Ўзбекистон Республикаси Олий суди шаффофликни ошириш чораларини кўрмоқда

25 Сентябрь 2018 йил, Тошкент, Ўзбекистон – Ўзбекистон Республикаси Олий суди Америка Қўшма Штатлари ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури кўмагида ажралиш, алиментлар ва бизнесни юритиш бўйича юридик хизматлар учун универсал портал, яъни янги интерактив вебсайтни ишга туширди. АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Памела Спратлен шу мавзуга қаратилган тадбирни очиб берди.

Тадбирда сўзга чиққан элчи хоним «Шаффофлик ва фуқароларнинг Ўзбекистон суд тизимига киришини таъминлаш жавобгарликни ошириш, коррупцияга қарши курашиш, суд мустақиллигини таъминлаш ва давлат органларига жамоатчилик ишончини оширишга ёрдам беради»,-дея таъкидлади.

Суд вебсайти E-SUD (электрон суд) ишларини бошқариш ва E-XSUD ҳужжат алмашиш тизимлари билан боғланган бўлиб, бугунги кунда Ўзбекистон фуқароларига ҳуқуқий ҳужжатларни электрон шаклда тақдим этиш имкониятини беради. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги ва БМТ Тараққиёт дастури орқали АҚШ қўллаб қувватлаган ушбу тизим суд тизимида ошкоралик ва мустақилликни ошириб, судга ташрифлар сонини камайтирди, суд ходимларининг вақтини тежади ва ҳужжатлар ҳажмини камайтирди.

Янги вебсайт фойдаланувчилари тасвирга олинган суд жараёнларини томоша қилишлари ва Ўзбекистон судларининг интерактив харитаси хамда боғланиш учун маълумотномадан фойдаланишлари мумкин. Бундан ташқари, сайтда аввалги суд ишлари бўйича қидирув банки, суд мажлисларининг куни, вақти, жойи ва бошқа маълумотларни ўзида жамлаган тақвим, шунингдек, даъволар ва суд аризалари намуналари ва фойдаланувчиларга ўз харажатларини ҳисоблаш имкониятини берадиган давлат божи ҳисоблагичи мавжуд. Юридик хизматлар портали вазифасини бажариш билан бир қаторда, вебсайт, шунингдек, 12 узоқ масофадаги пилот ҳудудларида жойлашган судлардаги суд жараёнларини тўғридан-тўғри намойиш этишни бошлайди ва бу хизматни қўшимча судларда тадбиқ этиш режалаштирилган.

USAID Ўзбекистоннинг фуқаровий суд тизимидан жамоатчиликнинг фойдаланиш ҳуқуқи ва ишончини мустаҳкамлаш мақсадида 2014 йилдан бошлаб БМТнинг Тараққиёт дастури ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан “Қонун устуворлиги” лойиҳаси орқали ҳамкорлик қилиб келмоқда.