АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилаётган “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури “PartnersGlobal” билан ҳамкорликда “Самарали бошқарув ва фуқаролар иштироки” мавзусидаги бир ҳафталик виртуал алмашинувни ташкилэтди. Мазкур тадбирда Ўзбекистон ва АҚШдан жамоатчилик кенгашлари, ҳукумат администрацияси, парламент ва фуқаролик жамияти ташкилотлари аъзолари иштирок этдилар.
Виртуал алмашинув орқали иштирокчилар шаҳар кенгашлари, давлат ҳокимияти органлари ва фуқаролик жамияти ташкилотлари фаолияти, шужумладан давлат бошқарувининг услубий тамойиллари ва шаҳар кенгаши аъзоларининг касбий маҳорати билан танишади. Шунингдек, улар самарали ва инклюзив давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалда қўллаш бўйича энг яхши тажрибалар ҳамда сабоқлар, қарорлар қабул қилишда жамоатчилик иштироки учун кенг қамровли ёндашувлар ва воситалар ҳақида маълумотга эга бўлади.
Сўнгра Ўзбекистон ва Марказий Осиёдан бўлган қатнашчилар ўз жамоаларида фуқаролик фаоллигини ошириш бўйича ўрганган илғор тажрибаларини қўллашлари мумкин.
“Биз АҚШдаги ҳамкасбларимиз тажрибаларини ўрганишдан ва Марказий Осиёдаги ҳамкасбларимиз билан фикрларимизни баҳам кўришдан мамнунмиз. Ушбу виртуал алмашинув фуқаролик жамияти томонидан сиёсатни ишлаб чиқиш ва қарор қабул қилишда жамоатчилик иштирокига ижобий таъсирини кучайтиради, деган умиддамиз”,- деди “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури раҳбари Кайша Атаханова тадбир ҳақида.
USAID томонидан молиялаштирилаётган “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури Марказий Осиёдаги фуқаролик жамияти ташкилотларининг маҳаллий ва миллий ҳукуматлар билан алоқаларини мустаҳкамлашга, ижобий сиёсий ўзгаришларга ва барча минтақалардаги фуқаролар ҳаётини янада яхшилашга хизмат қилади. 4,9 миллион долларлик дастур “АРГО” фуқаролик жамиятини ривожлантириш ассоциацияси томонидан Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон республикаларида амалга оширилмоқда.