USAID Марказий Осиёда иқтисодий ўсишга хисса қўшиш мақсадида мева ва сабзавотларнинг экспорт салоҳиятини оширишни қўллаб-қувватламоқда

Америка Қўшма Штатларининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Марказий Осиёда иқтисодий ўсишга хисса қўшиш мақсадида мева ва сабзавотларнинг экспорт салоҳиятини оширишни қўллаб-қувватламоқда

Тадбирнинг «бизнесдан бизнесга» форматида ўтган биринчи кунининг дастлабки натижаларига кўра, келгусидаги ҳамкорлик бўйича 35 миллион доллардан ортиқ суммага келишувлар имзоланган.

Самарқанд, Ўзбекистон, 27 апрель 2017 йил – Бугун Америка Қўшма Штатларининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID), Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Германиянинг Халқаро ҳамкорлик ташкилоти (GIZ) билан ҳамкорликда Самарқанд вилоятида Марказий Осиёда мева ва сабзавотларнинг минтақавий экспортини кенгайтириш ва рақобатни кучайтиришни қўллаб-қувватлашга бағишланган бизнес-форумни ташкиллаштиришди.

Америка Қўшма Штатларининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAIDнинг Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринларини ташкил этиш бўйича лойиҳаси ), Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси ҳамда GIZнинг “Марказий Осиёда ҳудудий савдони қўллаб-қувватлаш дастури” бугун Самарқанд шаҳрида “Мева-сабзавот маҳсулотларининг экспортини кенгайтириш ва рақобатчиликни кучайтириш” мавзусида бизнес-форум ва мева ва сабзавотлар кўргазмасини ташкил қилдилар. Ушбу тадбирдан кўзланган мақсад мева ва сабзавотларнинг минтақавий экспортини кенгайтириш ва рақобатни кучайтириш орқали Марказий Осиёда иқтисодий ўсишга ҳисса қўшишдан иборатдир.

“Бугунги форум Ўзбекистон компанияларига хорижий харидорлар билан янги етиштирилган ва қайта ишланган мева ва сабзавотларни экспорт қилиш мақсадида алоқалар ўрнатиш ҳамда янги бозорларга чиқиш учун имкониятлар эшигини очиб беради”, деб таъкидлади Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасининг Рақобат муҳитини ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Улуғбек Камолиддинов. “Келгуси режаларимиз экспорт ҳажмини ошириш ва экспорт қилинаётган мева ва сабзавотларнинг турларини кенгайтиришдан иборат”.

Юздан ортиқ мева ва сабзавот ишлаб чиқарувчилари, сотувчилари ва харидорлари, чакана савдо тизими, давлат органлари, инвесторлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари икки кунлик форумга Марказий Осиёда ўзаро савдони янада ривожлантириш, мева-сабзавот маҳсулотлари ва унга боғлиқ секторларнинг экспортини кенгайтириш бўйича мос имкониятларни ва инновацион ечимларни топиш мақсадида тўпландилар. Ушбу форумда Марказий Осиё, Афғонистон, Беларус, Германия, Франция, Исроил, Италия, Латвия, ва Литва келган харидорлар ва экспертлар иштирок этдилар.

“Ўзбекистонда мева ва сабзавотларнинг экспорт қилинишини қўллаб-қувватлаш орқали USAID янги иш ўринларининг ташкил этилиши ва иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ҳамда барқарор ва рақобатбардош хусусий секторни ривожлантиришга кўмак бераяпти”, – деди USAIDнинг Марказий Осиёда ҳудудий савдо бўйича катта маслаҳатчиси Райдер Роджерс.

Мазкур минтақа иқтисодиётининг асосан аграр сектордан ташкил топиши, 60 фоизга яқин аҳоли қишлоқ жойларида истиқомат қилиши ва қишлоқ хўжалигида аҳолининг 45 фоиздан ошиғи иш билан банд  эканлигини эътиборга олсак, Марказий Осиё давлатларида мева ва сабзавот секторини ривожлантириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш иқтисодий томондан муҳим эканлигини кўрсатади.

USAIDнинг Марказий Осиёда рақобатбардошлик, савдо ва иш ўринларини ташкил этиш бўйича лойиҳаси бешта Марказий Осиё давлатларининг иқтисодий ривожланишида экспорт салоҳиятини ошириш, мева ва сабзавот секторида иш ўринларини ташкил этиш, транспорт ва логистика масалаларини кучайтириш билан шуғулланади.   Корхоналарнинг минтақада янада рақобатдош бўлишларини рағбатлантириш ва ўзаро савдога халақит бераётган тўсиқларни бартараф эиш орқали USAID янада хилма-хил ва рақобатдош хусусий секторни оёққа туришига ва экспортга таянган ўсишни ривожлантиришга кўмак беради.