Фотосуратларга талаблар
Сизнинг фотосуратларингиз ёки рақамли тасвирларингиз қуйидаги талабларга мос бўлиши шарт:
- Сиз иммиграцион суҳбатингизда иккита (2) бир хил фотосурат тақдим этишингиз шарт.
- Фотосуратнинг ҳар бир томони, фони билан биргаликда, 2 дюйм (тахминан 51мм) узунликда бўлиши шарт.
- Фотосурат атрофи ҳошияланмаган бўлиши ва шахс тўғрига қараб турган ҳолда тушган (анфас) бўлиши шарт. Фотосурат сўнгги олти ой мобайнида олинган бўлиши ва фотосуратлар учун махсус қоғозда чиқарилган бўлиши керак.
- Мурожаат этувчи фотоаппаратга қараб турган бўлиши, бунда кўзлари тўғрига қараётган бўлиши ва тасвирда шахснинг юзи фотосурат юзасининг камида 50 фоизини қоплаши талаб этилади.
- Мурожаат этувчининг юзи тўлиқ кўриниши керак. Бошининг тепасидан иягининг учигача ҳамда юзининг бир ёнидан иккинчисигача тўлиқ кўриниши шарт ва имкон даражасида қулоқлар кўриниб туриши афзал.
- Фотосуратлар рангли бўлиши шарт. Сурат фони оқ ёки оққа яқин рангда, ҳошияланмаган бўлиши керак.
- Фотосуратларни ҳажмига лойиқ кесилган ҳолда олиб келинг.
Сизга тавсиямиз, фотосуратингиз барча талабларга мослигига ишонч ҳосил қилиш учун, виза фотосуратларини ишлашга ихтисослашган хизматларга мурожаат қилинг.
Фотосуратларга оид тавсия, маслаҳат ва қоидалар, шунингдек, талабларга мувофиқ фотосуратлар намуналарини кўриш учун Консуллик Масалалари Бюросининг саҳифасига мурожаат қилинг.
DS-260 анкетаси
Барча иммиграцион визага мурожаат этувчилар DS-260 анкетасини топширишлари шарт. Бу талабга истисно ҳолатлар:
- Мурожаат аллақачон барча ҳужжат талабларига жавоб бериб, рўйхатга ёзилиш учун Миллий Виза Марказига (NVC) юборилган бўлса.
- Петициянинг субъектлари (бенефициарлари) аллақачон DS-230 ни топшириб бўлишган ёки 2013 йил, 1 сентябргача топшириш ҳақида йўриқномалар олган бўлишсалар.
DS-260 анкетасини Консуллик Масалалари Бюросининг Консуллик Электрон Анкеталар Маркази саҳифасида тўлдириш мумкин.
DS-260 анкетасини тўлдириш бўйича йўриқнома Консуллик Масалалари Бюросининг Интернетдаги саҳифасида мавжуд.
DS-260 ҳақида кўп сўраладиган саволларга жавобларни кўриб чиқинг.
ЭСЛАТМА: DS-260 анкетасидаги барча саволларга, шу жумладан, иш ва таълим ҳамда АҚШдаги ҳомий билан боғланиш учун маълумотлар ҳақидаги саволларга батафсил жавоб бериш шарт. Анкетани тўлиқ тўлдирмаслик виза мурожаатингизни кўриб чиқиш вақти чўзилиб кетишига олиб келиши мумкин. Агар анкетани тўлдиришда биров сизга ёрдам берган бўлса, улар сизнинг номингиздан ҳар бир саволга қандай жавоб берганликларини диққат билан кўриб чиқинг. Чунки, қонун нуқтаи назаридан, бу жавоблар учун сиз масъулсиз.
Тиббий Кўрик
Иммиграцион визага ёки қочоқ мақомига мурожаат этаётганлар АҚШга боришларига рухсат олишдан аввал АҚШдан ташқарида тиббий кўрикдан ўтишлари шарт. Тошкент Халқаро Клиникасидаги тиббий ҳайъат аъзолари Консуллик Бўлими томонидан тайинланган бўлиб, улар тиббий кўрикларни АҚШ Касалликларни Назорат Қилиш Маркази (CDC)томонидан тақдим этилган йўриқномаларга асосланиб ўтказадилар.
Тиббий кўрикка ёзилиш учун мурожаатчилар Тошкент Халқаро Клиникаси билан боғланиб, клиника ходимига ўз иш рақамларини тақдим этишга тайёр бўлишлари керак. Мурожаатчилар ўз тиббий кўрикларига иммиграцион суҳбат куни белгиланганлиги ҳақидаги хатни ва ўзларининг паспортларини олиб келишлари шарт.
Тошкент Халқаро Клиникаси
Сарикул кўчаси, 38, Тошкент, Ўзбекистон
Tелефон: (998-71) 291-0142
Харита
2007 йилда Касалликларни Назорат Қилиш Маркази сил касаллигини ташхислаш ва даволашга оид мукаммаллаштирилган меъёрларни эълон қилди. Меъёрлар, ташхис усули сифатида балғамнинг микробактериологик таҳлилининг киритилиши (мазок олишга нисбатан таъсирчанлиги кучли) ва бевосита назорат остида даволаниш услубининг қўлланилиши билан ажралиб туради.
Силга оид янги меъёрлар Ўзбекистонда 2013 йил, 1-февралда татбиқ этилди ва энг катта ўзгаришлар сирасига қуйидагилар киради:
- А тоифали сил касаллиги билан касалланган мурожаат этувчилар иммиграцион визалари учун тиббий рухсатномага эга бўлишдан аввал сил касаллигини даволашнинг тўлиқ курсини тугатишлари шарт.
- 15 ёшдан катта бўлган барча виза мурожаатчилари, шу жумладан ҳомиладор аёллардан ҳам, кўкрак қафасининг рентген тасвири талаб қилинади.
- Туберкулин тери анализи(TST) реакцияси 10 ммдан кам бўлган, бироқ сил касаллиги ёки иммунитет заифлиги белгилари ва симптомларига эга бўлган барча 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган виза мурожаатчиларидан кўкрак қафасининг рентген тасвири талаб қилинади.
- Туберкулин тери анализи(TST) реакцияси 10 ммдан кўп бўлган барча 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган виза мурожаатчиларидан кўкрак қафасининг рентген тасвири талаб қилинади.
- Кўкрак қафасининг рентген тасвири фаол сил касаллиги мавжудлигига ишора қилган ҳолларда, мурожаат этувчилар балғамнинг микробактериологик анализи ва микробактерияларнинг таъсирчанлик анализини топшириши талаб этилади.
Сил касаллигини аниқлаш кўриклари ҳақида қўшимча маълумот Касалликларни Назорат Қилиш ва Олдини Олиш Марказининг Интернет саҳифасида мавжуд (инглиз тилида).