виза суҳбатида шахсан қатнашишлари ҳақида
14 ёш ва ундан юқори бўлган барча мурожаат этувчилар ноиммиграцион виза учун суҳбатга шахсан келишлари шарт. 14 ёшдан 16 ёшгача бўлган мурожаат этувчилар ота-оналаридан бирортаси ёки расмий вакиллари билан келишлари мумкин. Ҳамроҳ бўлиб кираётган шахслар ўзлари визага мурожаат этмаётган бўлсалар ҳам, рўйхатга ёзилишлари талаб этилади. Ҳамроҳ бўлиб кираётган катта киши, агар ўзи ҳам визага мурожаат этаётган бўлмаса, анкета тўлдириши шарт эмас. Суҳбатга рўйхатга ёзилиш учун ушбу ҳамроҳ бўлиб кираётган катталар электрон почта орқали ConsularTashkent@state.gov манзилига хат ёзишлари керак.
16 ёшдан катта бўлган мурожаат этувчилар билан манфаатдор томонлар, жумладан, бевосита оила аъзолари, Америкалик дўстлар, адвокатлар ва бошқалар суҳбатга бирга киришлари таъқиқланади.
Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари
Аксарият ҳолларда, Консуллик Бўлими Офицерлари суҳбат якунида виза маъқуллангани ҳақида мурожаат этувчиларга маълум қиладилар. Виза маъқулланган ҳолатда мурожаат этувчига, элчихонага келиб паспортини олиб кетиш куни ҳақида маълумот берилади. Улар ўзлари билан шахсни тасдиқловчи ҳужжатларини (ИД-карта ёки ички паспорт) ва маъмурий тўловни тасдиқловчи квитанцияларини олиб келишлари керак.
Бироқ, баъзи ҳолларда, Консуллик Бўлими ходими қўшимча ҳужжатлар ёки маълумот тақдим этишни сўраши мумкин. Бошқа ҳолларда эса, якуний қарор қабул килиш учун қўшимча маъмурий жараёнлар ўтказиш талаб этилиши мумкин. Бундай жараёнларни ўтказишга вақт керак бўлади. Шу сабабли, Консуллик Бўлими визаларга имкон даражасида вақтлирок мурожаат этишни маслаҳат беради. Шу йўл билан сафарга оз вақт қолганда ҳар қандай кечикишларнинг олдини олиш мумкин бўлади. Виза қўлингизда бўлмагунча билетлар сотиб олиш ёки уларни буюриб қўйиш мақсадга мувофиқ эмас.
Визалар ва уларга боғлиқ жараёнлар ҳақида батафсил маълумот олиш учун Консуллик Масалалари Бюросининг интернет саҳифасини кўриб чиқинг.
Транзит ва ҳаво ёки денгиз кемаларидаги экипаж аъзолари учун визалар
В1/В2 тоифадаги визага эга бўлмаган шахс бирор мамлакатга АҚШ ҳудуди орқали бормоқчи бўлса транзит (С) визасига мурожаат этади. Экипаж (D) визаси АҚШ ҳудудидаги денгиз ёки ҳаво кемасида ҳизмат қилувчи экипаж аъзоларига берилади. АҚШ ҳудуди орқали транзит йўналишда ҳаракат қилувчи денгиз ёки ҳаво кемаларида ҳизмат қилувчи экипаж аъзолари транзит ва экипаж визаларининг мужассамланган шакли – C-1/D тоифасидаги визага мурожаат этадилар.
Тўлов: 160 АҚШ доллари миқдорида маъмурий тўлов ва қайси давлат фуқароси бўлишига қараб давлатлараро ўзаро таъсир тўлови. Ўзбекистон фуқароси бўлган денгиз ва ҳаво кемасида экипаж аъзолари бир йил муддатга берилувчи кўп марталик виза олишлари мумкин.
Керакли ҳужжатлар: Агар сиз транзит визага мурожаат этмоқчи бўлсангиз, консул учун сиз ҳавола этган ҳужжатдан кўра саволларга берган жавобларингиз муҳимроқ. Агар сиз экипаж аъзоси сифатида визага мурожаат этмоқчи бўлсангиз, ўзингиз билан иш фаолиятингизни тасдиқловчи ва Ўзбекистон билан боғловчи ришталарингизни кўрсатувчи ҳужжатларни олиб келишингиз мумкин. Масалан, иш жойидан тасдиқловчи хат.
Транзит ва экипаж визалари ҳақида кўпроқ маълумот олиш учун тез-тез бериладиган саволлар саҳифасига киришни тавсия этамиз.
