16 июль чоршанба куни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари Асилбек Худоёров, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси муваққат ишлар вакили Филип Казнет ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Асмус Хаммерих Соғлиқни сақлаш вазирлигига сил касаллигини тезда аниқлаб берувчи тўртта махсус тиббий ускунани топширди. Ушбу тадбир Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пульмонология илмий-амалий марказида бўлиб ўтди. Унда ташқи ишлар ва соғлиқни сақлаш вазирликлари вакиллари ва бошқа расмий шахслар иштирок этди.
Қиймати 271 000 АҚШ доллари бўлган сил касаллигини тезда аниқлаб берувчи тўртта махсус тиббий ускунани сотиб олишда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) ёрдам берди. Ускуна икки соатга яқин вақт ичида бирданига сил касаллиги ва рифампицинга чидамлиликни аниқлаб беради. Бу эса беморларга ўша куниёқ тегишли даволаш курсларини бошлаш имконини яратади. Сил касаллигини ўз вақтида аниқлаш тиббиёт муассаларининг тўғри даволаш ва касаллик тарқалишининг олдини олиш бўйича имкониятларини оширади. Айни пайтда Ўзбекистонда 17 та ана шундай ускунадан фойдаланилмоқда.

“Сил касаллигига қарши кураш АҚШ ҳукуматининг асосий вазифаларидан бири саналади,”- деди муваққат ишлар вакили Филип Казнет. “Биз Ўзбекистон ҳукумати билан сил касаллигини аниқлаш, уни даволашни яхшилаш ҳамда даво топиш мумкин бўлган бу касалликдан аҳолининг уялиш ҳиссини камайтиришда яқиндан ҳамкорлик қилмоқдамиз”.
АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) Ўзбекистон ҳукуматининг сил касаллиги билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга доир саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистон ҳукумати ва ЮСАИД ўртасида силга қарши курашиш йўлидаги ҳамкорлик сўнгги ўн йил ичида бундай касалликка чалиниш ва ўлим ҳолатининг қисқаришига ёрдам берди.
1992 йилдан буён АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (ЮСАИД) Ўзбекистон Республикасига 356 миллион доллардан ортиқ ёрдам кўрсатди.
