Иммиграцион виза суҳбатига келиш

Табриклаймиз!  Сиз суҳбат ҳақида хабарномани олдингиз ва Консул билан суҳбатингиз вақти ва санасини биласиз. Иммиграцион визани олиш учун иммиграцион визага мурожаат этувчиларнинг барчаси, шу жумладан чақалоқ ва ёш болалар ҳам, суҳбатга шахсан келишлари шарт.

Сизга суҳбатингиз белгиланган вақтдан 15 дақиқа аввал келишингизни тавсия этамиз. Агар кечиксангиз, сизни АҚШ элчихонасидаги суҳбатингизга киритмасликлари мумкин.

Турли Миллатга Мансуб Иммигрантлар (Грин Кард) дастури қатнашчилари учун алоҳида эслатма: агар сиз АҚШ элчихонасидаги суҳбатингизга ўз вақтида келмасангиз, АҚШ элчихонасига киритилмаслигингиз ва суҳбатингиз бошқа кунга қайта белгиланмаслиги мумкин.

Сизни суҳбатга тайёр бўлишингизни истаймиз. Шунинг учун, қуйидагиларни талаб қиламиз:

  • DS-260 анкетаси

Ушбу анкета ҳар бир виза мурожаатчиси учун электрон равишда тўлдирилиши шарт. DS-260 анкетасидаги барча саволларга, шу жумладан, иш ва таълим ҳамда АҚШдаги ҳомий билан боғланиш учун маълумотлар ҳақидаги саволларга батафсил жавоб бериш шарт. Анкетани тўлиқ тўлдирмаслик виза мурожаатингизни кўриб чиқиш вақти чўзилиб кетишига олиб келиши мумкин. Агар анкетани тўлдиришда биров сизга ёрдам берган бўлса, улар сизнинг номингиздан ҳар бир саволга қандай жавоб берганликларини диққат билан кўриб чиқинг.  Чунки, қонун нуқтаи назаридан, бу жавоблар учун сиз масъулсиз. Эслатма: ушбу анкета К (қаллиқ) виза мурожаатчиларидан талаб этилмайди.

Ушбу анкета Консуллик Масалалари Бюросининг Консуллик Электрон Анкеталар Марказида мавжуд.  Мазкур анкетани тўлдириш йўриқномаси эса Консуллик Масалалари Бюросининг саҳифасида келтирилган. Қўшимча равишда, DS-260 анкетаси ҳақида кўп сўраладиган саволларни ҳам кўриб чиқишингиз мумкин.

  • Паспорт

Барча иммиграцион виза мурожаатчилари суҳбатларига  ўз паспортлари билан келишлари шарт.  Акс ҳолда, улар АҚШ Элчихонасига киритилмайдилар. Суҳбатингиз ўтаётган кунда паспортингизнинг амал қилиш муддати камида саккиз ой бўлиши шарт. Виза расмийлаштиришнинг кечикмаслиги ёки мамлакатдан чиқиб кетишда муаммолар вужудга келмаслиги учун паспортлар яхши сақланган ва сезиларли даражада зарар етказилмаган бўлиши керак. Ҳар бир мурожаатчи паспортнинг асли ва унинг расмли бетининг нусхасини тақдим этиши шарт. Гарчи визани олиш учун талаб этилмасада, чиқиш рухсатномаси (ОВИР)ни суҳбатингиздан аввал олишни тавсия этамиз.

  • Сизнинг петиционерингиз

Агар иммиграцион визангизни расмийлаштирувчи петиционер, масалан турмуш ўртоғингиз, онангиз, отангиз, ака-ука/опа-сингил ёки фарзандингиз, ҳозирги вақтда Ўзбекистонда бўлса, уларни ўзингиз билан суҳбатга олиб келинг. Уларнинг суҳбатингизда қатнашиши талаб этилмасада, консул сизнинг петиционер билан муносабатингиз ҳақиқийлигига ишонч ҳосил қилиши керак. Петиционер сиз билан суҳбатга бирга келганда, муносабатлар ҳақиқийлигини тасдиқлаш деярли доим осонроқ кечади. Ўгай фарзандлар мурожаатларида биз доим туғишган ота ёки она билан петиционер ўртасидаги муносабат ҳақиқийлигини текширишга мажбурмиз. Шу сабабли, бу ишларда петиционернинг келиши – ўта фойдали.

Биз петиционернинг суҳбатга келиши билан боғлиқ масофа ва ҳаражат муаммоларини тушунамиз.  Шунинг учун ҳам, уларнинг келиши талаб этилмайди. Бироқ, петиционерлар келган тақдирларида иммиграцион визага мурожаатингизнинг кўриб чиқилиши тезлашиши мумкин.