Кўпроқ маълумотни сиз яна Travel.state.gov сайтининг қуйида кўрсатилган саҳифаларидан ҳам топишингиз мумкин:
АҚШда тиббий муолажа олиш
Тиббий муолажа олиш учун сиз АҚШга туристик виза билан боришингиз мумкин. Виза олиш учун сиз ҳам саёҳатга кетаётган кишилар сингари виза юзасидан мурожаат қилишингиз ва виза олиш талабларига жавоб беришингизни исботлашингиз керак. Бундан ташқари сиз ўз тиббий муолажангиз ҳақида қуйидаги маълумотларни олиб келишингиз лозим:
- Сизнинг тиббий ҳолатингиз ҳақида шифокор ташхиси. Шифокор сизнинг нима сабабдан даволаниш учун айнан АҚШга боришингиз кераклигини тушунтириши лозим.
- Америка Қўшма Штатларидаги касалхонадан мактуб. Ушбу мактуб қуйидагиларни кўрсатиши керак:
- Сизнинг касаллигингизни даволашга розилик;
- Тиббий муолажанинг тахминий ҳаражатлари, жумладан шифокорга тўлов, касалхонада ётиш ҳаражатлари ва тиббий ҳаражатлар;
- Тиббий муолажанинг тахминий давом этиш муддати.
- Америка Қўшма Штатларидаги тиббий муолажа ҳаражатларини тўлаш учун сизда (ёки сизнинг ҳомийингизда) етарли маблағ борлигини исботловчи ҳужжатлар.
Баъзи шахсларнинг жиддий тиббий муолажа олиб, унинг ҳаражатларини тўлай олмаган ҳолатлари юз берган. Бу каби холлар бўлмаслиги учун консуллар тиббий муолажа олиш мақсадида кетмоқчи бўлган мурожаат этувчилар ва уларнинг ҳомийларидан қўшимча маълумотлар сўраши мумкин. Мурожаат этувчиларга даволаниш ва касалхонада ётиш ҳаражатларини қандай тўлай олишлари ҳақида саволлар берилиши мумкин.
Болалар учун визалар
Қўшма Штатлар ҳудудига сафар қилувчиларнинг барчаси, ёшидан қатъи назар, АҚШнинг амал қилувчи визасига эга бўлишлари керак. Шу билан бирга, бола учун виза олиш жараёни нисбатан осонроқдир. Энг муҳими, 14 ёшга тўлмаган ва Ўзбекистон резиденти бўлган болалардан суҳбатдан ўтиш учун элчихонага шахсан келиш талаб қилинмайди, бунинг ўрнига, ариза топширувчи ота-она ёки қонуний васий(лар) ўзлари билан суҳбатга боланинг паспортини, DS-160 тасдиқлаш шаклининг саҳифасини, ва аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган бадални олиб келишлари лозим.
Агар ота-она (ёки қонуний васий) АҚШ визасига эга бўлсалар ҳамда бола билан бирга сафар қиладиган бўлсалар, ота-она ёки қонуний васий, вояга етмаган аризачи номидан суҳбат кунини онлайн белгилашлари керак бўлади. Ҳамроҳлик қилувчи катта ёшдаги шахс Консуллик бўлимига ConsularTashkent@state.gov
Суҳбатдан ўтиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар қуйидагилардир:
- Боланинг паспорти
- Сўнги олти ой ичида олинган боланинг бир дона фотосурати.
- Маъмурий тўлов
- Мазкур виза тури учун талаб этиладиган илова ҳужжатлар.
14 ёшга етган ёки ундан катта ёшдаги болалар суҳбатга келишлари шарт ‒ ҳатто улар 14 ёшга киришларидан олдин АҚШ визасини олган бўлсалар ҳам. Ота-оналар14 ёшдан 16 ёшгача бўлган фарзандларига виза учун суҳбат вақтида ҳамроҳлик қилишлари мумкин.16 ёшга тўлган шахслар ҳолатида эса, бегона шахсларнинг, жумладан яқин қариндошларнинг, америкалик дўстларнинг, ҳуқуқшуносларнинг, ва бошқаларнинг суҳбатда хозир бўлишига рухсат берилмайди.
Уй хизматчилари
Хорижий уй хизматчиларини АҚШда ноиммиграциявий мавқеъда вақтинчалик яшаш давомида уларга хизмат қилишлари учун ўзлари билан АҚШга олиб келишга қуйидаги иш берувчиларнинг ҳуқуқи бор:
- Доимий равишда хорижда яшовчи, чет давлатда жойлаштирилган ёки АҚШга вақтинчалик келиб турувчи АҚШ фуқаролари, ёҳуд хориждаги иши икки йил ёки ундан ортиқ муддатга тез-тез халқаро сафарларни тақозо қилувчи шахслар. Бундан ташқари, булар қаторига АҚШ ҳудудида лавозимга тайинланган ҳамда иш шартларига кўра тўрт йил ичида яна хорижга чиқиши лозим бўлган АҚШ фуқаролари ҳам киради.
