Умумий маълумот
Консуллик Бўлимининг ходими виза мурожаати бўйича муносиб қарор қабул қилиши учун талаб этиладиган барча ҳужжатлар ва маълумотларни тақдим этиш мурожаат этувчининг жавобгарлигига киради. Суҳбат давомида ҳар бир мурожаат этувчи Консулга АҚШга сафари мақсадларини тушунтириб беришга ва бу сафар ҳаражатларини тўлай олишга етарли маблағи борлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этишга тайёр бўлиши керак. Мурожаат этувчилар шунингдек, Ўзбекистонда ўзларининг АҚШга сафардан кейин Ўзбекистонга қайтиб келиш ниятларини намойиш этувчи кучли ва доимий боғлиқликлари мавжудлигига Консулни ишонтиришлари керак. Ўзбекистонда сўнгги олти ой ичида истиқомат қилмаган мурожаат этувчилар ўзларининг доимий истиқомат қиладиган мамлакатларида мурожаат этишлари тавсия этилади, чунки шу мамалакатларда улар ўзларининг иқтисодий ва ижтимоий боғлиқликларининг кучлироқ эканлигини исботлашлари осонроқ бўлади.
Мурожаат этувчиларнинг ноиммиграцион виза суҳбатида шахсан қатнашишлари ҳақида
Барча мурожаат этувчилар, шу жумладан болалар ҳам, ноиммиграцион виза учун суҳбатга шахсан келишлари шарт. 16 ёшга етмаган мурожаат этувчилар ота-оналаридан бирортаси ёки расмий вакиллари билан келишлари шарт. Визага мурожаат этувчи шахс, ёшидан қатъий назар (ҳатто ёш болалар ҳам) Интернет орқали суҳбатга ёзилиш тизимидан фойдаланиб суҳбатга ёзилиши шарт.
Балоғат ёшига етмаган болаларга ҳамроҳ бўлиб кираётган катталар ўзлари визага мурожаат этмаётган бўлсалар ҳам, рўйхатга ёзилишлари талаб этилади. Ҳамроҳ бўлиб кираётган катта киши, агар ўзи ҳам визага мурожаат этаётган бўлмаса, анкета тўлдириши шарт эмас. Суҳбатга рўйхатга ёзилиш учун ушбу ҳамроҳ бўлиб кираётган катталар электрон почта орқали ConsularTashkent@state.gov манзилига хат ёзиб, унда ўзларининг тўлиқ исм-шарифлари, кимга ҳамроҳ бўлиб кираётганлари ва паспорт рақамларини юборишлари керак. Хатда, 16 ёшга етмаган мурожаат этувчининг қайси кунга суҳбатга ёзилгани аниқ кўрсатилиши керак.
16 ёшдан катта бўлган мурожаат этувчилар билан манфаатдор томонлар, жумладан, бевосита оила аъзолари, Америкалик дўстлар, адвокатлар ва бошқалар суҳбатга бирга киришлари тақиқланади.
Бармоқ изларини олиш жараёни
Суҳбатдан олдин, 14 ёшдан 79 ёшгача бўлган барча мурожаат этувчилар бармоқ изларини топшириш жараёнидан ўтишлари шарт. Бу жараён Консуллик Бўлимида суҳбатнинг бошида амалга оширилади.
АҚШ ҳудудидан ташқарида бўлган “U” тоифасидаги ноиммиграцион визага мурожаат этувчи, ҳамда унинг оила аъзоларига (14 ёшдан 79 ёшгача), Қарор Хабарномаси юборилади. Унга асосан мурожаат этувчи АҚШ Иммиграция ва Фуқаролик Хизматининг (USCIS ) яқин атрофдаги ваколатхонаси, АҚШ элчихонаси ёки консуллиги, ёки АҚШ ҳарбий базасига судлан(ма)ганликни аниқлаш мақсадида бармоқ изларини олиш учун мурожаат қилиши керак. USCIS шу маълумотларни олмасдан “U” тоифасидаги ноиммиграцион визаси учун петицияни АҚШ ҳудудидан ташқарида бўлган мурожаат этувчига маъқуллаб бера олмайди. Ўзбекистонда АҚШ Давлат Хавфсизлиги Департаментининг ваколатхонаси бўлмаганлиги сабаб АҚШ элчихонасининг Консуллик Бўлими шу хизматни кўрсатади. Биометрик маълумотларни топшириш масаласи бўйича қабулга ёзилиш учун бизлар билан боғланинг. Ушбу хизмат учун ҳеч қандай ҳақ олинмайди. Илтимос, бармоқ изларини топшириш учун келганингизда ўзингиз билан АҚШ Иммиграция ва Фуқаролик Хизматидан келган Қарор Хабарномасини, FD-528 карточкасини ва шахсингизни тасдиқловчи хужжатингизни олиб келинг. Бармоқ излари олингандан кейин Консуллик Бўлими уларни тўғридан-тўғри USCIS Вермонт шаҳридаги хизмат кўрсатиш марказига жўнатади.
Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари
Аксарият ҳолларда, Консуллик Бўлими ходимлари суҳбатнинг охирида ўз қарорларини қабул қилиб, мурожаат этувчига маълум қилишади. Агар виза маъқулланса, мурожаат этувчилар ичига виза қўйилган паспортларини кейинги иш куни соат 15:30 да олиб кетишлари мумкин бўлади. Улар ўзлари билан маъмурий тўловни тўлаганларини тасдиқловчи квитанцияларини ҳам олиб келишлари керак.
Бироқ, баъзи ҳолларда, Консуллик Бўлими ходими қўшимча ҳужжатлар ёки маълумот тақдим этишни сўраши мумкин. Бошқа ҳолларда эса, якуний қарор қабул килиш учун қўшимча маъмурий жараёнлар ўтказиш талаб этилиши мумкин. Бундай жараёнларни ўтказишга вақт керак бўлади. Шу сабабли, Консуллик Бўлими визаларга имкон даражасида вақтлирок мурожаат этишни маслаҳат беради. Шу йўл билан сафарга оз вақт қолганда ҳар қандай кечикишларнинг олдини олиш мумкин бўлади. Виза қўлингизда бўлмагунча билетлар сотиб олиш ёки уларни буюриб қўйиш мақсадга мувофиқ эмас.
Визалар ва уларга боғлиқ жараёнлар ҳақида батафсил маълумот олиш учун Консуллик Масалалари Бюросининг интернет саҳифасини кўриб чиқинг.
Визага мурожаат этиш
- Суҳбат учун талаб этиладиган ҳужжатларни тайёрланг. Ҳар хил турдаги визалар учун ҳар хил ҳужжатлар кераклигини ёдда тутинг. Ҳар бир визага мурожаат этувчи қайта мурожаат этаётганида DS-160 электрон анкетасини тўлдириши шарт.
- Ноиммиграцион визалар бўйича суҳбатга ёзилиш тизимидан фойдаланиб суҳбатингиз куни ва вақтини белгиланг. Агар сиз визангизни янгилаш ниятида бўлсангиз, сиз “сухбатсиз визага мурожаат этиш” дастури асосида мурожаат этишингиз мумкин. Бу дастур бўйича қабулга фақат душанба кунлари соат 14:00да ёзилиш мумкин. Мазкур дастур талабларига жавоб беришингизни аниқлаш учун дастур веб сахифасига кириш тавсия этилади.
- Суҳбатингиз учун тавсия этиладиган ҳужжатларни тайёрланг. Улар сизнинг ватанингизда мустаҳкам иқтисодий ва ижтимой ришталарингиз мавжудлигини аниқлашга ёрдам беради. Суҳбат пайтида, талаб қилинган ҳужжатлардан ташкари, фақатгина Консул суҳбат учун фойдали деб ҳисоблаган ҳужжатлар кўриб чиқилади.
- Суҳбатингизга вақтида келинг. Суҳбатга кечиккан ёки барча талаб этиладиган хужжатларни олиб келмаган мурожаат этувчилар суҳбатдан ўтмайдилар. Илтимос, суҳбатингизга электрон воситалар (масалан, уяли телефонлар, плеерлар, флэш дисклар) олиб келманг.
- Ҳар бир мурожаат этувчи, шу жумладан болалар ҳам, маъмурий тўловни тўлаши шарт. Бу тўлов фақатгина АҚШ элчихонаси ҳудудида, Консуллик Бўлими ғазначиси орқали яхши сақланган ва қайтим талаб қилмайдиган пул бирликлари билан тўланади. Мазкур тўлов фақат АҚШ долларида тўланиши мумкин. Мурожаат этувчилар виза мурожаатлари бўйича рад жавоби олганларида маъмурий тўловлари қайтариб берилмаслигини ёдда тутишлари керак.
- Консул билан суҳбатдан ўтинг.
Биз билан боғланинг
АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси
Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳри
Юнусобод тумани, 5-мавзе, Мойқўрғон кўчаси, 3-уй
Консуллик Бўлимининг электрон почта манзили: ConsularTashkent@state.gov
Иммиграцион визалар бўлимининг электрон почта манзили: TashkentIV@state.gov