Ўзбекистон тарихи давлат музейида семинар ўтказилди

Чикаго университети қошидаги Шарқшунослик институти Ўзбекистон тарихи давлат музейида Марказий Осиёдаги бешта мамлакат артефакт консерваторлари учун семинар ўтказди 

5-15 сентябрь кунлари АҚШ ҳукумати “Маданий таълим бўйича Марказий Осиё ҳамкорлиги C5” доирасида Тошкентдаги Ўзбекистон тарихи давлат музейида артефактларни (музей экспонатлари) сақлашга бағишланган семинарни қўллаб-қувватлади. Маданий меросни асраб-авайлаш маркази директори Жил Штайн ҳамда Чикаго университети қошидаги Шарқшунослик институти ўқитувчилари Фабио Коломбо, Сюзанна Гензике ва Элисон Уайт ўтказган семинарда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон миллий музейларидан келган саккиз нафар, Ўзбекистонинг турли музейларида фаолият юритаётган 12 нафар консерватор (маданий меросни асрашга масъул ходимлар) иштирок этди.

15 сентябрь куни АҚШ элчихонаси муваққат ишлар вакили Пол Политес ушбу семинарнинг ёпилиш маросимида қатнашиб, иштирокчиларга сертификатлар топширди. “Мен Марказий Осиёнинг бешта мамлакатидаги давлат музейлари консерваторларини илк бор бир жойга тўплаб, улар учун машғулот ўтказиш имконига эга бўлганимиздан ниҳоятда мамнунман. Умид қиламанки, ушбу дастур маданий меросни бошқариш бўйича ўзаро ҳамкорлик учун минтақадаги барча мамлакатлар миллий музейларини расмий бир тармоққа боғловчи восита бўлиб хизмат қилади,”- деди у.

Маълумки, минтақа мамлакатлари чуқур умумий тарих ва меросга эга. Шу нуқтаи назардан, семинар иштирокчилари ўз музейларидаги экспонатларни асраб-авайлашдаги ўхшаш муаммоларни енгиб ўтиш йўлларини ўрганишди ҳамда ўз тажрибаларини бошқа ҳамкасблари билан ўртоқлашишди. Семинар давомида америкалик экспертлар артефактлар ва уларнинг таркибий қисмларини сақлаш бўйича халқаро миқёсда тан олинган андоза ва амалиётларга алоҳида эътибор қаратдилар.

1919 йили ташкил этилган Чикаго университети қошидаги Шарқшунослик институти 2018 йилдан буён Ўзбекистонда икки ҳафталик ўқув семинарлари ўтказиб келмоқда. Институт Марказий Осиёдаги давлат музейлари мутахассислари ўртасидаги алоқалар ва ҳамкорликни ривожлантирмоқда ҳамда бу борада келгуси ташаббусларни қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.