USAID, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тошкент давлат аграр университети Ер кунини нишонлади

2022 йил 22 апрель – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Тошкент давлат аграр университети (ТДАУ) билан ҳамкорликда Ер кунини нишонлаш маросимини ўтказди. Тошкент давлат аграр университети (ТДAУ) проректори Алишер Ҳасанов, Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири маслаҳатчиси Алишер Шукуров, ТДAУ талабалари ва ҳодимлари билан биргаликда “Талабаларнинг экологик танлови” ғолибларини тақдирлаш ва 2022 йилги Ер кунини нишонлашга бағишланган дарахт экиш маросимида қатнашиш мақсадида AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм ва USAID миссияси директори Микаела Мередит ТДAУга ташриф буюришди.

“Биз бугун дунё аҳолиси қаршисида турган экологик муаммоларнинг долзарблигини таъкидлаш учун бу ерга йиғилдик. Айтиб ўтиш жоизки, биз иқлим ўзгаришига қарши ҳозирданоқ ҳаракат қилишимиз керак ва бу жараёнга ёшларни жалб қилиш жуда муҳим. ТДAУ Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги учун келажак етакчиларини тайёрламоқда ва бу ёшлар инновацион ёндашувлар ҳамда барқарор қишлоқ хўжалиги амалиётларини жорий этувчилар бўлади”, – деди AҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблюм.

2022 йил март ойида USAIDнинг Aгробизнесни ривожлантириш лойиҳаси томонидан Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва ТДAУ билан ҳамкорликда Бутунжаҳон Ер кунига бағишланган талабаларнинг экологик лойиҳалари танлови эълон қилинган эди. Танлов ғолиблари – ТДАУнинг доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сертификация ва стандартизация йўналишида таҳсил олаётган Гулҳаё Яхшибекова, Нозима Aбдусаломова ва Шоҳрух Тўхтасиновлар ТДAУ талабалар шаҳарчаси атрофидаги дарахтларни рўйхатга олиш учун “QR code“ тизимини жорий қилиш лойиҳасини таклиф қилишди. Университет ҳудудида жойлашган дарахтларни QR код билан белгилаш, муайян дарахт навлари ҳақидаги маълумотларни йиғиш ва онлайн ахборот базасини яратиш орқали уларнинг ҳимоясини таъминлайди.

“Аёллар, ёшлар ва бошқаларнинг иқлим ўзгаришига қарши курашиш имкониятларини кенгайтириш иқлим инқирозини муваффақиятли ҳал этишда муҳим аҳамиятга эга”, – деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит. “Танлов доирасидаги рақобат талабаларга танқидий фикрлашга туртки бергани ва уларни экологик барқарор ечимлар ҳақида ўйлашга ундаганидан хурсандмиз. “Глобал фикрла, маҳаллий доирада ҳаракат қил!” фалсафасига амал қилган ҳолда, ушбу амалий ечимлар авввал университет ҳудудида, сўнгра Ўзбекистондаги экологик муаммоларни ҳал қилишда  бутун мамлакат бўйлаб жорий этилиши мумкин”, – дея қўшимча қилди у.

USAID Ўзбекистон Ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва ҳудудий савдо ҳажмини кўпайтириш, жамоат хавфсизлиги учун жиддий таҳдидларни, жумладан COVID-19 таҳдидини йўқотиш ва Ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига жавоб чораларини кўриш салоҳиятини ошириш мақсадида ҳамкорлик қилмоқда. Қўшимча маълумотлар олиш учун қуйидаги манзилга https://www.usaid.gov/uzbekistan ёки Facebook саҳифага https://www.facebook.com/USAIDUzbekistan/ мурожаат қилишингизни сўраймиз.