USAID ва Инновацион ривожланиш вазирлиги Ўзбекистонда агробизнес ва агротуризм ривожи йўлида кучларни бирлаштиради

2022 йил 1 апрель, Тошкент шаҳри, Ўзбекистон – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агенлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги билан шерикликда тадбиркорлар ва маҳаллий корхоналардан агробизнес ва агротуризм соҳаларидаги инновацион маҳсулот ва хизматларни ҳамкорликда молиялаштириш учун ғоялар танловини эълон қилди.

GPS технологиялари, сунъий йўлдош ва дронлардан олинган суратлар, ҳосилни автомат усулида териш ва турли хил мобил иловалар – бу қишлоқ хўжалигида глобал миқёсда жорий этилаётган инновацион ишланмаларнинг айримларигина холос. Инновациялар агробизнесга ривожланиш, ҳосилдорлик ва рентабелликни ошириш, маҳсулотнинг қўшимча қийматини юксалтириш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш имкониятларини тақдим этади.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги секторига инновацион ечимларни жорий этишни рағбатлантириш мақсадида, USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги агробизнес ва агротуризм соҳаларидаги стартаплар ҳамда қишлоқ ҳудудларидаги мавжуд корхоналарни ҳамкорликда молиялаштиради. Бундан мақсад – минтақавий ва халқаро савдо-сотиқни ривожлантириш, аёллар ва ёшларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш ҳамда амалий тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш. Танлов ғолибларига Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда USAIDнинг Агробизнесни ривожлантириш лойиҳасидан қўшимча қийматли маҳсулот ва хизматларни жорий этиш учун қиймати 800 миллион сўмгача бўлган янги технологиялар тақдим этилади.

Аризалар 2022 йил 1 майга қадар қабул қилинади. Эълон ва концепция ҳужжатининг намунасини бу ердан юклаб олиш мумкин.

Мазкур ташаббус USAIDнинг беш йилга мўлжалланган Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда амалга оширилаётган Агробизнесни ривожлантириш лойиҳаси доирасида илгари сурилган. Лойиҳанинг мақсади Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида хусусий сектор етакчилигидаги ўсиш жараёнларини қўллаб-қувватлаб, бунга муайян қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг қиймат занжири бўйлаб қўшимча қиймат ҳажмини кўпайтириш имконини берадиган технологиялар ҳамда бошқарувнинг янги амалиётларини жорий этишдан иборат. Мазкур саъй-ҳаракатлар Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг қўшимча қиймат кўрсаткичини ошириш, аёллар ва ёшларни қамраб олиш, таълим муассасаларининг фаолиятини хусусий сектор талабларига мослаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги учун қулай сиёсий қарор ва чора-тадбирларнинг жорий этилишига кўмаклашишга қаратилади.

USAID Ўзбекистон Ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш, минтақавий савдо-сотиқ ҳамжини кўпайтириш, соғлиқни сақлаш соҳасидаги жиддий таҳдидлар, шу жумладан, COVID-19га қарши кураш ва аҳолининг эҳтиёжларини самарали қондириш учун Ҳукуматнинг салоҳиятини ошириш каби йўналишларда шериклик қилиб келмоқда. Қўшимча маълумот учун https://www.usaid.gov/uzbekistan манзилига ва Facebook https://www.facebook.com/USAIDUzbekistan/ саҳифасига ташриф буюришингиз мумкин.