Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) “Гендер тенглигини таъминлашда халқаро ҳамкорлик” номли конференцияни ўтказди. Тадбирда 100 га яқин Ўзбекистон парламенти ва турли миллий ва халқаро ташкилотлар вакили, жумладан, фуқаролик жамияти ташкилотлари ва илмий доираларнинг экспертлари иштирок этдилар. Анжуманда гендер тенглигини таъминлаш бўйича илғор тажрибалар, жумладан, гендер асосидаги зўравонликнинг олдини олиш ва хотин-қизларнинг жамият хаётидаги ролини кучайтириш усуллари, шунингдек, 2019 йилда қабул қилинган “Гендер тенглиги тўғрисидаги” ва “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги” қонун каби янги гендер қонунчилигини амалга оширишнинг натижалари муҳокама қилинди.
Анжуманда сўзга чиққан АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дениэл Розенблюм шундай деди: “Аёлларга нисбатан зўравонлик чегара ва маданият танламайди: ҳар учинчи аёл ҳаёти давомида гендер зўравонлигини бошидан кечиради. Демократияни ривожлантириш, янада кучлироқ иқтисодиётни барпо этиш ва глобал миқёсда барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш учун биз Америка Қўшма Штатларида ҳамда бутун дунёда аёллар ва қизларнинг ҳуқуқлари ва имкониятларини таъминлаш учун сармоя киритмоғимиз керак”.
USAID йиллар давомида аёлларнинг гуллаб-яшнаши ва муваффақият қозонишига салбий омил бўлган зўравонликка қарши курашишни қўллаб-қувватлаб келган. Байден маъмурияти остида USAID аёлларга нисбатан зўравонликнинг зарарли оқибатларидан хабардорликни ошириш ва унинг олдини олиш бўйича самарали дастурларни амалга ошириш учун нодавлат ташкилотлар, аёллар уюшмалари, хусусий сектор вакиллари ва давлат муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтирди. Нафақат бугун, балки ҳар куни АҚШ ҳукумати бутун дунё бўйлаб аёллар ва қизларнинг қадр-қимматини сақлаш ва ҳимоя қилишда бирдек харакат қилади.
Ушбу конференция 1991 йилда бошланган ва Аёлларнинг глобал етакчилиги маркази томонидан мувофиқлаштирилган фуқаролик жамияти ташаббуси бўлган “Гендер асосидаги зўравонликка қарши 16 кун” кампаниясининг бир қисмидир. Акция ҳар йили 25 ноябрь -Халқаро аёлларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш кунидан бошлаб 10 декабрь – Инсон ҳуқуқлари кунигача давом этади. Бу йил акциянинг 30 йиллиги нишонланади.
USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури Ўзбекистонда қонун устуворлигини янада ривожлантириш, ҳуқуқшунос мутахассислар ва ўқув муассасаларининг салоҳиятини ошириш, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имконини кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти учун ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш, гендер тенгликни рағбатлантириш ва янада қулай инвестиция муҳитини яратиш борасида саъй-харакатларини қўллаб-қувватлайди.
USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони ошириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, шу жумладан COVID-19ни бартараф этиш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун салоҳиятини ошириш учун ҳамкорлик қилмоқда. Қўшимча маълумот олиш учун ташриф буюринг: https://www.usaid.gov/uzbekistan.