2020 йил 16 ноябрь
Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан ташкиллаштирилган ўнинчи Марказий Осиё савдо форуми ўз ишини бошлади. Ҳар йили ўтказиб келинадиган мазкур халқаро тадбир Марказий Осиё ва ундан ташқарида минтақавий савдо-сотиқ ва ўзаро боғлиқликни илгари суришга қаратилган. Бу йилги беш кунлик виртуал тадбирларда 39 та давлат, жумладан, АҚШ, Афғонистон, Грузия, Германия, Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Латвия, Литва, Россия, Тожикистон, Туркия, Туркманистон, Бирлашган Араб Амирликлари, Буюк Британия, Украина, Ўзбекистон ва бошқа мамлакатлар вакили бўлган 4000 нафар иштирокчи ҳамда 100 нафар маърузачи иштирок этмоқда.
Бу йилги форум “Марказий Осиё – ўсиш ва фаровонлик” мавзусига бағишланган бўлиб, унинг доирасида COVID-19 пандемиясидан кейинги иқтисодий тикланиш даврида Марказий Осиёда кузатилаётган янги тенденциялар ва бозор жараёнлари кўриб чиқилади.
Виртуал кўринишда ўтадиган тадбирларга турфа хил онлайн платформалар, шу жумладан, Zoom, Facebook Live ҳамда YouTube орқали уланиш мумкин. Учрашувларда глобал ва маҳаллий экспертлар, новатор ва бизнесменлар иштирок этиб, муҳокамалар Марказий Осиёдаги савдо-сотиқни ривожлантиришда ҳал қилувчи аҳамият касб этадиган ўзаро ҳамкорлик ришталарини йўлга қўйишга қаратилади.
Иштирокчилар онлайн шаклда жонли ўтадиган учрашувларга уланиб, минтақавий таъминот занжирларининг COVID-19га мослашиши, Марказий Осиёда туризмнинг тикланиши, минтақа электр бозорини шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатлар, минтақа электрон бозорини ривожлантириш йўлидаги муаммо ва имкониятлар, давлат билан хусусий сектор ўртасидаги мулоқотни йўлга қўйиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бошқа қатор мавзуларга бағишланган муҳокамаларда қатнашиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, форум давомида Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон вакиллари бўлган 20 дан зиёд мева-сабзавот ва боғдорчилик маҳсулотлари етиштирувчилари “Савдо дунёси” (World of Trade) чакана савдо форуми орқали потенциал шериклар билан бевосита музокаралар ўтказиш имкониятига эга бўлади.
Тадбирни очар экан, АҚШнинг Қозоғистондаги элчиси Уильям Х. Мозер шундай деди: “Ўн йил муқаддам мазкур форумга савдо соҳасидаги ҳамкорликнинг ривожи Марказий Осиёни барқарор, фаровон ва ўзаро боғланган ҳудудга айлантиради, деган ишонч асосида тамал тоши қўйилган. Савдо-сотиқ ҳеч қачон бир томонгагина манфаат олиб келмаган. Ҳамкорлик, ҳалол ва шаффоф савдо-сотиқдан барча бирдек манфаат кўради”.
Форумга Вашингтондан уланган USAIDнинг Осиё минтақаси бўйича бюроси раҳбарининг ўринбосари вазифасини бажарувчиси Ҳавьер Пьедра шундай қўшимча қилди: “USAID мазкур муҳим тадбирни қўллаб-қувватлашда давом этаётгани билан фахрланади. Биз минтақа бўйлаб, шу жумладан, Афғонистонда ҳам савдо-сотиқни ривожлантириш, янги тижорат ришталарининг ўрнатилишига кўмаклашиш ҳамда Марказий Осиё билан АҚШ ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни такомиллаштириш ғоясига содиқмиз”.
Охирги ўн йил давомида Марказий Осиё савдо форуми ўз атрофида 30 дан зиёд мамлакатнинг 5 мингдан зиёд ҳукумат аъзолари, бизнесмен ва олимларини бирлаштириб, уларга янги тенденциялар ҳақида маълумот олиш, ғоялар алмашиш, ҳамкорлик ришталарини ўрнатиш ва шерикликни амалга ошириш имкониятини тақдим этди.
Охирги ўн йилликда Марказий Осиё давлатлари орасидаги ўзаро савдо ҳажми икки баробардан кўпга ўсиб, йилига деярли 6 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда.
Форум USAIDнинг “Рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринлари” лойиҳаси томонидан “Adventure Travel” савдо ассоциацияси, Ўзбекистондаги Америка савдо-саноат палатаси, CERT академияси, Логистика ва транспорт Қироллик институти, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, “Global Cold Chain Alliance” уюшмалар гуруҳи, Қозоғистон транспорт иттифоқи, “Lonely Planet” нашриёти, “Indy Guide” сайёҳлик ахборот маркази, Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти, Бирлашган Миллатларнинг Жаҳон туризм ташкилоти, “Wideoyster” онлайн журнали, “Women in Logistics and Transport” халқаро ташкилоти ва World Travel Market сайёҳлик кўргазмаси билан шерикликда ташкиллаштирилмоқда.
USAID дунёдаги етакчи халқаро тараққиёт агентлиги бўлиб, тараққиёт соҳасидаги ижобий натижаларга туртки берувчи самарали тузилмадир. Батафсил маълумот учун USAIDнинг Марказий Осиёдаги фаолиятига бағишланган веб-саҳифага қуйидаги манзил орқали кириш мумкин: https://www.usaid.gov/central-asia-regional . Facebookдаги саҳифасининг манзили: https://www.facebook.com/USAIDCentralAsia.