Иммиграцион виза жараёни

Иммиграцион виза нима?

Иммиграцион виза АҚШ консули томонидан бериладиган ва сизга Америка Қўшма Штатларига етиб бориб, доимий қонуний резидент (LPR – Legal Permanent Resident) сифатида мамлакат ҳудудига киришга мурожаат этишга имкон берадиган ҳужжатдир. АҚШ Давлат Хавфсизлиги Департаментига қарашли АҚШ Божхона ва Чегарани Қўриқлаш Хизматининг иммиграция инспектори сизни доимий қонуний резидент сифатида киришингиз мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида якуний қарор қабул қилади. Доимий қонуний резидент сифатида қабул қилинганингиздан сўнг, сизга АҚШ ҳудудида доимий яшаш ва ишлаш ҳуқуқи берилади. АҚШ Давлат Хавфсизлиги Департаментига қарашли АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизмати АҚШга кирганингизнинг биринчи уч ойи мобайнида сизнинг доимий қонуний резидентлик карточкангизни (кўпинча “грин кард” деб аталади) почта орқали АҚШдаги янги манзилингизга юборади.

АҚШ иммиграцион визасини олишнинг асосий йўналишлари қайсилар?

Иммиграцион виза олишнинг асосий уч усули мавжуд:

  1. АҚШ фуқароси ёки доимий қонуний резиденти билан оилавий муносабат орқали: Оилавий муносабатга асосланган иммиграцион виза олишда биринчи босқич – қариндошингиз (петиционер) томонидан АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизматида I-130 Шакли (Чет эл фуқароси бўлган қариндош учун петиция) расмийлаштирилиши. Қариндошингиз одатда петицияни почта орқали АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизматининг ўз яшаш жойида ваколатга эга бўлган Хизмат Марказига топшириши керак. Қариндошингиз петицияни топширгач, сиз унинг мақомини АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизматининг Иш Мақомини Қидириш Саҳифасида текшириб туришингиз мумкин.
  2. Турли Миллатга Мансуб Иммигрантлар дастури (Грин Кард Лотереяси) орқали: Ўзбекистондаги мурожаат этувчиларнинг аксарияти иммиграцион визаларини шу дастур орқали олишади. Турли Миллатга Мансуб Иммигрантлар дастури бўйича кўпроқ маълумот учун бизнинг веб-саҳифамизни кўриб чиқинг.
  3. Иш орқали: Сиз нафақат қариндошингиз орқали, балки иш орқали иммиграцион виза олишингиз ҳам мумкин.  Иш орқали иммиграцион виза олиш ҳақида қўшимча маълумот АҚШ Фуқаролик ва Иммиграция Хизматининг Интернет саҳифасида мавжуд.