USAID бешинчи йиллик Марказий Осиё савдо форумини ташкиллаштирди

28-29 октябр кунлари USAIDнинг минтақавий иқтисодий хамкорлик лойиҳаси (REC) Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) ҳамда Европада тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) билан ҳамкорликда «Марказий Осиёда савдо-сотиқни ривожлантиришнинг янги устувор истиқболлари» мавзусида халқаро анжуман ўтказди. Марказий ва Жанубий Осиёнинг давлат муассасалари, хусусий бизнес, агрофирма ва фермерлари, якка тартибдаги тадбиркорлар, савдо-сотиқни тарғиб этувчи агентликлар, саноат соҳаси мутахассислари ва халқаро ташкилотлардан 500 дан ортиқ иштирокчи-экспортёрлар минтақадаги энг йирик тадбирда иштирок этиш учун Олма-отада йиғилдилар.

Мазкур тадбирнинг стратегик мақсади экспортда ҳамкорлик имкониятларини яхшилаш ва замонавий иқтисодий соҳаларда Марказий ва Жанубий Осиё тадбиркорлари ўртасида трансчегаравий савдони рағбатлантириш эди. Экспорт қийматини ошириш ҳақидаги суҳбатлар давомида транспорт ва логистика, сертификатлаш ва стандартлаштириш, боғдорчилик соҳасида экспортни тарғиб этиш стратегияси, фармацевтика, савдо, молия, божхона тарифлари ва тадбиркор аёлларни қўллаб-қуватлаш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистондан юқори даражали ҳукумат вакиллари, хусусан Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Давлат қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзфармсаноат» ҳиссадорлик концерни ва Савдо-саноат палатаси тадбир давомида фаол маьрузачилар ва модераторлар сифатида иштирок этдилар.

Савдо кўргазмаси давомида 8 та хусусий тадбиркорлик субъектлари тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, аньанавий ҳунармандчилик маҳсулотларини тақдим этди. Хусусан, мош ва ловия етказиб бериш бўйича Ўзбекистон ва Афғонистон компаниялари ўртасида 20 миллион АҚШ доллари миқдорида шартномалар имзоланди. Шунингдек, транспорт ва логистика соҳасида Ўзбекистон ва Қозоғистон компаниялари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандумлар имзоланди.

people at a table
Ўзбекистон вакиллари 28-29 октябрда Олма-отада бўлиб ўтган Бешинчи Марказий Осиё савдо форумида (USAID тақдим қилган сурат)