USAID Амударё ҳавзасидаги тадқиқотни қўллаб-қувватлайди

Тошкентда ўтган семинарда олимлар Амударё ҳавзасида иқлим ўзгаришининг сув сифатига салбий таъсирини намоён этувчи натижаларни тақдим этишди. “Амударё ҳавзасида иқлим оқибатида сув сифати муаммолари бўйича илмий асосланган далилларни тақдим этиш” тадқиқот лойиҳаси Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (CAREC) томонидан Ғарбий Виржиния университети билан ҳамкорликда АҚШ Тараққиёт агентлигининг (USAID) Тадқиқотда иштирок этишни яхшилаш йўлидаги ҳамкорлик (PEER) дастури асосида ўтказилган.

Лойиҳа Марказий Осиёдаги энг катта дарёлар тизимларининг бирида сувнинг сифати ва ривожланаётган иқлим ўзгаришлари ўртасидаги муносабатларни ўрганиб чиқди. CAREC ижрочи директори, доктор Искандар Абдуллаев иқлим ўзгариши ҳар йилги дарё оқимининг камайиши ва қурғоқчилик мавсумининг кўпайишига таъсир кўрсатиши оқибатида уй шароити ва қишлоқ хўжалигида сув сифатининг ёмонлашишига олиб келишини таъкидлаб ўтди. Тадқиқот натижалари ҳокимият сувдан фойдаланиш ва бошқаруви бўйича тўғри қарорлар қабул қилишига ёрдам беради.

USAIDнинг Ўзбекистондаги директори Гэри Роббинс шундай деди: “Сув ресурслари танқислиги мавжуд бўлган вилоятларда сиёсатчиларнинг билим ва ахборотга асосланган қарорларни қабул килишлари муҳимдир. Бугун биз муҳокама қилаётган натижалар аниқ ҳаракатлар томон чорлаши муҳим ахамиятга эга.”

USAID, CAREC, Халқаро сув ресурсларини бошқариш институти (IWMI), Марказий Осиё давлатлараро мувофиқлаштирувчи сув комиссиясининг илмий-ахборот маркази, Амударё ва Сирдарё сув ҳавзаси ташкилотлари ҳамда Потсдам иқлим ўзгариши тадқиқотлари институти вакиллари Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислиги институтининг илмий-инновацион кластерида бўлиб ўтган тадбирда қатнашишди.

PEER, АҚШ олимларини USAIDнинг дастурлари мавжуд бўлган давлатлардаги олимлар билан ҳамкорликда ишлашга бирлаштирадиган рақобатбардош мукофот дастуридир. PEER ҳамкорлик тадқиқотларини қўллаб-қувватлайди, узоқ муддатли муносабатларни шакллантиради ва бутун дунёдаги инсонлар ҳаётини яхшилаш учун имкониятларга эга бўлган илм-фан маълумотларини ривожлантиради. 2011 йилдан буён, PEER 50га яқин мамлакатларда 300 дан ортиқ тадқиқот лойиҳаларини молиялаштирган. Марказий Осиё ва Афғонистонда PEER сувни бошқариш ва иқлим ўзгариши бўйича 17 та ҳамкорликдаги тадқиқотларни қўллаб-қувватлаган, улардан еттитаси Ўзбекистонда олиб борилган.