- АҚШда вақтинчалик яшаб келаётган ёки муваққат сафарга ариза топширувчи ноиммигрант хорижликлар (B1-B2, E, F, H, I, J, L, M, O, P, Q, R ва TN тоифаларидаги ноиммиграциявий визалар эгалари).
- Халқаро ёки икки томонлама ваколатхоналарда қайд этилган иш берувчилар (A, G ёки NATO тоифаларидаги визалар эгалари).
Уй хизматчилари томонидан виза олишлари учун талабалар қаторига мазкур хизматчи Қўшма Штатларга бутунлай кўчиб бориш нияти йўқлигини исботловчи далиллар киради. Консуллик ходимини уй хизматчиси АҚШда қисқа муддат ичида ишлаганидан сўнг Ўзбекистонга қайтиб келишига ишонтириш керак. Гарчи иш берувчининг ҳужжатлари (қуйида кўрсатилган) виза олиш учун берилган аризани қўллаб-қувватласа ҳам, Ўзбекистонга қайтиб келиш тўғрисидаги ниятини исботлаш бўйича масъулият барибир уй хизматчисининг ўз зиммасида бўлади.
Мазкур шартларга риоя қилинган ҳолда, уй хизматчисига фақат ўз иш берувчисига ҳамроҳлик қилиб сафар қилишга рухсат берилади. Бундан ташқари, улар виза олган тақдирларида солиқларни тўлашга мажбур бўлишлари мумкинлиги ҳақида огоҳлантириладилар. Булар ҳам федерал, ҳам муайян штат даражасидаги солиқлар бўлиб, иш берувчи томонидан ҳам, ишчи томонидан ҳам тўланиши керак бўлади. Қуйида қисқача тушунтириш берилган.
Ўз оқсочлари, энагалари, ҳайдовчилари ва ҳ.к. ҳамроҳлигида сафар қилишни истовчи шахслар уларнинг хизматчилари қуйидаги талабларга жавоб берган тақдирда буни амалга оширишлари мумкин:
- ТАЖРИБА: Улар хозирги иш берувчилари қўлида уй хизматчиси сифатида камида ўн икки ойлик иш тажрибасига эга бўлишлари керак.
- ЁШ: Энг кам ёш 16дан кам бўлмаслиги керак.
- ҚАРИНДОШЛИК АЛОҚАЛАРИ: Иш берувчи ва ишчи ўртасида ҳеч қандай қариндошлик алоқалари бўлмаслиги лозим.
Хизматчи визага ариза топшириш учун шахсан Элчихонага келиши керак. Улар Консуллик бўлимининг қабул вақтини тайинлашнинг онлайн тизими ёрдамида қабул вақтини тайинлашлари мумкин.
Уй хизматчилари қуйидаги хужжатларни тақдим этишлари лозим:
- Ўзбекистон фуқароси паспорти.
- https://ceac.state.gov/genniv ҳаволаси орқали юклаш мумкин бўлган DS-160 ариза шакли. Марҳамат, DS-160 онлайн шаклига бағишланган саҳифамизни кўринг.
- Консуллик бўлимининг талабларига (PDF 92 KB) жавоб берувчи бир дона фотосурат.
- Аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган консуллик бадали (Консуллик бўлимида аниқлаштириб олинг).
Бундан ташқари улар қуйидаги ҳужжатларни ҳам тақдим қилишлари керак:
- Иш берувчининг амалдаги паспорти ва визалар. Паспортларнинг ва визаларнинг нусхаларини ҳам тақдим қилиш мумкин; аммо, шу билан бирга, суҳбат кунида асл нусхаларни тақдим қилиш янада ишончлироқ кўринади.
- Иш берувчининг иқтисодий қодирлигига далил (банк ҳисобидан кўчирманинг асл нусхаси ва ҳ.к.), яъни иш берувчи уй хизматчиларининг ҳамроҳлигида сафар қилишга молиявий жиҳатдан қурби етишини исботлаб бериш.
- Уй хизматчиси тўғрисидаги барча маълумотлар: унинг исми-шарифи, аризачи томонидан бажариладиган иш тури, иш берувчи қўлида меҳнат қилиш муддати, ойлик иш ҳақи, сафар мақсадлари (оилага болаларни парваришлашга ёрдам бериш ва ҳ.к.) кўрсатилган, шуниндек улар – яъни, иш берувчилар – хизматчининг харажатларини кўтаришлари кўрсатилган, иш берувчиларнинг бири томонидан имзоланган хат.
- Ҳар икки тараф томонидан имзоланган ва санаси қўйилган ҳамда қуйидаги тарзда тайёрланган Меҳнат шартномасининг асли ва нусхаси (нусха келгусида фойдаланиш учун сақлаб қўйилиши керак):
A. МУДДАТ: Шартнома бир йилга тузилади ва унда мазкур шартнома уй хизматчиси фақат ўз иш берувчиси билан амалга оширадиган сафар ёки сафарлар вақтида амал қилишига ишора қилувчи банд бўлиш керак.
