- Талабалик визалари
- Алмашув дастурлари
- “Ёзги таътилда иш ва саёҳат” дастури
“Ёзги таътилда иш ва саёҳат” дастурига (Summer Work and Travel program) билдирган қизиқишингиз учун ташаккур!
«Ёзги таътилда иш ва саёҳат» (ЁТИС) дастури хорижий талабаларга коллеж ёки университетдаги ёзги таътиллари давомида Қўшма Штатларда яшаш ва ишлаш имкониятини беради. Энг муҳими, мазкур алмашув дастури иштирокчиларга Америка халқи билан ўзаро алоқа қилиш ҳамда Америка маданияти билан танишиш имкониятини яратади.
ЁТИС дастури иштирокчилари:
- Фақат инглиз тилида сўзлашадиган муҳитда муваффақият қозониш учун инглиз тилида етарли даражада яхши сўзлаша олишлари;
- Қўшма Штатлар ҳудудидан ташқаридаги олий ўқув юртида бакалавр ёки магистр даражасини олиш учун, ёки аккредитация қилинган аудиторияли олий таълим муассасасида бошқа кундузги ўқиш шаклида таҳсил олишлари;
- Олий ўқув муассасасидаги ҳеч бўлмаганда бир семестрни ёки унга тенг ўқув муддатини муваффақиятли тамомлаган бўлишлари;
- Виза олиш учун суҳбатдан ўтишдан аввал тегишли ишга жойлашишлари. ЁТИС дастурининг истиқболдаги қатнашчиларига турли хил америкалик ҳомийларнинг ҳар қайсиси билан боғланиш тавсия қилинади;
- Суҳбатдан ўтишдан аввал ваколатларни тақсимлаш ва одам савдоси қурбонларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Уильям Уилберфорс Қонуни ёзилган рисолани ўқишлари ва тушуниб олишлари керак. Рисоланинг босма шаклини қуйида (PDF 70 KB) юклаб олиш мумкин. Ёки рус тилидаги онлайн шаклини ўқиш учун мазкур (PDF 242 KB) ҳаволани босинг; ва
- Дастурни тўрт ой давомида якунлаб, янги семестр бошланишига қадар қайтиб келиш имкониятига эга бўлишлари лозим. Муддатлар бўйича талаблар ҳақида қўшимча маълумот учун қуйида берилган жадвалга қаранг.
«Ёзги таътилда иш ва саёҳат» дастури тўғрисидаги энг аниқ ва батафсил маълумотни эркин равишда алмашув дастурлари бўйича давлат департаментининг веб-сайтидан олиш мумкин. У ерда Ўзбекистон учун дастур саналари, дастур талаблари, ариза топшириш қоидалари, шунингдек ўзингиз учун муваффақиятли тажрибани орттириш йўллари ҳақида маълумот олишингиз мумкин. Шуни эътиборга олишни сўраймизки, ҳар бир алоҳида иштирокчининг дастури санаси унинг университетидаги таътил санасидан аввал бошланиши ёки кейин давом этиши мумкин эмас, ушбу саналар DS-2019 шаклларида акс эттирилиши лозим. ЁТИС дастурида иштирок этиш учун бирор машғулотингизни ўтказиб юбормаслигингиз керак. Сизда тўрт ой ичида «Ёзги таътилда иш ва саёҳат» дастурини тамомлаб, янги семестр бошланишидан аввал қайтиб келиш имконияти бўлиши лозим.
ЁТИС– 2022 дастурига ҳужжат топшириш муддати:
ЁТИС дастури бўйича виза олиш учун ҳужжатлар 2022 йил, 1-март кунидан бошлаб қабул қилинади.
Жисмоний шахслар DS-160 сўровномасини тўлдириш ва онлайн тарзда суҳбатга ёзилиш орқали визага ариза топширишнинг одатий тартибида мурожаат қилишлари мумкин.
