2021 йил 16 июнь. Бугун Ўзбекистон ҳукумати Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) қошида янги бўлинма – Жамоат саломатлигини сақлашдаги фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб қайтариш марказини (ЖССФВТЖҚМ) расман ишга туширди. ЖССФВТЖҚМ АҚШ Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш марказлари (КНООМ) кўмаги билан тузилган бўлиб, бу марказлар иккита халқаро ҳамкор ташкилот – Соғлиқни сақлаш соҳасида глобал интеграллашув корхонаси (ССГИК) ҳамда Илмий-тадқиқот ва тажриба-конструкторлик ишланмаларини қўллаб-қувватлаш фуқаролик жамғармаси (ИТТКИҚФЖ) – воситасида иш юритади.
ЖССФВТЖҚМнинг мақсади ССВнинг жамоат саломатлигини сақлашдаги хавф-хатарлар ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, аниқлаш ва тезкор жавоб қайтариш салоҳиятини мустаҳкамлашдан иборат. Шунингдек, янги бўлинма ССВ ва бошқа ҳукумат идораларига жамоат саломатлигини сақлашдаги фавқулодда вазиятлар пайтида бошқа ҳамкор ташкилотлар билан алоқа олиб бориш, ахборот бошқаруви, сафарбарлик, мувофиқлаштириш ва ҳамкорлик олиб боришда ёрдам беради.
16 июнда бўлиб ўтган расмий маросимда АҚШ элчиси Дэниэл Розенблюм янги бўлинмага ташриф буюрди.
«Жамоат саломатлигини сақлашдаги фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб қайтариш марказининг тузилиши – бу катта аҳамиятга эга ютуқ бўлиб, у Ўзбекистоннинг ўз фуқаролари соғлиги ва ҳаётини муҳофаза қилиш ғоясига содиқ эканлигининг яққол исботидир. Марказ ишга туширилишини қўллаб-қувватлаш ҳамда ушбу мамлакатга жамоа саломатлигини сақлашдаги кескин вазиятларга жавоб қайтариш ва уларга қарши курашишга тайёргарлик кўришдаги самарадорлигини янада оширишда ёрдам бериш биз учун шарафдир»,- деди элчи Розенблюм.
КНООМ ва Ўзбекистоннинг Санитария-эпидемиологик осойишталик хизмати томонидан ЖССФВТЖҚМни тузиш ишлари 2020 йилда бошланган эди. Шу орада экспертлар жамоаси миллий қонунчилик базаси ишлаб чиқди, ЖССФВТЖҚМ доирасида кўп томонлама ҳамкорлик олиб бориш йўл харитаси яратилди ҳамда миллий мутахассислар гуруҳи ушбу марказни юритиш соҳасида ўқитилди.
COVID-19 пандемияси бошланганидан бери, КНООМ Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигини фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб қайтариш тадбирлари, лаборатория ишлари, инфекцияларнинг олдини олиш ва назорат қилиш, мамлакатга кириш портларида текширувлар ўтказиш, эҳтимолдаги хавф-хатарлар ҳақида хабар бериш, жамоатчиликни жалб қилиш ҳамда касаллик ривожланишини кузатиш соҳаларида ўқитиш ишларини ташкиллаштириш ва техник кўмак бериш орқали қўллаб-қувватлаб келмоқда. Америка Қўшма Штатлари ҳукумати COVID-19 муносабати билан Ўзбекистонга 9 миллион АҚШ долларидан ортиқроқ шошилинч кўмак кўрсатди, унинг 2,1 миллион доллари КНООМ ҳиссасига тўғри келади.
КНООМ АҚШнинг жамоат саломатлигини сақлаш соҳасидаги агентлик бўлиб, у жамоатчилик соғлигини сақлаш масалаларида Марказий Осиё ҳукуматлари билан ҳамкорлик олиб бориш бўйича кўп йиллик тажрибага эгадир. Агентлик биринчи идорасини 1995 йилда Олма-ота шаҳрида очган эди, ҳозирда эса унинг Қозоғистон, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда идоралари мавжуд. КНООМ ушбу мамлакатлардаги Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан касалликлар авж олишининг олдини олиш, аниқлаш ва жавоб қайтаришда илғор натижаларга эришиш мақсадида маҳаллий лаборатория, касаллик ривожланишини кузатиш ва кадрларга оид салоҳиятларини мутаҳкамлаш соҳаларида биргаликда иш олиб боради.