214(b)- бўлим нимани англатади?
214(b) бўлим – иммиграция ва фуқаролик тўғрисидаги қонуннинг бир қисми. Бў бўлимда қуйидаги меъёрлар келтирилган.
Бошқа давлат фуқароларининг АҚШга чиқиш учун қилган мурожаатларини консул кўриб чиқиб, унда ноиммиграцион мақомда чиқиб келиш учун ҳуқуқи борлигини исботловчи етарли далилга эга бўлмагунга қадар, барча бошқа давлат фуқаролари потенциал иммигрантлар деб ҳисобланади…
АҚШ консулларининг вазифалари жуда мураккаб ҳисобланади. Консуллар қисқа вақт ичида шахс вақтинча сафар учун виза олиш-олмаслигини ҳал қилиши лозим. Кўп ҳолатларда консул қисқа суҳбатдан сўнг ва доимий яшаш жойи билан боғлаб турувчи ришталарни тасдиқловчи далилларни кўриб чиққандан сўнг ўз қарорини билдиради. Туристик ёки талабалик визаларига қилган мурожаатлари мақулланиши учун мурожаат этувчи иммиграция ва фуқаролик қонунининг 101(а)(15)(В) ва 101(а)(15)(F) бўлимида келтирилган талабларга жавоб бериши лозим. Бу талабларга жавоб бера олмаслик мурожаатнинг иммиграция ва фуқаролик қонунининг 214 (b) бўлими асосида рад этилишига олиб келади. Кўпинча бундай рад жавоби олинишига сабаб туристик ёки талабалик визага мурожаат этувчининг ўз мамлакатида ташлаб кета олмайдиган уй-жойи бўлмаслигидандир. Бундай уй-жой мавжудлигини исботлаш учун мурожаат этувчи уни АҚШдан маълум вақтдан сўнг қайтиб келишига мажбур этувчи ришталар борлигини кўрсата олиши лозим. Қонун бўйича бундай исботни кўрсата олиш вазифаси мурожаат этувчи елкасига юклатилган. Бундан ташқари, мурожаат этувчи АҚШга бўлган сафаридан мақсади самимийлигини ва у мурожаат этаётган виза турига тўғри келишини намойиш эта олиши керак.
Кучли ришталар борлигини қандай намойиш эта олиш мумкин?
Кучли ришталар қайси мамлакат, шаҳар ёки айнан мурожаат этувчи шахсга қараб ҳар хил бўлади. Ришталарга мисол қилиб иш жойини, уйни, оилани ёки банкдаги ҳисобни келтириш мумкин. Ришталар бу сизни сиз яшовчи мамлакат билан боғлаб турувчи ҳаётий унсурлардир, жумладан, мол-мулк, иш-жой, ижтимоий ва оилавий алоқалар.
Сизни ўз мамлакатингиз билан нима боғлаб туриши ҳақида ўйлаб кўринг. Консул сизнинг мурожаатингизни кўриб чиқиш давомида сизни ўз мамлакатингизни мазкур ришталар асосида ташлаб кетмаслигингизга амин бўла оладими? Агар сизда доимий иш-жой, оила, ўз номингиздаги ёки ижарадаги уй, қолаверса сизни ўз мамлакатингизга қайтиб келишга мажбур этувчи бошқа ришталар бўлса, консул қайтиб келишингизга ишонч ҳосил қилади. Ҳар бир мурожаат этувчининг ҳолати алоҳида ва бошқаларникидан фарқли ҳисобланади.
АҚШ консуллик ходимлари бу фарқни доим инобатга олади. Суҳбат давомида консуллар ҳар бир мурожаатни алоҳида кўриб чиқади ва мурожаат этувчининг касбий, ижтимоий, маданий ва бошқа жиҳатларига аҳамият беради. Кучли ришталарни барпо этишга ҳали улгурмаган ёш мурожаат этувчилар ҳолатида эса консул мурожаат этувчининг мақсадларини, унинг оилавий ҳолатини ва ўз мамлакати билан боғлиқ келажакдаги режаларини инобатга олади.
214(b)- бўлими асосидаги рад жавоб доимий рад жавоб ҳисобланадими?
Йўқ. Кейинги мурожаатингизда сизнинг АҚШдан ташқари ришталарингиз ҳақида қўшимча далиллар келтирилган бўлса, консул мурожаатингизни кўриб чиқади. Афсуски, баъзи мурожаат этувчилар неча маротаба визага мурожаат этишларидан қатъи назар уларнинг мурожаатлари шахсий, касбий ёки молиявий ҳолатларда ўзгариш бўлмагунча маъқулланмайди.
