USAID Ўзбекистоннинг кўзи ожиз фуқароларини қўллаб-қувватлайди

2020 йил 10 декабрь, пайшанба– Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Брайл ёзувида чоп этилган 2000 дона «Кўзи ожиз шахсларнинг ҳуқуқларига оид норматив-ҳуқуқуй ҳужжатлар тўплами»ни Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигига топширди. Тўпламда Ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ва тегишли Президент фармонлари каби ҳужжатлар, шунингдек, ногиронлар фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлган хизматлар рўйхати жамланган. Маросимда USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ва Адлия вазирлиги вакиллари иштирок этди.

«Кўзи ожиз инсонларнинг жамиятда иштирок этишига тўсқинлик қиладиган асосий омиллардан бири – бу эркинлик ва ўз тақдирини ўзи белгилашнинг муҳим шарти бўлган ахборотга эга бўлиш имкониятининг йўқлиги», -деди Ребекка Блэк, USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси директори вазифасини бажарувчиси. «Биз Ўзбекистонда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз, турли мавзуларда янги қонунлар ва Президент фармонлари тез-тез қабул қилинаётган бир пайтда, ҳар кимнинг, шу жумладан, кўриш қобилияти чекланган одамларнинг ўз қонуний ҳуқуқлари ҳақида замонавий билимларга эга бўлиши жуда муҳим» – дея қўшимча қилди у.

Ўзбекистонда 60 мингдан зиёд кўриш имконияти чекланган одамлар мавжуд. Брайл ёзувида чоп этилган китоблар АҚШ ҳукуматининг ҳар бир фуқаро учун одил судловни таъминлаш йўлидаги Ўзбекистонга кўрсатиб келаётган ёрдамининг бир қисмидир. Тўплам кўзи ожиз шахслар учун ҳуқуқий адабиёт етишмовчилигини тўлдиради. Мазкур китоблар Адлия вазирлиги, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Миллий кутубхона ва маҳаллий давлат идоралари орқали мамлакат бўйлаб тарқатилади.

USAIDнинг ҳуқуқий ислоҳотлар дастури Ўзбекистонда қонун устуворлигини янада ривожлантириш, ҳуқуқшунос мутахассислар ва ўқув муассасаларининг салоҳиятини ошириш, фуқароларнинг одил судловдан фойдаланиш имконини кенгайтириш, фуқаролик жамияти институтларининг фаолияти учун ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш, гендер тенглигини рағбатлантириш ва янада қулай инвестиция муҳитини яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди.

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони кўпайтириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, шу жумладан, COVID-19 ни бартараф этиш ҳамда ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини таъминлаш борасида салоҳиятини ошириш масалалари бўйича ҳамкорлик қилади. Қўшимча маълумот олиш учун https://www.usaid.gov/uzbekistan ҳаволасига ўтинг.