Ўзбeкистон Халқ таълими вазирлиги USAID билан ҳамкорликда дарсликларнинг ҳажм ва тартибини қайта кўриб чиқади

2021-йил 18-март, Тошкент, Ўзбекистон

Халқ таълими вазирлиги АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) билан ҳамкорликда Ўзбекистон мактаблари учун дарсликларнинг ҳажм ва тартибини белгиловчи ҳужжатларни ишлаб чиқмоқда. Стандартларга асосланган барча синфлар кесимида тайёрланадиган мазкур ҳужжатлар батафсил йўл хариталари бўлиб, ўқувчилар учун дарсликда ва ўқитувчилар учун тегишли қўлланмаларда дарсдан дарсга нима ўтилиши кераклигини аниқ белгилайди.

Бундай батафсил ҳужжатлар Ўзбекистонда илк маротаба ишлаб чиқилмоқда. Улар туфайли халқаро стандартларга мос дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмаларни тизимли ва босқичма-босқич тайёрлаш имкони яратилади. Сифатли ўқув материаллари ўқувчиларнинг танқидий фикрлаши, муаммоларни ҳал қилиш кўникмаларини ва амалий кўникмаларни ривожлантиришга хизмат қилади.

16-18-март кунлари Ўзбекистон ва АҚШ таълим соҳасининг 80 дан ортиқ мутахассислари Халқ таълими вазирлиги ва USAIDнинг “Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури” билан ҳамкорликда ўтказилган дарсликларнинг ҳажм ва тартибини тақриз қилиш бўйича семинарда иштирок этди. Семинар мақсади вазирлик ходимларини она тили ва математика фанларидан (1-4-синфлар учун) ҳамда информатика ва ахборот технологиялари фанидан (5-11-синфлар учун) дарсликларнинг ҳажм ва тартиби лойиҳаси билан таништириш ва тақриз қилишга тайёрлашдан иборат эди. Чет тили сифатидаги инглиз тили учун ҳажм ва тартиб ҳужжатлари 2022-йилда ишлаб чиқилиши кутилмоқда.

«Илгари биз ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш жараёнида батафсил ҳажм ва тартиб ҳужжатига эга эмас эдик. Бу борада, «Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури” Республика таълим маркази билан ўзаро ҳамкорликда маҳаллий мутахассисларимизга ушбу турдаги ўқув-меъёрий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва таҳлил қилиш бўйича ўз имкониятларини оширишга ёрдам беради», – деди Шуҳрат Сатторов, Республика таълим маркази директори.

Халқ таълими вазирлиги умумий ўрта таълим босқичини тизимли ва комплекс ислоҳ қилишнинг улкан дастурини амалга оширишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. USAID вазирликни ислоҳотларни амалга оширишда қўллаб-қувватлаш учун 2019 йилнинг декабр ойида тўрт йиллик “Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури” нинг ижросини бошлади. Дастур АҚШнинг RTI International ва унинг ҳамкорлари бўлган Флорида давлат университети ва Миссиссиппи давлат университети томонидан амалга оширилади.

Дастур ҳақида қўшимча маълумот учун қуйидаги ҳаволаларга ўтинг:
https://t.me/UzbekistanEducationforExcellence
https://www.usaid.gov/uzbekistan/fact-sheets/education-excellence

ёки биз билан боғланинг:

Ойбек Курбанов – Бош директор муовини
Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури
Телефон: 998-972-247-904
Email: okurbanov@ueep.rti.org

###

USAID Ўзбекистон Ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификасия қилиш ва минтақавий савдони кўпайтириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, шу жумладан, COVID-19ни бартараф этиш ҳамда ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш борасида салоҳиятини ошириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади. Қўшимча маълумот олиш учун https://www.usaid.gov/uzbekistan ҳаволасига ўтинг.