2015 йилнинг 16-20 ноябр кунлари, Олий суд, Олий хўжалик суди, вилоят ва туманлараро фуқаролик судлари вакилларидан иборат ўн нафар ўзбекистонлик вакиллар суд тизимида информацион технологияларни жорий этишдаги ўзига хос тажрибани ўрганиш мақсадида Эстонияга ташриф буюрди. Мазкур ташриф Эстония электрон ҳукумати академияси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий суди, АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (БМТТД)нинг «Қонун устуворлиги йулида ҳамкорлик» қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида амалга оширилиб, Эстония Ташқи ишлар вазирлиги ва USAIDнинг молиявий кўмагида ташкил этилди.

Бугунги кунда технологиялар фуқароларнинг суд-ҳуқуқ тизимига мурожаат қилишини енгиллаштириш билан бир қаторда адлия тизимининг самарадорлигини янада такомиллаштиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда. Мазкур ташриф USAIDнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан электрон суд бошқаруви (E-SUD) тизимининг республикадаги фуқаролик ишлари бўйича судларда кенгроқ жорий этишга қаратилган ўзаро ҳамкорлиги доирасида амалга оширилди. Айни пайтда учта суд E-SUD тизимини жорий этишга тайёр ҳолатга келтирилган бўлса, 2017 йилга қадар эса ушбу тизимни жорий этган Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида жойлашган судлар сони саккизтани ташкил этиши кўзда тутилган. Электрон суд бошқаруви тизимига босқичма-босқич ўтиш, ҳамда E-SUD тизимини республика миқёсидаги барча судларда самарали жорий этиш мақсадида, Ўзбекистон суд-ҳуқуқ тизими вакиллари электрон ҳукумат ва электрон адолат тизимларини жорий этишга оид халқаро тажриба ва амалиётни ўрганишга катта қизиқиш билдиришмоқда.
Ташриф учун бежизга Эстония танлангани йўқ. Эстония электрон ҳукуматни ривожлантираётган мамлакатлар орасида етакчи ўринлардан бирини эгаллайди. Умумий сони 1 миллион 300 минг кишини ташкил этувчи Эстония аҳолисининг 38 фоизи, яъни 500 минг киши, давлат хизматларини тўлиғича электрон шаклда олади. Мисол тариқасида, 2013 йилда солиқ декларацияларининг 95 фоизи интернет орқали тақдим этилган; барча доктор рецептлари электрон тарзда юборилган. Суд-ҳуқуқ тизимида эса, Эстония даъвогарлар ҳамда уларнинг вакиллари суд даъволарини электрон тарзда тақдим этиш ва судга келиб тушган даъвонинг ҳолатини кузатиб туриш имкониятини берувчи “E-Toimik” онлайн маълумот тизимини жорий этган. Мазкур тизим барча инстанциядаги судлар, полиция маҳкамаси, суд ижрочилари ва адвокатлар каби бошқа манфаатдор томонлар орасида ўзаро маълумот алмашувини таъминлайди. Мисол учун, ёлғиз она алимент ундириш юзасидан суд биносига ташриф буюрмасдан уйдан туриб мурожаат қилиш имкониятига эга.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси вакиллари Эстония Олий суди раиси жаноб Приит Пикамае билан учрашди, шунингдек, Эстония Олий суди, Электрон ҳукумат академияси, Адлия вазирлиги, Реестрлар ва маълумот тизимлари маркази ва Маълумотларни муҳофаза қилиш инспекциясига ташриф буюрди. Бундан ташқари, иштирокчилар суд тизими амалиёти, хусусан Таллин, Тарту ва Йигева шаҳарларининг судларида ишлатилаётган маълумот тизимлари фаолияти билан яқиндан танишди.
Эстония тажрибасидан қуйидаги икки асосий сабоқ ўрганилди:
-
а) Электрон суд тизимини яратиш узоқ муддатли ва узлуксиз жараён бўлиб, суд бошқаруви электрон тизимларини судьялар, суд ходимлари ва суд фойдаланувчиларининг талаблари асосида доимий такомиллаштириш талаб этилади;
-
б) Судларнинг турли инстанциялари ва бошқа ҳукумат идораларининг электрон тизимлари билан ўзаро боғлиқлигини доимий кенгайтириб туриш муҳим аҳамият касб этади.
Бир ҳафта давом этган Эстонияга ташрифдан орттирилган билим ва кўникмалар асосида, «Қонун устуворлиги йулида ҳамкорлик» лойиҳаси ҳуқуқий муҳитни такомиллаштириш орқали электрон адолат тизимини янада ривожлантириш, E-SUD тизимини модернизациялаш ва суд бошқаруви механизмларини янгилашга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқди. Хусусан:
-
Маълумот алмашуви баённомаларини қайта кўриб чиқиш ва такомиллаштириш, судларнинг турли истанциялари ва бошқа ҳукумат идоралари ўртасида маълумотлар алмашувини самарали ва ўз вақтида таъминлаш мақсадида E-SUD тизимига қўшимча модуллар ишлаб чиқиш орқали судларнинг турли истанциялари ва ҳукумат идораларининг маълумот тизимларинининг ўзаро мутаносиблигини таъминлашга оид мавжуд ўзаро маълумот алмашуви механизмларини мукаммаллаштириш;
-
Соддалаштирилган судлов тартибини жорий этиш, жумладан судга келиб тушган даъволарни расмий суд тингловисиз кўриб чиқишга қаратилган Фуқаролик-процессуал кодексига ўзгартиришлар киритиш;
-
Суднинг функционал таҳлилини ўтказиш ҳамда мазкур таҳлил натижаларига асосланган ҳолда, судьянинг асосий ишига қўшимча юклатилган фаолиятидан озод этиш мақсадида, фуқаролик ишлар бўйича судда эксперимент тариқасида судья ёрдамчиси ва суд бошқарувчиси каби икки қўшимча лавозимни жорий этишни синаб кўриш;
-
Судьялар мустақиллигини ва холислигини таъминлаш мақсадида E-SUD тизимида фуқаролик ишлари бўйича судьяларга судлов ишларни тасодифий равишда тақсимлаш функциясини ишлаб чиқиш ва жорий этиш.
Ўзбекистонлик иштирокчилар электрон ҳукумат соҳасида ўз билим ва кўникмаларини ошириш ҳамда халқаро тажрибани ўрганиш имкониятига эга бўлдилар. Ишонамизки, ташриф натижасида олинган тажриба Ўзбекистондаги электрон адолат тизимининг янада рифожланиши ҳамда E-SUD тизимининг республикадаги фуқаролик ишлари бўйича судларида кенг кўламда жорий этилишига ўз ҳиссасини қўшади.