214 (b)- бўлими асосида рад жавоби олингандан сўнг, ўз мамлакати билан боғлаб турувчи ришталарни қайта кўриб чиқиш тавсия этилади. Уларни кўриб чиқиш давомида ўтган сафар консул билан бўлган суҳбат пайтида тилга олинмаган, лекин сизни ўз мамлакатингиз билан боғловчи кучли ришта ҳисобланиши мумкин бўлган ҳолатларни ёзиб чиқишингиз мумкин. Бундан ташқари, консулга топширилган ҳужжатларни ҳам қайта кўриб чиқиш тавсия этилади. 214 (b)- бўлими асосида рад жавобини олган мурожаат этувчилар ўзлари хоҳлаган пайтда қайтадан мурожаат этиш ҳуқуқига эгадирлар. Кейинги мурожаатларида улар консулга доимий яшаш жойлари билан боғлаб турувчи қўшимча ришталарни кўрсата олишлари ёки ўтган сафарги мурожаатдан сўнг ҳолатларидаги ўзгаришларни намойиш қила олишлари лозим. Визага қайта мурожаат этишдан олдин қуйидаги саволларга жавоб бера олиш маъқулроқдир. 1) Суҳбат давомида мен ўз ҳолатимни тўғри тушунтира олдимми? 2) Консул бирор нарсани эътибордан ташқарида қолдирдими? 3) Мени ўз мамлакатим билан боғлаб турувчи бошқа ришталарим ҳам мавжудми?
Нега менинг консул билан суҳбатим қисқа бўлди? Менимча консул ишимни астойдил кўриб чиқмади.
Ҳар бир визага мурожаат этувчининг иши бир-биридан фарқ қилганидек, суҳбат вақти ҳам ҳар хил бўлади. Консул суҳбат пайтида мурожаат этувчининг Ўзбекистонга бўлган ришталарини аниқлашга ёрдам берадиган саволларни беради. Бундан ташқари, консуллар АҚШ иммиграцион қонунчилиги ҳамда маҳаллий шароитга тегишли бўлган масалалар бўйича етарли маълумот ва тажрибага эгадирлар.
Нима учун суҳбат пайтида консул менинг ҳужжатларимга қарагани йўқ?
Ноиммиграцион АҚШ визасига бўлган суҳбатлар савол-жавоб асосида бўлиб ўтади. Мурожаат этувчиларнинг Ўзбекистонда мустаҳкам иқтисодий ва ижтимой ришталар мавжудлиги ҳамда уларнинг ватанларига қайтиб келишлари ҳақида маълумот берадиган ҳужжатлар бир хил ҳолатларда ёрдам беришлари мумкин. Ҳар бир мурожаат этувчининг ишида фарқ бўлганлиги сабабли, консул фақатгина фойдали деб ҳисоблаган ҳужжатларнигина кўриб чиқиши мумкин.
Менинг АҚШ визасига бўлган мурожаатим 214(b) моддага мувофиқ рад этилди. Ишимни қайтадан кўриб чиқилишини талаб қила оламанми?
Суҳбатингиз охирида сизга рад этилиш сабаблари кўрсатилган тушунтириш хати берилди. Сизнинг мурожаатингиз 214(b) моддага мувофиқ рад этилганлиги сабабли, ишингизни қайта кўриб чиқиш жараёни мавжуд эмас. Сизнинг ҳолатингизда ўзгариш бўлса, сиз қайтадан АҚШ визасига мурожаат этишингиз мумкин. Мурожаат этишдан олдин камида олти ой кутишингизни маслаҳат берамиз.
Мени ақшга таклиф қилган инсон АҚШда ноқонуний қолгани сабабли менинг визага мурожаатим маъқулланмайдими?
Консул визага мурожаатни кўриб чиқиш мобайнида оилавий иммиграция қилиш каби ҳолатларга алоҳида эътибор беради. Лекин шунга қарамай, сизнинг мурожаатингиз фақат сизнинг шахсий ҳолатингиздан келиб чиққан ҳолда кўриб чиқилди ва АҚШда сизни таклиф этган шахснинг ҳолати бунга таъсир этгани йўқ.
Менинг «Ёзги таътилда ишлаш ва дам олиш» дастури бўйича қилган мурожаатим рад этилди. Шу мавсумда мен қайтадан визага мурожаат этишим мумкинми?
Сизнинг мурожаатингиз инглиз тили билим даражангиз пастлиги сабабли 214 (b)- бўлими асосида рад этилган бўлса, шу мавсум ичида инглиз тили бўйича билим даражангиз яхшиланиш имконияти жуда паст. Ўқишингизда давом этинг ва кейинги мавсумда визага мурожаат этишга ҳаракат қилинг.
Менинг АҚШ визасига бўлган мурожаатим рад этилди. Мен пулимни қайтариб олсам бўладими?
Маъмурий тўлов қайтариб берилмайди. Ушбу тўлов визага бўлган мурожаатингизни кўриб чиқиш учун олинади. Визангиз маъқулланса ҳам, рад этилса ҳам, маъмурий тўлов қайтариб берилмайди.