Суҳбатга ёзилиш учун петиционер бизнинг Консуллик Бўлимимизга электрон равишда хат юбориши керак. Йўриқнома учун Биз Билан Боғланинг саҳифасига мурожаат этинг.

Петиционер ва виза мурожаатчиси ўртасидаги муносабатлар ота-она-фарзанд ёки фарзанд-ота-она ишлари бўлса, у ҳолда биз петицонер ва виза мурожаатчисидан уларнинг ўрталаридаги оилавий риштанинг ҳақиқий эканлигини кўрсатувчи тўғилганлик ҳақида гувоҳноманинг асл нусхасини талаб этамиз.  Петиционер ва виза мурожаатчиси ўртасидаги муносабатлар турмуш асосида бўлса, улардан никоҳ тузилганлик ҳақида гувоҳноманинг асл нусхасини талаб этилади.  Петиционер ва виза мурожаатчиси ўртасидаги муносабатлар асраб олиш асосида қурилган бўлса, петиционер ва биологик ота/онанинг никоҳ тузилганлик ҳақида гувоҳномаси, шунингдек, петицонер ва  биологик  ота/онанинг аввалги турмушларидан ажрашганлик ҳақида гувоҳнома ёки суд қарорлари талаб этилади.

  • Суҳбатга ҳамроҳлик қилувчи шахс

16 ёшдан кичик бўлган виза мурожаатчилари суҳбатга уларни ҳамроҳлик қилувчи шахс билан биргаликда келишлари талаб этилади ва петиционер томонидан нотариал тасдиқланган розилик хатини тақдим этишлари керак. Ҳамроҳлик қилувчининг маълумотлари виза мурожаатчисининг паспортидаги ОВИР рухсатномасида акс эттирилган бўлса, у холда розилик хати талаб этилмайди.

Ҳамроҳлик қилувчиларни суҳбатга ёзиш учун петиционерлар Консуллик Бўлими билан электрон хат оркали боғланишлари шарт. Йўриқнома учун Биз Билан Боғланинг саҳифасига мурожаат этинг.

DS-260  анкетаси

Ушбу анкета ҳар бир виза мурожаатчиси учун қуйидаги веб-саҳифа https://ceac.state.gov/iv/ да электрон равишда тўлдирилиши шарт.

Эслатма: ушбу анкета К (қаллиқ) виза мурожаатчиларидан талаб этилмайди.

Паспорт

Паспортлар чет элга чиқиш рухсатномасига эга бўлиши ва паспортнинг амал қилиш муддати иммиграцион визангизнинг амал қилиш муддатидан камида 60 кунга ортиқ бўлиши шарт. Иммиграцион визалар одатда олти ой амал қилиш муддатига эга бўлади. Ҳар бир мурожаатчи паспортнинг асли ва унинг расмли бетининг нусхасини тақдим этиши шарт.

Фотосурат

Ҳар бир мурожаатчи учун икки дона фотосурат 5см x 5см ҳажмда, оқ фонда бўлиши лозим. Бирор усул билан ўзгартирилган ёки тузатилган фотосуратлар қабул қилинмайди.

Туғилганлик ҳақида гувоҳнома

Ҳар бир мурожаатчи учун туғилганлик ҳақида гувоҳноманинг асли, нусхаси ва бириктирилган таржимаси билан тақдим қилиниши керак. Агар мурожаатчида авваллари исм ёки шариф ўзгартирилган бўлса, мурожаатчи суд ёки Фуқаролик ҳолати Далолатномаларини Ёзиш (ФҲДЁ) органи томонидан берилган, исм ёки шариф ўзгартирилганлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат тақдим қилиши лозим. Исм ёки шарифлари ФҳДЁ орқали ўзгартирилган мурожаатчилар Далолатнома Ёзувидан Кўчирма тақдим қилишлари шарт. Агар петиционер сизнинг ота-онангиз ёки фарзандингиз бўлса, қариндошлик ришталарини тасдиқловчи ҳужжат, яъни туғилганлик ҳақида гувоҳноманинг асл нусхаси талаб этилади.

Никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳнома

Никоҳ тузилганлиги ҳақида гувоҳноманинг асли, нусхаси ва бириктирилган таржимаси билан тақдим қилиниши керак.

Ажрашганлик/Вафот этганлиги ҳақида гувоҳнома

Ажрашганлик ёки Вафот этганлиги ҳақида гувоҳнома мурожаатчининг ҳар бир олдинги турмушидан Фуқаролик Ҳолати Далолатномаларини Ёзиш (ФҲДЁ) органи томонидан берилган ёки суднинг никоҳ бекор қилинганлик тўғрисидаги қарори асли, нусхаси ва бириктирилган таржимаси билан тақдим қилиниши керак.

