19 октябрь, Тошкент, Ўзбекистон – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) бутун дунё бўйлаб потенциал харидорларга батафсил маълумот тарқатиш учун Марказий Осиё мамлакатларидаги мева-сабзавот экспорт қилувчилари тўғрисидаги маълумотномани нашр этди.
Маълумотномада Қозоғистон, Қирғизистон Республикаси, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистондаги 120 дан ортиқ экспорт қилувчиларнинг маҳсулотлари (тоифалари бўйича), брендлари, савдо каналлари ва боғланиш учун ахборот ҳақида батафсил маълумотлар келтириб ўтилган. Ушбу маълумотнома транспорт харажатлари ҳисоб-китоби ва мева-сабзавот маҳсулотларини Марказий Осиёдан асосий экспорт бозорларига етказиб бериш учун юк ташиш вақтини ҳисоблашга оид махсус бўлимни ҳам ўз ичига олган.
Асрлар давомида Марказий Осиё ҳудудида кенг кўламда мева-сабзавот маҳсулотлари етиштирилиб келинган ва сотилган. Ҳозирги кунда етиштирувчиларнинг кўпчилиги ўз савдо бозорларини минтақадан ташқарида кенгайтиришга тайёр. Маълумотнома USAIDнинг рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринларини яратиш лойиҳаси томонидан амалий каталог сифатида экспорт қилишга тайёр ва хоҳиш билдирган Марказий Осиё ишлаб чиқарувчилари, маҳсулотни қайта ишловчилар ва савдо компаниялари, шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари рўйхатини минтақадан ташқарида намойиш этиш учун ишлаб чиқилган. Мазкур маълумотнома импорт қилувчилар, дистрибьюторлар, чакана харидорлар ва халқаро кўргазмалар ташкилотчилари учун мўлжалланган.
Марказий Осиё мева-сабзавот экспорт қилувчилари ўртасида экспортнинг барча босқичлари тўғрисида хабардорликни ошириш учун USAID яқинда экспорт бозорларига чиқиш қадамларини тавсифловчи махсус қўлланмани ишлаб чиқди.
Экспорт бўйича қўлланмадан бозорни ўрганиш бўйича тавсиялар, жаҳон андозалари тўғрисида ахборот, нархларни шакллантириш, рағбатлантириш, маҳсулотларни қадоқлаш, халқаро кўргазмалар каби маълумотлар ўрин олган. Қўлланмадаги маълумотлар муваффақиятли экспорт қилиш имкониятларини сезиларли даражада ошириши кўзда тутилган.
Иккала нашр ҳам Марказий Осиё мева-сабзавот маҳсулотларини экспорт қилувчиларига экспортнинг янги йўналишларига йўналтирилган ҳолда рақобатбардошликни оширишда ва анъанавий бозорларга боғлиқликни диверсификация қилишда ёрдам беради.
Америка халқи USAID орқали 1993 йилдан бери Ўзбекистонга 500 миллион АҚШ долларидан ортиқ сармоя киритди. USAID ривожланиш бўйича етакчи халқаро агентлик бўлиб, кўзланган натижаларга эришишда катализатор вазифасини ўтайди. Қўшимча маълумот учун қуйидаги ҳаволага киринг: https://www.usaid.gov/uzbekistan/