Ўзбекистонлик муаллифлар ва АҚШ элчихонаси ўзбекча-инглизча / инглизча-ўзбекча луғат чиқаришда ҳамкорлик қилди

31 январь куни, ўзбекистонлик олим ва журналистлар АҚШ элчиси Жорж Крол қароргоҳида бўлиб ўтган АҚШ ҳукумати нашр этилишини қўллаб-қувватлаган янги ўзбекча-инглизча / инглизча-ўзбекча луғат тақдимот маросимида иштирок этди.

Ушбу лойиҳани амалга оширишда луғат муаллифи Шавкат Бўтаев ҳамда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари университети ва Ўзбекистон Фанлар Академиясидаги мутахассислар АҚШ элчихонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилди. Луғат пойтахтдаги “Ўқитувчи” нашриётида чоп этилди. 80 000 та сўз ва иборани ўз ичига олган бу луғатдан инглиз тилини ўрганаётган ўрта мактаб ўқувчилари ва университет талабалари, шунингдек, бошқа соҳа мутахассислари, жумладан ҳарбийлар ва журналистлар ҳам фойдаланишлари мумкин.

“Шу турдаги луғатчилик соҳасида бугунги кунда энг йириги саналган ушбу ўзбекча-инглизча / инглизча-ўзбекча луғатнинг нашр этилиши тиллар тарихи ҳамда Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг муҳим ютуқларидан биридир. У универсал тил ҳисобланган инглиз тилини ўзбекча сўзлашувчи кишиларга, бой ва гўзал ўзбек тилини эса инглизча сўзлашадиганларга янада осонроқ ўрганишда яқиндан ёрдам беради”, деди АҚШ элчиси Жорж Крол тақдимот маросимида.

АҚШ элчихонаси тахминан 1000 та луғат учун маблағ ажратди. Кейинчалик улар Халқ таълими ва Олий таълим вазирликларига, Ўзбекистондаги университетлар ҳамда кутубхоналарга тарқатилади. АҚШ элчихонаси Қўшма Штатлардаги инглиззабонларга ўзбек тили ўқитиладиган университет ва муассассаларга ҳам ушбу луғатдан юборишни мақсад қилган.

two men with a book
Луғат муаллифи Шавкат Бўтаев ва АҚШ элчиси Жорж Крол. (АҚШ Элчихонаси сурати)