АҚШ Ўрмон хўжалиги хизмати, Ўзбекистон ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва “Green World Future” нодавлат ташкилоти ҳамкорликда 13 сентябрь куни Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган Сўқоқ қўриқхонасида уч кунлик семинар ташкил этди.
Ўрмон хўжалигига ихтисослашган америкалик уч нафар мутахассис – Лия Лорд, Отом Эла ва Метью Филлипс – паркларни ривожлантиришга оид хилма-хил мавзулар, жумладан дам олиш ҳудудларини режалаштириш, лойиҳасини тузиш, йўлак-сўқмоқларни аниқлаш, табиат билан яқиндан муносабатга киришиш, бу борадаги билимни ошириш, соҳага жамоатчиликни жалб этиш каби масалаларга эътиборни қаратди.
Сўқоқда Ўзбекистоннинг турли бурчакларидан келган 20 дан ортиқ мутахассис йиғилиб, табиат қўйнида дам олиш маскани яратиш сирларини ўрганди. Айни пайтда Сўқоқ қўриқхонаси кичик инфратузилмага эга бўлиб, у ерда қандай қилиб тегишли парк барпо этишни бошидан ўрганиб олиш учун барча шароит мавжуд. “Биз Зомин, Угам-Чотқол ва бошқа миллий парклардан келган ўзбекистонлик ўрмончи ва соҳа мутахассислари билан ишлаш ва тажриба алмашишдан жуда мамнунмиз. Улар АҚШ Ўрмон хизмати ўз тасарруфидаги масканлар бошқарувини қандай йўлга қўйгани ҳамда олаётган билимларини Ўзбекистонда ҳам тадбиқ этишга катта қизиқиш билдиришди”,- дейди дастур бошқарувчиси Лия Лорд.
АҚШ Ўрмон хизмати халқаро дастурлари бутун дунёда ўрмондан тўғри фойдаланиш ва биохилма-хилликни сақлаб қолишда кўмаклашади. Қўшма Штатлар инновацион технологияни ишга тушириш, чегаралараро экологик муаммоларни ҳал этиш ҳамда АҚШ Ўрмон хўжалиги хизмати махсус билим ва тажрибаларини янада чуқурлаштириш мақсадида мавжуд имкониятларни ишга солиш учун чет мамлакатларда ҳам фаолият олиб боради.