USAID Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлик қилади

USAID Ўзбекистон ўқувчиларининг она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда  математика кўникмаларини такомиллаштиришда Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорлик қилади

2022 йил 8 апрель, Тошкент, Ўзбекистон – Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги раҳбарлигида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Республика таълим маркази 1-4-синфлар учун она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда математика фанлари бўйича янги дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилмоқда. Ушбу ташаббус Ўзбекистон ҳукуматининг ёшларни сифатли таълим орқали ҳаётга тайёрлаш ва таълим олишга ёрдам бериш мақсадини қўллаб-қувватлайди.

2021 йилнинг бошида тажрибали миллий ва халқаро мутахассислардан иборат жамоа бошланғич синф ўқитувчилари билан биргаликда 1-4-синф учун она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда математика фанларидан таълим стандартларини ишлаб чиқди. Кейинчалик мазкур стандартлар асосида қизиқарли контент ҳамда ўқувчиларнинг қизиқишига йўналтирилган юқори сифатли дарсликлар ва ўқитувчилар учун қўлланмалар ишлаб чиқилди. Мазкур материаллар она тили ва ўқиш саводхонлиги фани бўйича 980 тага яқин дарсни ва математика фани бўйича 675 та дарсни ўз ичига олади. Шунингдек, жамоа китобларнинг мазмунини жонлантириб, 3000 тадан ортиқ янги иллюстрациялар яратди.

2022 йилнинг 8 апрель куни USAIDнинг  “Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури” доирасида “Янги маҳсулотларни тақриз қилиш” мавзусида семинар ташкил этилди ва унда Халқ таълими вазирлиги, маҳаллий илмий тадқиқот институтлари ҳамда умумтаълим мактабларининг бошланғич синф ўқитувчилари янги ўқув-методик мажмуалар асосида олиб борилаётган ишлар, ёндашув ва тадқиқотлар ҳақида маълумотга эга бўлди.

Тадбирда иштирок этган Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов, жумладан, шундай деди: “Биз “Ўзбекистон баркамоллик учун таълим дастури» доирасида USAID билан ҳамкорлик қилишдан мамнунмиз. Бу ҳамкорлик мамлакатда амалга оширилаётган таълим ислоҳотларини янги бошқичга олиб чиқади ва ўқувчиларнинг  халқаро миқёсда ижобий натижалар кўрсатишига сабаб бўлади. Ушбу юқори сифатга эга стандарт ва дарсликлар Ўзбекистондаги ўқувчиларга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш ҳамда юқори синфларда ва ҳаёт давомида муваффақиятли инсон бўлиши учун зарур бўлган асосий кўникмаларни ривожлантиришда ёрдам беради”.

Семинардан сўнг маҳсулотларни тақриз қилиш  гуруҳи янги ўқув-методик мажмуалар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини тақдим этади. Июнь ойида стандартлар Халқ таълими вазирлигига тақдим этилади. USAID Халқ таълими вазирлиги билан ҳамкорликда ушбу янги ўқув-методик мажмуаларни 2022-2023 ўқув йилида Наманган ва Сирдарё вилоятларидаги 918 та мактабда тажриба-синовдан ўтказиб, уларнинг замон талабларига мослиги ҳамда ўқувчиларнинг саводхонлик ва ҳисоблашга оид таянч кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилганини текширади.

Тажриба-синов якунида ўқув-методик мажмуалар ўқитувчиларнинг фикр-мулоҳазалари асосида қайта кўриб чиқилиб, уларнинг якуний нашри Халқ таълими вазирлиги томонидан 2023-2024-ўқув йилидан бошлаб мамлакат миқёсида тарқатиш учун чоп этилади. Натижада Ўзбекистонда 2 миллиондан ортиқ ўқувчига юқори сифатли дарслик ва ўн минглаб ўқитувчига эса она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда математика фанларидан  юқори сифатли қўлланмалар етиб бориши кафолатланади. Бошланғич синфларда она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда  математика дарсларини такомиллаштириш ўқувчиларнинг асосий кўникмаларини янада ривожлантиришга асос бўлади ва Ўзбекистон ҳукуматининг 21-аср кўникмаларига эга бўлган битирувчиларни тайёрлашга қаратилган мақсадини янада қўллаб-қувватлайди.

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони ошириш, COVID–19 каби соғлиққа қаратилган жиддий таҳдидларини бартараф этиш ва аҳолининг эҳтиёжларини қондириш учун ҳукумат салоҳиятини мустаҳкамлашда ҳамкорлик қилмоқда. Қўшимча маълумот олиш учун қуйидаги веб сайт https://www.usaid.gov/uzbekistan ва Facebook саҳифасига https://www.facebook.com/USAIDUzbekistan/ мурожаат қилинг: