2022 йил 25 январь, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлигининг (USAID) Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси Амалий тадқиқот ташаббусларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида тадқиқотчилар ва тадқиқот гуруҳларидан аризалар қабул қилишини эълон қилди. Ўзбекистондаги агробизнес дуч келаётган муаммоларга ечим топиш мақсадида USAID амалий тадқиқотлар ўтказишда Ўзбекистон илмий тадқиқот ҳамжамиятини қўллаб-қувватлашни режалаштирмоқда.
Амалий тадқиқотлар қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар манбаи ҳисобланади. Бу янги технологияларни кашф этиш, фермер хўжаликлари маҳсулдорлигини ошириш ва озиқ-овқат сифатини яхшилашга ёрдам беради. Ўзбекистонда фермерлар ва тадбиркорлар кўпинча илмий тадқиқот ҳамжамиятидан кўмак олиш ва инновацион ечимлардан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Илмий-тадқиқот институтлари ва маҳаллий агробизнес ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш орқали USAID маҳаллий фермерлар ва агробизнес корхоналарни рақобатбардош бўлиши учун муваффақиятли бўлган технологиялардан фойдаланишда қўллаб-қувватлайди.
USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси малакали илмий изланувчилардан илмий журналларда чоп этиш мақсадида тадқиқот ўтказиш ва илмий мақолалар ёзишлари учун ариза қабул қилади. Таклифлар Ўзбекистон таълим муассасаларининг ўқув дастурлари билан боғлиқ мавзулар ва агробизнес учун қўлланилиши мумкин бўлган истиқболли амалиётларни ўз ичига олиши мумкин. Лойиҳа 30 миллион сўмгача бўлган аризаларни молиялаштиради. Малакали ва муносиб аёл тадқиқотчилар ва тадқиқот гуруҳлари ушбу чақириққа жавобан ариза топширишлари олқишланади.
Танловга аризалар 2022 йилнинг 1 апрелига қадар қабул қилинади. Танлов шартлари ва ариза иловасини бу ердан юклаб олиш мумкин.
Ушбу ташаббус USAIDнинг Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган беш йиллик Aгробизнесни ривожлантириш лойиҳаси томонидан амалга оширилмоқда. Лойиҳа танланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун бутун қиймат занжири бўйлаб қўшимча қиймат яратиш имконини берувчи янги технологиялар ва замонавий бошқарув амалиётларини жорий этиш орқали Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида хусусий сектор ривжоланишини қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Мазкур тадбирлар Ўзбекистонда қўшимча қиймат қўшилган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кўпайтириш, соҳага хотин-қизлар ва ёшларни жалб этиш, таълим муассасалари ва хусусий сектор ўртасидаги алоқани мустаҳкамлаш ва қишлоқ хўжалигида мақбул сиёсат юритишни қўллаб-қуватлашга қаратилади.
USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий хавф-хатарлар, жумладан COVID-19ни бартараф этиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига оқилона ёндашиш салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади. Дастур тўғрисида батафсил маълумот: https://www.usaid.gov/uzbekistan сайтида.