2022 йил 24 март, Тошкент – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан биргаликда Ўзбекистонда Бутунжаҳон туберкулёзга қарши кураш кунини нишонлади. USAID ушбу кунни Соғлиқни сақлаш вазирлигига 16 та GeneXpert диагностика ускунасини совға қилиш ва туберкулёз касаллиги, стигма ва камситишнинг олдини олиш бўйича болалар расмлари кўргазмалари ва акцияларини ташкил этиш, шунингдек, аҳолининг туберкулёз касаллиги ҳақида хабардорлигини ошириш мақсадида Жиззах, Гулистон ва Фарғона шаҳарларида хайрия концертини ўтказиш орқали нишонлади.
Ҳар йили 24 март Бутунжаҳон туберкулёзга қарши кураш куни дунё бўйлаб ҳар куни 4000 дан ортиқ кишининг ҳаётига зомин бўлаётган касалликнинг инсонларнинг соғлиғи ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётига ҳалокатли таъсири ҳақида жамоатчилик хабардорлигини ошириш мақсадида нишонланади. Сўнгги икки йил айниқса мураккаб бўлиб, COVID-19 пандемияси туберкулёзга қарши кураш чораларининг самарадорлик таъсирини камайтирди. Ўзбекистон сўнгги ўн йил ичида туберкулёз касаллиги билан касалланиш ва унинг натижасидаги ўлим ҳолатларини камайтириш бўйича барқарор ютуқларга эришган бўлса-да, касалликнинг дори воситаларига турғун бўлган шаклларини даволаш кўрсаткичлари паст даражада сақланиб қолмоқда.
“Сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикасининг соғлиқни сақлаш тизими туберкулёз касаллигига қарши курашиш, аҳоли ўртасида касаллик ҳақида хабардорликни ошириш бўйича салмоқли натижаларга эришди. Аммо мамлакат ҳали ҳам бир қатор муаммоларга, жумладан, касалликнинг дори-дармонларга чидамли шаклларининг тарқалиши муаммоларига дуч келмоқда. Биргаликда ишлаш орқали биз Ўзбекистонда, минтақада ва бутун дунёда аҳоли ҳаётини сақлаб қолиш ва оилаларни соғлом сақлашга ёрдам берадиган ўзгаришларни амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни давом эттиришимиз мумкин. Ҳамкорлигингиз ва умумий мақсадимиз – Ўзбекистонда туберкулёз касаллигини йўқ қилиш йўлидаги садоқатингиз учун миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз”,- деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Даниел Розенблум.
“Биз бу курашда ёлғиз эмаслигимиздан хурсандмиз. USAID, бошқа донор агентликлар, соғлиқни сақлаш муассасалари ва маҳаллий нодавлат нотижорат ташкилотлари биз билан ҳамкорлик қилиб, ўз тажрибалари билан ўртоқлашишлари натижасида мамлакатимизда туберкулёз касаллиги юкини камайтириш имконияти яратилмоқда,”- деди Республика ихтисослаштирилган фтизиатрия ва пулмонология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Наргиза Парпиева.
Сўнгги олти ой давомида USAID Ўзбекистон ҳукуматига умумий қиймати қарийб 700 минг АҚШ долларига тенг туберкулёз касаллигини тезкор диагностика қилишга мўлжалланган GeneXpert тизимларини беғараз аснода тақдим этган бўлиб, шу жумладан бугунги маросимда 16 дона шу каби ускуна тақдим этилди. GeneXpert тизими бир кун ичида тиббий тест натижаларини тақдим этиш имконига эга бўлган ўзига хос инқилобий ускуна бўлиб, бу беморларга зудлик билан тиббий ёрдам олиш имконини яратади. Бундай ускунанинг эски аналоглари синов натижаларини 80 кунгача бўлган муддатда олиш имконини берар эди. GeneXpert тизими нафақат беморда туберкулёз касаллиги мавжудлигини, балки касалликнинг маълум бир турини даволаш учун одатда буюриладиган антибиотикларга чидамлилигини текшириш имконини яратади, бу эса шифокорларга бемор учун энг самарали дори-дармонларни танлаш имконини беради.
“USAID туберкулёзга қарши курашда Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорлик қилишдан фахрланади. Ўтган йиллардаги биргаликдаги саъй-ҳаракатларимиз туфайли биз туберкулёз касаллиги юкламасини камайтириш ва ўзбек оилалари фаровонлигини оширишга ҳисса қўшишга муваффақ бўлдик”,- деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит.
USAID соғлиқни сақлаш вазирлигининг туберкулёзга қарши Миллий дастури доирасида тиббиёт мутахассисларини тайёрлаш, туберкулёзга қарши дори воситалари, тиббий ва лаборатория жиҳозлари билан таъминлашни яхшилаш, туберкулёз касаллигининг олдини олиш, аниқлаш ва даволаш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтириш мақсадида узоқ йиллик ҳамкорлик тарихига эга. Масалан, 2021 йилда USAID 1700 дан ортиқ туберкулёзни даволаш бўйича мутахассисни қайта тайёрлади ва туберкулёз касаллиги билан оғриш хавфи остидаги 3000 дан ортиқ шахсни скринингдан ўтказди.
USAID, шунингдек, оммавий тадбирлар, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик ва материалларни ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш орқали аҳолининг туберкулёз касаллиги ҳақида хабардорлигини ошириш ва касаллик билан боғлиқ стигма ва нотўғри маълумотни камайтириш мақсадида туберкулёзга қарши Миллий дастурни амалга ошириш учун бошқа маҳаллий ва халқаро шериклар билан яқиндан ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.
Қарийб сўнгги 30 йил давомида USAID Ўзбекистон аҳолисининг саломатлиги ва фаровонлигини ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси билан ҳамкорлик қилиб келиб, шу давр мобайнида мамлакат соғлиқни сақлаш соҳасига 146 миллион доллардан ортиқ сармоя киритди. USAID, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдо-сотиқ даражасини янада кўпайтириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, жумладан, COVID-19 ни бартараф этиш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига жавоб бериш салоҳиятини ошириш бўйича ҳамкорлик қилмоқда. Қўшимча маълумот олиш учун веб-сайт (https://www.usaid.gov/uzbekistan) ва фейсбукдаги саҳифага (https://www.facebook.com/USAIDUzbekistan) ташриф буюринг.