Ўзбекистон рейтинги Давлат департаментининг одам савдосига оид 2021 йилдаги ҳисоботида юқорилади

2 июль 2021 йил – Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистоннинг рейтинги Одам савдоси бўйича йиллик ҳисоботнинг 2-гуруҳ махсус кузатув рўйхатидан 2-кузатув рўйхатига кўтарилишини олқишлайди. Одам савдоси бўйича бу йилги ҳисоботда Ўзбекистон ҳукуматининг пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатнинг олдини олиш, мажбурий меҳнатга қарши қонунлар бузилишини аниқлаш ҳамда қонунбузарларни жавобгарликка тортишга оид саъй-ҳаракатлари эътироф этилган. 2020 йилда меҳнатни назорат қилиш, ҳуқуқни муҳофаза этиш ва фаолияти одам савдосига йўналтирилган фуқаролик жамияти институтлари кучайтирилди. Шунингдек, фуқаролар ҳам мажбурлашга қарши туриш ва турли ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар бериш ҳуқуқларидан тобора бохабар бўлиб бормоқда. Шу каби муҳим янгиликлар Давлат департаментининг Ўзбекистон рейтингини кўтариш тўғрисидаги қарорига асос бўлди.

Америка Қўшма Штатлари меҳнат қонунчилигини бузганлик учун жиноий жавобгарликка тортиш Ўзбекистоннинг халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминлаш, жумладан, мажбурий меҳнатга оид барча ҳолатларга жиноят сифатида қараш орқали Ўзбекистонни ушбу соҳадаги муҳим ўсишни давом эттиришга ундайди. АҚШ бундан кейин ҳам Ўзбекистон ҳукуматини эксплуатация қилинишнинг олдини олиш мақсадида пахта кластерлари ва фермерлар ўртасида тузиладиган шартномалар шаффофлигини оширишга ҳамда мустақил меҳнат жамоалари ва жамоавий битимлар бўйича музокаралар олиб борувчи ташкилотлар шаклланишини ҳимоя қилиш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга руҳлантиради. Америка Қўшма Штатлари мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва одам савдосига қарши курашда Ўзбекистон ҳукуматининг содиқ ҳамкори бўлиб қолади.

# # #

Ҳисоботни тўлиқ ҳолда ўқиш учун мана бу ерни босинг: https://uz.usembassy.gov/2021-trafficking-in-persons-report-uzbekistan/