USAID силнинг инновацион лаборатория ташҳиси соҳасида билим алмашишни қўллаб-қувватлайди

Шу ҳафтада Тошкент шаҳрида АҚШнинг Халқаро тараққиёт Агентлиги (USAID), Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббий маркази (РИФваПИАТМ) лаборатория мутахассислари учун GeneXpert жиҳозларидан фойдаланган ҳолда сил ташҳиси бўйича иккита уч кунлик семинарларни ўтказди. GeneXpert – силни аввалгидек ойлар давомида эмас, балки икки соатдан ҳам камроқ вақт ичида аниқлаш имконини берувчи илғор лаборатория технологиясидир.

USAIDнинг силга қарши кураш дастурининг кўмагида Ўзбекистоннинг барча вилоятларидан ҳудудий силга қарши диспансерларининг лаборатория мутахассислари биринчи маротаба лаборатория ускуналарининг жаҳонда етакчи ишлаб чиқарувчиси бўлган Cepheid компаниясининг (АҚШ) мутахассиси Кристиан Корнснинг раҳбарлигида силга ташҳис қўйиш учун GeneXpert технологиясини ўзлаштириш имкониятига эга бўлди. GeneXpert технологияси нафақат силнинг тез ва аниқ ташҳиси қўйилишини таъминлайди, балки сил қўзғатувчисининг турини ҳам аниқлайди, бу эса силнинг ўз вақтида ва тўғри даволаш схемасини танлаш учун ҳал қилувчи омил бўлиб, касаллик тарқалиши хавфининг олдини олади.

2015 йилдан бошлаб USAID ўзининг силга қарши кураш дастурининг доирасида Ўзбекистонлик мутахассислар учун сил соҳасида билимларни алмашиш бўйича тадбирлар ўтказмоқда, чет элга ўқиш сафарлари ташкил этмоқда, шунингдек жаҳон даражасида етакчи экспертларни Ўзбекистонга согликни саклаш сохасидаги мутахассислар учун тренинглар олиб бориш учун таклиф қилмоқда. Лаборатория мутахассислари учун GeneXpert бўйича семинар РИФваПИАТМ нинг Миллий Референс лабораториясида ўтказилди.

Хуснора Ражабова, Бухоро вилоятининг силга қарши диспансерининг вилоятлараро културал лабораториясининг мудираси, ўз тажрибаси билан ўртоқлашди: «GeneXpert бўйича семинар туфайли, биз силни тез ва аниқ ташҳис қўйишни ўрганиб олдик ва бу ўз навбатида беморларимизга дарҳол даволашни бошлай олиш имконини беради. Биз бу янги кўникмаларни бутун юртимиз бўйлаб вилоят лабораторияларидаги ҳамкасабаларимизга берамиз ва янада кўпроқ кишиларнинг ҳаётини сақлаб қоламиз».

USAID Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигининг Миллий силга қарши дастурни бажаришда ва аҳоли, шу жумладан унинг ижтимоий заиф гуруҳлари орасида ташҳис қўйиш, даволаш ва силнинг олдини олишнинг янада самарали ва мавжуд услубларини тадбиқ этишда қўллаб-қувватламоқда. USAIDнинг силга қарши кураш учун умумий бюджети $7.6 млн бўлган беш йиллик дастурининг асосий мақсади мамлакатда сил касаллиги оқибатларини камайтириш ва силнинг кўплаб дориларга турғун шакллари ривожланишининг олдини олишдан иборат. Дастур кенг кўламли техникавий масалаларни ва соғлиқни сақлаш соҳасининг инсоний ва институционал потенциалини ошириш, ташкилотлараро ҳамкорлик ва координацияни мустаҳкамлаш ҳамда электрон база маълумотларидан фойдаланишни кенгайтириш каби масалаларни ўз ичига олади.