USAID Ўзбекистон фермерлари учун GLOBALG.A.P. сертификатини олиш бўйича кенг қамровли қўлланмани чоп этди

4 май 2020 йил, Тошкент шаҳри, Ўзбекистон – Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги («Ўзстандарт») билан ҳамкорликда Ўзбекистоннинг фермер ва агрофирмалари учун GLOBALG.A.P. халқаро сертификатига мувофиқ қишлоқ хўжалигининг илғор тажрибаларини қўллаш орқали халқаро бозорларга рақобатбардош маҳсулот етказишга ёрдам берадиган кенгқамровли қўлланмани нашр этди.

GLOBALG.A.P. халқаро сертификати агробизнес корхоналари учун муайян мезонларни белгиловчи ва яроқсиз озиқ-овқат маҳсулотларини жаҳон бозорларига чиқиш хавфини камайтиришга қаратилган дунёдаги энг йирик қишлоқ хўжалигини сертификатлаштириш дастури ҳисобланади.

USAIDнинг бу қўлланмаси рус тилидаги биринчи GLOBALG.A.P. халқаро сертификати йўриқномаларидан бири бўлиб, у мева-сабзавот етиштириш, йиғим-теримдан кейинги ишлов бериш ва қадоқлаш билан боғлиқ бўлган барча талабларни қамраб олади. Бу эса Ўзбекистон ва қўшни давлатлардаги агробизнес корхоналарига фермер хўжаликлари талабларини бажаришга ёрдам беради. Пировард натижада бу йўриқнома, ўзбекистонлик экспортчиларга халқаро сифат ва озиқ-овқат хавфсизлиги талабларини бажарган ҳолда, ўз маҳсулотларини жаҳон бозорларига юқори нархларда сотиш учун қўлланма сифатида хизмат қилади. Қўлланманинг босма ва электрон нусхалари (PDF 6.1 MB) мавжуд.

USAIDнинг Марказий Осиё бўйича миссияси Ўзбекистондаги офиси директори Гэри Роббинс шундай деди: «Халқаро бозор талабларига жавоб бериш боғдорчилик маҳсулотларининг сифатини оширишдан бошланади. Ушбу қўлланма Ўзбекистон агробизнес корхоналарига амалиёт жараёнларини такомиллаштириш, маҳсулотлар хавфсизлиги ва сифатини яхшилаш учун доимий манба бўлиб, бу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорларга қўшилган юқори қийматга эга бўлган маҳсулотлар учун ихтисослаштирилган жаҳон бозорларига кириб бориш имкониятини беради».

2015 йилдан бери USAID Ўзбекистонда GLOBALG.A.P. халқаро сертификати дастурини қабул қилишни қўллаб-қувватламоқда ва бу борада «Ўзстандарт» агентлиги билан ҳамкорлик қилиб келмоқда.  «Ўзстандарт» барча тармоқлар бўйича стандартларни ўрнатиш ва амалга ошириш учун масъул ташкилот ҳисобланади. 2020 йилда агентликка 155 та фермер хўжаликларида GLOBALG.A.P. стандартини жорий этиш бўйича мураккаб вазифа юклатилган (2019 йил Ўзбекистондаги 4 та фермер хўжалиги сертификатланган эди). USAID буни амалга оширишда Ўзбекистон  агробизнес корхоналарини халқаро стандартларга кириш ва сертификат олиш қобилиятларини яхшилаш учун аккредитацияланган манба материаллари билан таъминлаш, консалтинг ва аудит хизматларини тақдим этиш орқали қўллаб-қувватлаб келмоқда. USAID Ўзбекистондаги 56 нафар мутахассисга GLOBALG.A.P. халқаро сертификати бўйича бошланғич билим ва малакаларни эгаллашида ҳамда бирламчи сертификатлаштиришда кўмаклашди. Уларнинг  16 нафари «Ўзстандарт» агентлигида фаолият юритади. Бир нафар маҳаллий консултант эса Марказий Осиёдаги GLOBALG.A.P. халқаро сертификатига эга бўлган биринчи ва ўзбек тилида сўзлашувчи ягона лицензияланган фермер маслаҳатчиси бўлишга сазовор бўлди. Дунё бўйича бундай маслаҳатчиларнинг сони атиги 74 кишидан иборат. Ўзбекистон агробизнеси корхоналари олдида турган GLOBALG.A.P. халқаро сертификати талабларига жавоб беришдаги энг асосий муаммолардан бири – бу сертификат мезонларини тушуниш ва унга эришиш учун қилиниши  лозим бўлган ва бўлмаган амалиётлар тўғрисидаги ёзма қўлланманинг мавжуд эмаслигида эди. Америка халқининг кўмаги билан Ўзбекистон фермерлари энди ишончли қўлланмага эга бўлдилар.

USAIDнинг Қишлоқ хўжалигида қиймат занжирини ривожлантириш лойиҳаси Ўзбекистонда юқори қўшилган қийматли тижорат боғдорчилигини ривожлантиришга қаратилган беш йиллик дастурдир. 2015 йилда бошланган лойиҳа Ўзбекистондаги 600 дан ортиқ ташкилот ва корхоналарни, шу жумладан мева-сабзавот маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар, қайта ишловчилар, совуқхоналар эгалари ва қиймат занжири бўйлаб экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлади. USAID ривожланиш бўйича етакчи халқаро агентлик бўлиб, барқарор тараққиётга эришиш учун ёрдам берувчи ташкилот ҳисобланади. 

USAID фаолияти AҚШ миллий хавфсизлигини ҳамда иқтисодий фаровонликни олға суради, Aмерика саҳоватини намойиш этади ва ёрдам олувчи мамлакатлар ўз кучига таянадиган барқарор давлат бўлиши йўлида кўмак беради. Қўшимча маълумот олиш учун қуйидаги веб-сайтга: https://www.usaid.gov/central-asia-regionalва Facebook саҳифасига ташриф буюринг: https://www.facebook.com/USAIDCentralAsia.