B. ИШ ҲАҚИ: Хизматчи ўзи ишлайдиган ҳудудда устун бўлган ойлик маошни олиши керак, шунингдек маҳаллий ишчиларга берилган имтиёзлар, масалан, ортиқча соатлар ишлаганлик учун ҳақ тўланиши, суғурта, кундалик нафақа, яшаш жойи ва озиқ-овқат таъминоти кабилардан фойдаланиши мумкин. Мазкур ҳаволада Қўшма Штатларда устун бўлган меҳнат ҳақи (АҚШ долларида) тўғрисида маълумот берилган. (Манба: АҚШ Меҳнат Департаменти).
Шартномада иш соатлари ва ортиқча ишланган соатлар учун тўланадиган ҳақ миқдори кўрсатилиши керак. Қўшма Штатлар қонунчилида қўйилган талабларга кўра ишчилар ҳафтасига белгиланган 40 соатга қўшимча равишда ишлаган ҳар соат учун одатий маошнинг камида 150% фоизини олишлари керак. Мисол учун, агар ишчига одатда соатига 6 доллар тўланса, ортиқча ишланган ҳар соати учун унга камида 9 АҚШ доллари тўланиши керак.
C. ИШДАН БЎШАТИШ: Иш берувчи шартнома тугашидан камида икки ҳафта олдин ўз хизматчисини меҳнат муддати якунланиши тўғрисида огоҳлантириши керак. Иш берувчи хизматчисидан огоҳлантириш учун икки ҳафтадан ортиқ муддатни талаб қила олмайди.
D. ФАҚАТ БИТТА ИШ БЕРУВЧИ: Уй хизматчиси фақатгина бир нафар иш берувчи қўлида ишлаши мумкин.
E. ТРАНСПОРТ, ЯШАШ ЖОЙИ ВА ОЗИҚ-ОВҚАТ: Иш берувчи ўз хизматчисига яшаш учун хона ва озиқ-овқат бериши керак, шунингдек икки тарафга авиачипта билан ҳам таъминлаши лозим. Ҳаражатларнинг ҳеч қайси бири хизматчининг маошидан ушлаб қолиниши мумкин эмас.
F. ИМЗОЛАР: Шартнома иш берувчи ва хизматчи томондан имзоланиши ҳамда санаси қўйилиши керак.
G. ТУШУНАРЛИК: Шартнома хизматчининг она тилида (рус ёки ўзбек, ва ҳ.к…) ҳамда инглиз тилида тузилган бўлиши шарт. Хизматчи шартноманинг мазмунини тушуниши ҳамда меҳнат шартларига тегишли оддий саволларга жавоб бера олиши керак.
H. ШАРТНОМАГА АМАЛ ҚИЛИНАЁТГАНИГА ИШОНЧ ҲОСИЛ ҚИЛИШ УЧУН ТАРИХНИ ЎРГАНИШ: Консуллик бўлими эркин равишда хизматчидан Қўшма Штатларга амалга оширилган аввалги сафарлар давомидаги иш шароитлари ва олинган ойлик маош ҳақида сўраши мумкин, бундан мақсад, аввалги шартномаларнинг шартларига ҳамда АҚШ меҳнат қоонунчилиги талабларига иш берувчи ва хизматчи томонидан қай даража риоя этилганлигини текшириш.
СОЛИҚЛАР: Иш берувчи ҳам, хизматчи ҳам солиқларни тўлашга мажбур бўлишлари эҳтимоли юқоридир.
- Иш берувчига ҳам, хизматчига ҳам Федерал солиқ хизматининг 926-сонли нашрини харид қилиш тавсия этилади, унда солиқлар борасидаги мажбуриятлар тўғрисида маълумотлар берилган. Хизматчининг Қўшма Штатларда оладиган маоши календар йил ичида 1400 АҚШ долларига тенг келса ёки ундан ошса, у даромадлар ҳақида солиқ декларациясини топшириши керак бўлади.
- Агар ушбу миқдорга етган бўлса, у ҳолда солиқ маошнинг 15.3%га муқобил тарзда тўланиши керак бўлади, ва мазкур солиқ иш берувчи (7.65%) ва хизматчи (7.65%) ўртасида тенг равишда бўлинади. Иш берувчи томонидан тўланиши лозим бўлган қисм ижтимоий таъминот (6,2%) ва соғлиқни сақлаш дастури (1.45%) учун кетадиган сарф-ҳаражатларни қоплашга йўналтирилади.
- Иш берувчи шунингдек ўзи яшаётган штатдаги солиққа тортиш масалаларини ўганиб чиқиши керак ва унинг талабларига риоя этиши лозим.