22-27 январь кунлари Америка Қўшма Штатлари Халқаро Тараққиёт Агентлигининг Марказий Осиё республикалари бўйича янги минтақавий директори Жонатан Эддлтон Ўзбекистонга ташриф буюради.
Мамлакатга биринчи бор ташриф буюраётган жаноб Эддлтон Ўзбекистон ҳукуматидаги мулозимлар, шунингдек, хусусий сектор, маҳаллий ННТ ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари билан кенг кўламли икки томонлама масалаларни муҳокама қилади.
Элчи Эддлтон ваколатли вазир мақомига эга ташқи ишлар хизматидаги катта мулозим саналади. У АҚШнинг Монголиядаги элчиси (2009-2012) ҳамда Афғонистоннинг Қандаҳор вилоятида (2012-2013) АҚШ ҳкумати вакили бўлиб хизмат қилган. Шунингдек, у USAIDнинг Европа Иттифоқидаги вакили ҳамда USAIDнинг Покистон, Камбоджа ва Монголиядаги минтақавий директори ва Иордания, Жанубий Африка ва Ямандаги дастурлари раҳбари лавозимида фаолият олиб борган.
Ўзбекистонда USAID қишлоқ хўжалигига алоқадор хусусий секторни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш орқали фуқаролар ҳаётини яхшилаш ҳамда юқумли касалликлар ва одам савдоси каби таҳдидларга мамлакатнинг тегишли жавоб қайтариш қобилиятини мустаҳкамлаш устида иш олиб бормоқда. Шунингдек, Ўзбекистондаги ривожлантиришни жадаллаштириш мақсадида USAID турли жамоаларнинг саъй-ҳаракатлари ва ҳукуматнинг ислоҳот ташаббусларини ҳам қўллаб-қувватлайди.
USAID фермерлар олаётган фойданинг ўсишига, ўз маҳсулотларини бевосита бозорда сотадиган тадбиркорлар тармоғини ривожлантиришга қаратилган фаолиятни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшиб келмоқда. У Ўзбекистон ҳукуматига сил, ОИВ/ОИТС касалликларининг олдини олиш ва даволаш хизматлари сифатини оширишда ҳам яқиндан ёрдам бермоқда.
АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) Ўзбекистонга 1993 йилдан эътиборан, мамлакат мустақилликка эришган санадан кўп ўтмай, ёрдам кўрсатишни бошлаган. Шу кунгача Америка халқи USAID орқали Ўзбекистондаги фаровонликка ҳисса қўшаётган хилма-хил дастурлар учун 320 миллион доллардан ортиқ маблағ сарфлади. 2013 йили, USAID Ўзбекистонда фаолият бошлаганига 20 йил тўлди.