Ҳарбий хизмат тўғрисидаги қайднома ёки ҳарбий хизмат гувоҳномаси

Ҳарбий хизмат гувоҳномаси асли, нусхаси ва бириктирилган таржимаси билан тақдим қилиниши керак.16 ёшдан катта бўлган шахслар ҳарбий хизмат гувоҳномасини тақдим қилишдан озод этиладилар, агар ким: (1) мажбурий ҳарбий хизматни ўтамаган ёки сафарбарлик чақирув резерви (СЧР) йиғимида қатнашмаган; (2) ҳарбий тайёргарлик курсини тугалламаган, қайсики олий ўқув юртларида академик ўқув режасининг бир қисми ҳисобланиб, ёки; (3) айни пайтда олий ўқув юртларида тўлиқ таълим олаётган. Аммо бундай шахслар чақирув участкасида қайд этиш гувоҳномасининг асли, нусхаси ва бириктирилган таржимасини тақдим қилишлари талаб этилади.

Судланмаганлик ёки жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳақида маълумотнома

Судланмаганлик ёки жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳақидаги маълумотнома, шахс 16 ёшга тўлгандан кейинги, ҳар бир 1 йилдан кўпроқ яшаган жойидан, бунга ўталган ҳарбий хизмат даври ҳам киради, нусхаси ва бириктирилган таржимаси билан тақдим қилиниши керак. Масалан, Совет Армияси сафида  Ўзбекистон Республикасидан ташқарида, Россия, Германия, Украина ва бошқа давлатларда хизмат қилган шахслар ўша давлатдан судланмаганлик ёки жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳақидаги маълумотномани тақдим қилишлари шарт. Учинчи давлатдан судланмаганлик ёки жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳақидаги маълумотномага мурожаат этиш жараёни тўғрисидаги қўшимча маълумотлар учун, Сиз Консуллик Масалалари Бюроси саҳифасига мурожаат қилиб ва саҳифада келтирилган давлатлар рўйхатидан керакли давлатни танлаб, шу давлат ҳужжатлари ҳақидаги маълумот билан танишиб чиқишингиз мумкин.

Ўзбекистондан судланмаганлик ёки жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳақидаги маълумотномани олиш учун, мурожаатчилар Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигининг Республика ёки Вилоят Маълумот Марказиларига мурожаат этишлари керак. Республика Маълумот Маркази Ўзбекистон Республикаси, Тошкент шаҳар, Юнус Ражабий кўчаси, 1 уй манзили бўйича жойлашган.

Ўзбекистон ҳудудида ҳибсга олинган ёки жиноий жазога ҳукм қилинган шахслар, виза жараёнида кечикишларнинг олдини олиш учун, жиноий ишлари батафсил кўрсатилган жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳақидаги маълумотномани ва унга таалуқли бўлган судга оид ҳужжатларни олишлари шарт. Бу маълумотнома ҳатто мурожаатчи ҳукумат органлари томонидан жавобгарликдан озод қилинган, судланганлиги олиб ташланган ёки амнистия акти асосида жавобгарликдан озод қилинган бўлса ҳам талаб этилади.

Ўзбекистон Республикасидан ташқарида истиқомат қилувчи мурожаатчилар Ўзбекистондан судланмаганлик ёки жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳақидаги маълумотномани олиш учун улар вақтинчалик истиқомат қилаётган давлатдаги Ўзбекистон Республикаси дипломатик ваколатхонасига мурожаат этишлари мумкин. Ўзбекистонда вақтинчалик истиқомат қилаётган чет эл фуқаролари Ўзбекистондан судланмаганлик ёки жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳақидаги маълумотномани олиш учун Ўзбекистон Ички Ишлар Вазирлигига ўзларининг мамлакатларининг дипломатик ваколатхоналари орқали мурожаат этишлари лозим.

Маълумотномада 16 ёшга тўлгандан кейинги барча қўлланилган исм-шарифлар (қизлик фамилия ҳам) кўрсатилиши ва бу маълумотнома охирги 6 ой мобайнида берилган бўлиши шарт.

ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ ЧЕТ ДАВЛАТЛАРДА ЎТАГАН ШАХСЛАРГА МУҲИМ МАЪЛУМОТ! Мудофаа Вазирлигининг чет давлатда ўталган ҳарбий хизмат мобайнидаги судланмаганлик ёки жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳакидаги маълумотномаси, у давлатнинг  судланмаганлик ёки жиноий жавобгарликка тортилганлик ҳақидаги маълумотномаси ўрнини ўтамайди.

