USAID Ўзбекистон Арбитраж ҳафталигини қўллаб-қувватлайди

Тошкент, Ўзбекистон, 19 сентябрь, 2022 йил – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳамда Тошкент халқаро арбитраж маркази (TIAC) билан ҳамкорликда иккинчи йиллик Ўзбекистон арбитраж ҳафталигини (UzAW) бошлади. Ушбу тадбир Марказий Осиёда низоларнинг муқобил ҳал этиш усулларидан фойдаланишни тарғиб қилиш мақсадида миллий ва халқаро арбитраж мутахассисларини ва олий ўқув ютлари вакилларини бирлаштирди. Мазкур ҳамкорлик натижасида Тошкент шаҳри халқаро арбитражнинг минтақавий марказига айланди.

“USAID бизнес, сармоя ва тадбиркорлар учун қулай шароит яратишга интилади. Анъанавий равишда низоларни судда кўриб чиқиш ўрнига уларнинг вақт ва харажат тежайдиган муқобил усулидан фойдаланиш Ўзбекистон тадбиркорларини қўллаб-қувватлаш ва хорижий инвесторларнинг ишончини қозонишда жуда муҳим роль ўйнайди”,- деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори ўринбосари Марсело Арельяно.

Тадбирда жаноб Арельяно, Адлия вазири ўринбосари Музраф Икрамов ва TIAC директори Диана Байзаковалар сўзга чиқиб, муқобил низоларни ҳал этиш усулларининг афзалликларини таъкидладилар.

Чегаралараро тижорат операциялари сони ошиб бораётгани ва шу билан бирга низолар сонининг кўпайиши уларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан турли соҳаларда кенг қўллашни тақозо этади. Бу йилги UzAWда қурилиш, инфратузилма ва спорт соҳаларида низоларни ҳал қилишнинг муқобил усулларидан фойдаланишни кенгайтириш имкониятларига эътибор қаратилди.

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан ушбу соҳадаги кўплаб чора-тадбирлар, жумладан, 2018 йилги “Медиация тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, медиаторлар салоҳиятини оширишни ташкил этиш ҳамда 2020 йилдаги Бутунжаҳон адолат лойиҳаси қонун устуворлиги индексининг “Эркин, холис ва самарали низоларни ҳал қилиш ” суб-фактори буйича Ўзбекистоннинг 87-ўриндан 55-ўринга кўтарилишида ҳамкорлик қилди. Шунингдек, USAID миллий ҳамкорлар, жумладан, Тошкент давлат юридик университети ва TIAC билан низоларни ҳал этишнинг муқобил усуллари бўйича дастурларни юридик таълимга интеграция қилиш борасида ишлайди.