Ўзбекистон озиқ-овқат, ўғит ва ёқилғининг жаҳон нархлари ошиши натижасида юзага келган аҳоли турмуш тарзининг пасайиши, очлик ва тўйиб овқатланмасликни олдини олишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун ёрдам олаётган 50 га яқин давлатдан биридир.
2022 йил, 26 август, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистондаги фермерлар ва ўғит ишлаб чиқарувчиларга 2 миллион долларлик ёрдам кўрсатишини эълон қилди. Янги маблағ аҳолининг заиф қатламларини ўсиб бораётган глобал озиқ-овқат инқирозидан ҳимоя қилишга ёрдам беради ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ўғитлар ҳажми ва сифатини оширишга йўналтирилади.
“Юқори сифатли ўғитлар нархларининг ошиши ёки танқислиги туфайли уларнинг етишмаслиги фермер хўжаликларининг маҳсулдорлиги, ҳосилдорлик, фермерлар даромади, ҳатто иш ўринларнинг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу омиллар озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошишига олиб келади”, – деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблум. “Ажратилаётган маблағ ҳисобидан USAID мамлакатда ўғитларни арзонлаштириш, уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш учун янги технологияларни жорий этиш, ҳамда фермерларга ўғитлардан самаралироқ фойдаланишни ўргатиш орқали Ўзбекистон фермерларини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда”.
Янги маблағ Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларини ҳамда Президент Мирзиёевнинг мамлакатнинг ўзини ўзи таъминлаш борасидаги интилишларини қўллаб-қувватлайди. Ўзбекистоннинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги салоҳиятини кучайтириш орқали USAID бошқа мамлакатларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига ҳаддан ташқари таъсирини олдини олишга ёрдам беради.
Ўтган йил давомида ўғитнинг жаҳон нархлари ўзининг энг юқори кўрсаткичларидан деярли икки баравар ошди, бу эса пандемия бошланганидан бери 200 фоиз ўсишни ташкил этди. Буни инобатга олган ҳолда, USAID Ўзбекистондаги ўғит ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқаришни ҳажмини кўпайтириш, сифатни яхшилаш ҳамда ўғитларни сотишдан маҳаллий ва/ёки минтақавий бозордаги улушини ошириш учун техник кўмак кўрсатади ва янги технологияларнинг жорий этилишини биргаликда молиялаштиради. USAID шунингдек, 5 000 фермер ва қишлоқ хўжалигида экстеншн хизмат кўрсатувчилари учун ўғитлардан оқилона фойдаланиш бўйича илғор тажрибалар бўйича тренинглар ташкил этади.
Маблағлар Германияда бўлиб ўтган G7 саммитида Президент Байден томонидан эълон қилинган глобал озиқ-овқат инқирози таъсирини бартараф этиш учун АҚШ томонидан ажратилган жами 2,76 миллиард долларлик маблағнинг бир қисмидир. Бу маблағ G7 етакчилари томонидан глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ажратилган тахминан 4,5 миллиард доллар маблағларнинг ярмидан кўпини ташкил қилади.
Ушбу ёрдам 50 га яқин мамлакат ва минтақавий ташкилот, жумладан, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат, ўғит ва ёқилғининг жаҳон нархлари ошиши натижасида юзага келган аҳоли турмуш тарзининг пасайиши, очлик ва тўйиб овқатланмаслик эҳтимолининг янада кучайишига йўл қўймасликка қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.
2022 йил 24 февралда Россиянинг Украинага қарши асоссиз уруши бошланганидан бери АҚШ глобал озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозини бартараф этиш учун қарийб 7,6 миллиард доллар миқдорида ёрдам ажратди.