Тошкент, Ўзбекистон, 2021 йил 15 март – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) вакиллари бугун Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлигида Замонавий алоқа залининг очилиш маросимида қатнашдилар. USAID кўмагида яратилган ушбу ноёб иншоот виртуал ва юзма-юз конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирлар учун учрашув жойи бўлиб хизмат қилади.
“Ушбу Замонавий алоқа зали ўзбекистонлик ва минтақавий шерикларимиз томонидан энергетика соҳасини модернизация қилиш ва мамлакатнинг тоза энергия соҳасидаги улкан мақсадларига эришиш йўлида амалга оширилаётган муҳим ишларни қўллаб-қувватлайди ва мамлакатнинг энергия хавфсизлигини ошириш бўйича АҚШ ҳукумати билан Ўзбекистоннинг шериклигини мустаҳкамлайди”, – деди Скотт Хедланд, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси иқтисодий ривожланиш бўлими бошлиғи.
Ўзбекистоннинг тоза энергия соҳасидаги режалари 2030 йилгача энергия баланси таркибида қайта тикланадиган энергия манбаларининг улушини 25 фоизгача оширишга қаратилган. Ўн йил давомида ҳукумат қуёш энергияси соҳасида 5000 мегаватт (МВт) ва шамол энергияси соҳасида 3000 мегаватт янги қувватларни ишга туширишни режалаштирмоқда.
Режалаштирилаётган қайта тикланувчи энергетикани ривожлантиришнинг энергия тизимига таъсирини ҳар томонлама таҳлил қилиш учун USAID Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан ҳамкорлик қилди. Тадқиқот энергетика соҳасидаги асосий манфаатдор томонлар, шу жумладан энергетика ва инновацион ривожланиш вазирликлари, Ўзбекистон миллий электр тармоқлари ва «Энергия» минтақавий мувофиқлаштириш-диспетчерлик маркази иштирокида ишчи гуруҳ томонидан олиб борилмоқда.
USAID томонидан тақдим этилган янги компьютерлар ва моделлаштириш учун симуляция дастурлари ишчи гуруҳга энергия тизимларини самарали моделлаштириш, халқаро экспертлар билан боғланиш ва онлайн семинарларда иштирок этиш имкониятини беради.
Бугунги кунга келиб, USAID «Келажак учун энергия таъминоти» дастури доирасида Ўзбекистон ва қайта тикланадиган энергия манбаларининг таъсирини ўрганишда қатнашаётган шериклар учун кенг кўламли техник ёрдам ва тренинглар ўтказилди. 2020 йил май ойидан бошлаб 125 дан ортиқ виртуал ишчи сессиялар ўтказилди ва 75 дан ортиқ ўзбекистонлик мутахассисларнинг қайта тикланадиган энергия ишлаб чиқариш ва тармоқ интеграцияси соҳасида малакаси оширилди.
###
USAID ривожланиш натижаларини эришишни тезлаштириш устида иш олиб борувчи халқаро тараққиёт соҳасидаги дунёдаги етакчи агентликдир. Қўшимча маълумот олиш учун қаранг: https://www.usaid.gov/central-asia-regional. USAIDнинг «Келажак учун энергия таъминоти» дастури ҳақида қўшимча маълумот учун қаранг: https://www.usaid.gov/central-asia-regional/fact-sheets/power-future-fact-sheet.