Тиббий Текширув

Мурожаатчилар Элчихона тайинлаган Тошкент Халқаро Клиникаси (TIC)да тиббий текширувдан ўтишлари талаб этилади. Шунингдек, мурожаатчилар  тиббий текширув пайтида ўз эмлаш варақаларидан кўчирма тақдим этишлари шарт. TIC тиббий кўрик натижаларини АҚШ Элчихонасига жўнатади.

Молиявий Ҳужжатлар

Агар петиционер молиявий ҳужжатларни Миллий Виза Маркази (NVC)га топширмаган бўлса, у ҳолда суҳбат куни петиционер томонидан имзоланган I-864 ва I-864A ёки I-864EZ кўмак тасдиғи (Affidavit of Support) ни, унга бириктирилган ҳолда охирги йил учун Солиқ Хизматидан солиқ топширилганлиги тўғрисида кўчирманинг нусхаси (IRS Transcripts) ва иш берувчидан хат тақдим этиши шарт.

Маъмурий виза тўлови

Миллий Виза Марказига (NVC) маъмурий тўлов тўланмаган бўлса, ҳар бир виза мурожаатчиси суҳбат куни маъмурий тўловни амалга ошириши шарт. Мазкур тўлов фақатгина суҳбат куни АҚШ долларида ва АҚШ элчихонаси ҳудудининг Консуллик Бўлими ғазначисига тўланади. Виза тўловлари ҳақида батафсил маълумот учун, илтимос, бизнинг Иммиграцион Визалар учун Маъмурий Тўловлар бўлимига мурожаат этинг.

Визанинг амал қилиш муддати

Иммиграцион виза одатда олти ой муддатга амал қилади. Бироқ, барча виза категорияларининг амал қилиш муддати тиббий кўрик натижасининг амал қилиш муддати билан чекланади.

Қаллиқ Визалари учун талаб этиладиган қўшимча ҳужжатлар (K1/K2/K3/K4):

DS-160 анкетаси

Ушбу анкета ҳар бир К (қаллиқ) визасига мурожаат этаётган шахслардан қуйидаги веб-саҳифаси https://ceac.state.gov/GenNIV/Default.aspx да электрон равишда тўлдирилган ҳолда талаб этилади. Суҳбат кунига DS-160 анкетасининг тасдиқ варағини олиб келишингиз шарт.

Молиявий ҳужжатлар

I-134 талаб этиладиган ҳужжат ҳисобланмайди, лекин суҳбат куни Консул ушбу ҳужжатни талаб этиши мумкин. Консулнинг фикри бўйича виза мурожаатчисининг АҚШда давлат қарамоғига тушиш эҳтимоли йўқлигини кўрсатиб берувчи молиявий ҳужжатларни тақдим этишингизни сўраймиз. Ушбу ҳужжатлардан петиционернинг охирги йил учун Солиқ Хизматидан солиқ топширилганлиги тўғрисида кўчирманинг нусхаси (IRS Transcripts) ни тақдим этилиши керак.

IR5 (АҚШ Фуқаросининг ота-онаси) ва F4 (АҚШ Фуқаросининг ака-сингиллари) виза мурожаатчилари учун талаб қилинадиган қўшимча ҳужжатлар:

АҚШ фуқаросининг тўғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси

Мазкур ҳужжатда ота-онанинг исм-шарфи кўрсатилиши шарт. Суҳбат куни мурожаатчи ушбу гувоҳноманинг асли, нусхаси ва унга бириктирилган таржимасини олиб келиши шарт.

Е (иш асосидаги) виза мурожаатчилари учун талаб қилинадиган қўшимча ҳужжатлар:

Виза талабларига жавоб беришингизни кўрсатиб берувчи ишга тааллуқли ҳужжатлар.

Оилавий бирлашув асосидаги мурожаатчилар учун талаб этиладиган қўшимча ҳужжатлар:

АҚШда асосий мурожаатчининг мақоми ўзгарганлиги ҳақида далилий ҳужжатлар (I-551 формасининг нусхаси ва/ёки асосий мурожаатчининг қонуний мақоми ҳақида маълумот берувчи АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизмати (USCIS) томонидан берилган ҳужжатлар).

Қўшимча далилий ҳужжатлар:

Суҳбат пайтида Консул петиционер ва виза мурожаатчисининг ўртасидаги қариндошлик ришталарини аниқлаш учун ёрдам берадиган, ёки мурожаатчининг виза олиш талабларига жавоб беришини кўрсатиб берувчи қўшимча маълумотларни талаб қилиши мумкин. Ушбу маълумотларга расмлар, хатлар, телефон суҳбатлари ва шу каби маълумотлар киради.