2021 йил, 8 октябрь – Бугун АҚШнинг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Андижон вилояти дори воситалари сифатини назорат қилиш лабораториясига юқори самарадорли суюқ хроматография жиҳозларини тақдим этди. Ушбу лаборатория жиҳозлари фармацевтика маҳсулоти сифатини илғор халқаро тажриба ва стандартларга мос равишда синаш учун зарур.
Маросимда USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги, Андижон фармацевтика эркин иқтисодий зонаси ҳамда Дори воситалари ва тиббий техниканинг экспертизаси ва стандартлаш давлат марказининг Андижон минтақавий бўлими (Дори воситалари сифатини назорат қилиш Андижон лабораторияси) вакиллари қатнашдилар.
«Ушбу тақдимот Ўзбекистон тиббий маҳсулотлари сифатини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг дастлабки малакалаш жараёнида жорий этган халқаро стандартларига кўтаришга йўналтирилган қатъиятимиз белгисидир. Халқаро лаборатория амалиёти стандартлари бўйича синовдан ўтган тиббий маҳсулот ишлаб чиқариш – Ўзбекистон Ҳукуматининг фармацевтика соҳасида олдига қўйган муҳим вазифаларидан биридир. Бу Ўзбекистон халқининг саломатлиги ва фаровонлигига катта фойда келтиради. USAID ушбу муҳим жараёнда қатнашганидан бағоят мамнун», – деди маросим чоғида USAIDнинг Ўзбекистондаги миссиясининг соғлиқни сақлашни ривожлантириш бўлими раҳбари Черри Гумапас.
Юқори самарадорли суюқ хроматография жиҳози USAIDнинг «Сифатли дори воситаларини қўллашни рағбатлантириш плюс (PQM+)» лойиҳаси доирасида харид қилинган бўлиб, у дори воситаларини фармацевтика соҳасининг барча секторларида синаш учун қўлланади.
USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдо-сотиқни кенгайтириш, аҳоли саломатлигига бўлган жиддий таҳдидларни, жумладан COVID-19ни бартараф этиш ва аҳоли эҳтиёжларини қондиришда ҳукумат салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади. Қўшимча ахборот олиш учун, марҳамат https://www.usaid.gov/uzbekistan сайтига киринг.