Бугун AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм Сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев билан биргаликда Бухоро вилоятидаги Ёмонжар ирригация тизимини янгилашга бағишланган виртуал тадбирни Тошкентда очишди. Қайта тиклаш ишлари Марказий Осиё минтақавий экология маркази (МОМЭМ) амалга ошираётган “Сув, таълим ва ҳамкорлик”(Smart Waters) лойиҳаси доирасида AҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилди.
Ёмонжар Ўзбекистоннинг энг қурғоқчил ҳудудларидан бири бўлиб, у Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида жойлашган суғориш каналидир. Гидропостлар ва ўлчаш ускуналарининг мавжуд эмаслиги сабабли фермерлар ўртасида сув тақсимотининг мувофиқлаштирилмаганлиги ҳудуддаги асосий муаммо эди. 1978 йилда қурилган канал Ўзбекистоннинг Бухоро вилояти Қоракўл ва Олот туманларидаги 8000 гектар ерни суғориш учун асосий канал – Aму-Бухородаги сувни йўналтиради, унинг умумий узунлиги 32,5 км бўлиб, қарийб 34 минг кишига хизмат қилади. Ушбу каналда сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш мақсадида ташкил этилган қайта тиклаш ишлари тўсиқ иншооти, гидропостни қуриш, сув чиқариш жойларини реконструкция қилиш ҳамда канал ўзанини бетонлаштиришни ўз ичига олди.
Элчи Розенблюм ўз нутқида шундай деди: «Сув – бу ҳаёт: у ҳар қандай иқтисодиётнинг ўсиши, минтақавий тинчлик ва барқарорлик ҳамда жамоавий фаровонлигимиз учун жуда муҳимдир. Қайта тикланган Ёмонжар канали сувни тежаш ва уни маҳаллий фермерларга суғориш учун тақдим этиш бўйича маҳаллий ҳамжамиятлар томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди, бу ҳам ўз навбатида иқтисодий ривожланиш учун аҳамиятлидир. Ушбу канални қуриш ва тиклаш ишларини қўллаб-қувватлаганимиздан жуда мамнунмиз».
Бундан ташқари, қайта тикланган канал икки туман ўртасида сув истеъмолини ҳисобга олиш ва бу борадаги ҳисоботни такомиллаштиришга, сув ресурсларини бошқаришда шаффофликни таъминлашга ҳамда самарадорликни ошириш ва канал ўзанининг инфильтрациясини қисқатириш орқали сув йўқотишларини камайтиришга имкон беради.
USAID томонидан молиялаштирилаётган “Сув, таълим ва ҳамкорлик” (Smart Waters) дастури Марказий Осиё мамлакатлари ва Aфғонистонга сувни бошқариш бўйича техник кўникмаларни чуқурлаштиришга ёрдам беради ва трансчегаравий масалалар бўйича жамоалар ўртасида мулоқотни йўлга қўйишга ҳамда умумий сув ресурсларини бошқариш қобилиятига эга бўлган профессионал кадрларниўқитишга ёрдам беради.
USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдо ҳажмини ошириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, шу жумладан CОВИД-19 ни бартараф этиш, шунингдек, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун салоҳиятини ошириш бўйича иш олиб бормоқда. Қўшимча маълумот олиш учун қуйидаги сайга: https://www.usaid.gov/central-asia-regional ва Фейсбукдаги USAID/CentralAsia саҳифасига: https://www.facebook.com/USAIDCentralAsia ташриф буюринг.