“Ёзги таътилда иш ва саёҳат” дастурида иштирок этиш учун қуйидаги ҳужжатлар талаб этилади:
- DS-160 сўровномасининг электрон шакли. Мазкур ариза мазкур манзил бўйича электрон шаклда тўлдирилиши мумкин. Виза тури алмашув дастури бўйича, яъни ИСҚ дастури учун танланади ва сизнинг визангиз тури J1 бўлади.
- Хорижга чиқиш учун ҳақиқий бўлган паспорт.
- Сўнги 6 ой ичида олинган фотосурат (фотосурат рангли, 5см х 5см ҳажмда ва оқ фонда бўлиши керак).
- Алмашув дастури бўйича виза олиш учун DS-2019 шакли. Мазкур шакл ҳомийлик қилувчи ташкилот томонидан берилади.
- Қўшма Штатларда сизга таклиф этилаётган иш ҳақида маълумот.
- SEVIS (Student and Exchange Visitor Information System – Талабалар ва алмашув дастурлари қатнашчилари тўғрисидаги маълумот тизими) тўловини тасдиқловчи I-901 ёки I-797 шакли.
- Талабалик мақомини тасдиқловчи ҳужжатлар, масалан талабалик гувоҳномаси, рейтинг дафтарчаси ва ҳ.к.
Тўловлар ва бадаллар:
- Ҳар бир ариза топширувчидан ариза топшириш учун 160 АҚШ доллари.
- “Ёзги таътилда иш ва саёҳат” дастурида иштирок этиш учун SEVIS тўлови 35 АҚШ доллари миқдорида.
ЁТИС дастурининг истиқболдаги қатнашчиларига турли хил америкалик ҳомийларнинг ҳар қайсиси билан боғланиш тавсия қилинади. ЁТИСнинг маҳаллий агентлари хусусий компаниялар бўлиб, улар ҳақ эвазига хизмат кўрсатадилар ва одатда малакали америкалик ҳомий билан боғланган бўладилар. Иштирокчилар Ўзбекистондаги турли хил ЁТИС дастури вакиллари томонидан таклиф этиладиган тўлов ва хизматларни солиштиришлари лозим.
ДИҚҚАТ: Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг Консуллик бўлими ЁТИСнинг истиқболдаги қатнашчиларига бизнинг “Ёзги таътилда иш ва саёҳат” дастурини бошқарувчи Ўзбекистондаги ҳеч бир муайян агентлик ёки ташкилотни қўллаб-қувватламаслигимизни эслатиб ўтади.
Рўйхатдан ўтган маҳаллий агентликлар
Қуйида АҚШдаги алмашув дастури ҳомийларидан DS-2019 олишга ёрдам бериши мумкин бўлган, АҚШдаги алмашув дастури ҳомийларининг Ўзбекистондаги вакил ҳамкорларининг рўйҳати келтирилган.
АҚШнинг Ўзбекистондаги миссиясининг Консуллик бўлими қуйидаги шахслар ёки фирмалар томонидан тақдим этиладиган хизматларнинг сифати ёки касбий маҳоратлари даражаси учун ҳеч қандай жавобгарлик ёки маъсулиятни ўз зиммасига олмайди. Ушбу рўйҳатга киритилиши АҚШ давлат департаменти, ёки АҚШ элчихонаси, ёки АҚШ бош консуллиги томонидан тасдиқланмаган. Агентликларнинг номи алифбо тартибида келтирилган бўлиб, бошқа аҳамият касб этмайди.
Ёзги таътилда иш ва саёҳат мавсуми учун қуйидаги ташкилотлар рўйҳатга олинган:
Exchange Uz LLC.
GLF-Global Friends.
International Exchange Center.
International Exchange Center-Uzbekistan.
J1United.
Life Adventures Consulting.
LLC Lifeway Consulting dba Global Friends.
CAEP, Center For American Exchange Programs.