2021 йил 22 сентябр, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) виртуал форматда ўтказилган тадбирда “Ўзбекистонда қонун устуворлиги йўлида ҳамкорлик” лойиҳасининг мувафақиятли якунланганини эътироф этишди. Олти йиллик дастур Ўзбекистон Олий суди ва БМТ Тараққиёт Дастури (БМТТД) билан ҳамкорликда амалга оширилди.
Онлайн шаклдаги йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Судьялар олий кенгаши, Судьялар олий мактаби, Тошкент давлат юридик университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети, “МАДАД” нодавлат нотижорат ташкилоти вакиллари иштирок этди.
Тадбирда нутқ сўзлаган АҚШ элчихонаси миссияси раҳбарининг ўринбосари Пол Политис таъкидлаганидек, “Охирги олти йил давомида ҳамкорлигимиз доирасида Ўзбекистон суд тизими ва унинг мустақиллигини мустаҳкамлашга кўмак берилди, шунингдек, Олий суд илғор ҳалқаро амалиётни инобатга олган ҳолда кенг қамровли суд-ҳуқуқ ислоҳотларини амалга оширишда қўллав-қувватланди”.
Жаноб Политис лойиҳанинг Э-СУД электрон судлов тизимини жорий этиш; кам таъминланган фуқароларга беғараз ҳуқуқий ёрдам кўрсатувчи юридик клиникалар учун тренинглар ташкиллаштириш ва керакли ускуналар билан таъминлаш; аёлларнинг юридик касбларда вакиллигини ошириш; судьяларни тайинлаш ва ишларни тақсимлаш тартибларини такомиллаштириш каби муҳим ютуқларни қайд этди.
USAID 2015 йилдан бери Олий суд билан биргаликда Ўзбекистонда суд тизимининг мустақиллиги ва қонун устуворлиги, шунингдек, аҳолининг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш бўйича иш олиб бормоқда. Бундан ташқари, қўшма лойиҳа мамлакатда суд-ҳуқуқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этишда фаол қатнашди. Амалга оширилган ташаббусларнинг аксарияти 2017-2021-йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси ва 2030-йилгача БМТ Глобал кун тартибидаги Барқарор ривожланиш мақсадларига тўлиқ мос келади.
###
USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий хавф-хатарлар, жумладан COVID-19ни бартараф этиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига оқилона ёндашиш салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади. Дастур тўғрисида батафсил маълумот: https://www.usaid.gov/uzbekistan сайтида.