USAID Марказий Осиё Омбудсманлари ўртасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган ҳамкорликни қўллаб-қувватлайди

2022 йил, 28 июнь, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун Марказий Осиёнинг бешта давлати ҳукуматларининг вакиллари бўлган Омбудсманлар минтақада инсон ҳуқуқлари ҳимоясини қўллаб-қувватлашга қаратилган иккита битимни имзоладилар. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан қўллаб-қувватланган шартномалар Тошкентда бўлиб ўтган халқаро форумда имзоланди.   “Марказий Осиё давлатлари омбудсманларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ҳамкорлиги” форуми Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ташкилоти томонидан USAID кўмагида ташкил этилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Тошкент декларацияси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқларнинг олдини олиш чораларини кўриш ва минтақа фуқароларининг инсон ҳуқуқлари бўйича ҳуқуқий маданиятини оширишга содиқлигини яна бир бор тасдиқлайди. Форум доирасида имзоланган ҳамкорлик ҳақидаги битим халқаро ҳамкорликни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқлари соҳасида доимий тажриба алмашишни кўзлайди.

Инсон ҳуқуқларини ҳурмат этиш ва ҳимоя қилиш AҚШ ташқи сиёсатининг асосий мақсади ҳисобланади. Тадбирда сўзга чиққан USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит шундай деди: “USAID бугунги форумни қўллаб-қувватлашидан фахрланади. Инсон ҳуқуқлари бўйича Тошкент декларациясининг имзоланиши келажакда инсон ҳуқуқларини таъминлаш бўйича саъй-ҳаракатларга туртки бўлади. Ушбу туртки ҳаракат билан қўллаб-қувватланганда эса имзоловчилар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш бўйича умумий тараққиётимизга амалда интилишларини намойиш этади”.

Форумда Марказий Осиёнинг бешта давлатидан омбудсманлар, шунингдек, давлат ва халқаро ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг 150 нафар вакили иштирок этди. Форум ва имзоланган битимлар минтақа омбудсманлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлайди. Шунингдек, форум Марказий Осиё минтақасида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш бўйича муҳокамалар учун халқаро платформа бўлиб хизмат қилди.

USAID Омбудсман ташкилотини узоқ вақтдан бери қўллаб-қувватлаб келади, шунингдек, у мазкур институтнинг мустақил фаолият юритиш ваколатларини кенгайтирувчи қонун лойиҳасини ишлаб чиқишга кўмаклашди. USAID Омбудсман институтига бутун мамлакат бўйлаб фуқароларга мурожаат қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш имконини берувчи ускуналарни тақдим этди. Омбудсман идораси USAID кўмагида Aдвокатлар палатаси ва миллий нодавлат нотижорат ташкилотлари билан барча фуқаролар учун одил судловдан фондаланиш имкониятини яхшилаш мақсадида давлат-жамоатчилик шериклик асосида ишлайди.

###

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий хавф-хатарлар, жумладан COVID-19ни бартараф этиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига оқилона ёндашиш салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади. Дастур тўғрисида батафсил маълумот учун https://www.usaid.gov/uzbekistan сайтига ва USAID/Ўзбекистоннинг Facebook саҳифасига ташриф буюринг: www.facebook.com/USAIDUzbekistan.