USAID Ўзбекистонда қишлоқ ҳудудларидаги аёллар учун тадбиркорлик ўқув дастурини бошлади

2022 йил 16 сентябрь, Тошкент, Ўзбекистан – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларидаги 600 нафар аёл учун мўлжалланган табрикорлик бўйича ўқув дастурини эълон қилди. Ташаббус қиймати 3,4 миллион АҚШ долларига тенг бўлган Аёлларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш дастури доирасида амалга оширилаётган бўлиб, у Ўзбекистондаги қишлоқ аёлларини улар меҳнат бозорида тадбиркор ва малакали ишчи сифатида иштирок этишига кўмаклашиш орқали қўллаб-қувватлашга қаратилган. Тренинг жорий йилнинг 26 сентябрида бошланади.

USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит иқтисодиётда гендер тенглигининг муҳимлигини таъкидлаган ҳолда шундай деди: “Америка Қўшма Штатлари Ўзбекистонни жадал ва барқарор иқтисодий ўсишга эришишда қўллаб-қувватлашга тайёр. Бу мақсадларга эса аёллар корхона раҳбари, малакали ишчи ёки тадбиркор сифатида иқтисодиётда иштирок этиш имкониятига эга бўлгандагина эришиш мумкин”.

Охирги йилларда Ўзбекистон хотин-қизлар учун имкониятларни яратиш борасида сезиларли натижаларга эришди.  Давлат томонидан аёлларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга қаратилган чораларнинг эълон қилиниши, шу жумладан, 2021 йилда Аёлларни қўллаб-қувватлаш жамғармасининг ташкил этилиши, аёллар учун соғлиқни сақлаш ҳамда фан ва таълим соҳаларидаги хизматлардан фойдаланиш имкониятларининг кенгайтирилиши  гендер тенглиги ва инклюзив иқтисодий ўсишни таъминлашдаги муҳим қадамлар бўлди.

USAID Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларидаги аёллар учун  мўлжалланган ўқув дастури аёл раҳбар томонидан бошқариладиган ва бутун Ўзбекистон бўйлаб тайёргарлик соҳасидаги ечимларни тақдим этишга ихтисослашган Forta Business Education хусусий компанияси томонидан амалга оширилмоқда. Иштирокчилар бизнес-амалиётлар, стратегик бошқарув ва электрон тижоратни ўрганишади.  USAID дастур битирувчиларига ўз бизнесини очиш, малакали иш топиш ва амалиёт ўташда кўмаклашади.

2021 йилнинг апрель ойидан буён USAID кўмагида мингдан зиёд аёл бухгалтерия ҳисоби, молиявий саводхонлик, тадбиркорлик асослари, ижтимоий тармоқ маркетинги (SMM), график дизайн ва шу каби бошқа йўналишларда ўқиди. Натижада юздан зиёд аёл ўз бизнесини очишга ёки малакали иш топишга муваффақ бўлди. Қолган иштирокчилар эса бизнес-режаларини ишлаб чиқиш ва иш қидиришда мураббийлардан кўмак олиб келмоқда.