1 июль 2021 йил, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун Қўшма Штатлар ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали қиймати 399 213 долларга тенг бўлган 131 тонна озиқ-овқат ёрдамини Ўзбекистонга етказиб берди. Келтирилган юк тўйимли сабзавотлар ва дуккаклилар аралашмасидан иборат бўлиб, соғлиқни сақлаш ҳамда ижтимоий ҳимоя муассасалари ва ёрдамга муҳтож оилаларга тарқатилади.
Бир юз ўттиздан зиёд соғлиқни сақлаш ва ижтимоий ҳимоя муассасаларидаги, жумладан COVID-19 бўйича карантин хизматларини кўрсатаётган, кўп дори-дармонларга чидамлилиги бор сил касалига чалинган беморларга узоқ муддатли ёрдам бераётган мамлакатдаги 30 000 дан ортиқ энг ёрдамга муҳтож фуқаролар, болалар уйлари ва психиатрик муассасалар мазкур ёрдамни олишади.
“Мазкур дастур Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасидаги овқатланиш сифатини яхшилаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламида соғлом ва самарали турмуш кечириш учун зарур бўлган етарли миқдордаги, хавфсиз ва тўйимли озиқ-овқати бўлишини таъминлаш борасидаги доимий ҳамкорликни намойиш этади”,- деди USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит ўз нутқида.
2010 йилдан буён, USAIDнинг озиқ-овқат кўмагини бериш халқаро ҳамкорлик дастури доирасида қиймати 3,5 миллион доллардан ортиқ 1 300 тонна озиқ-овқат ёрдами Ўзбекистонга етказиб берилган. Беғараз ёрдам сифатида берилган бу озиқ-овқат маҳсулотлари Американинг нотижорат ташкилоти “Resource and Policy Exchange” томонидан “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси билан ҳамкорликда тарқатилади.
Ўзбекистонга яқинда келтирилган бу гуманитар ёрдам АҚШнинг соғлиқни сақлаш соҳасига киритган 122 миллион АҚШ доллардан зиёд узоқ муддатли сармоясининг давоми бўлиб, сўнгги 20 йил мобайнида берилган умумий ёрдам қиймати 1 миллиард АҚШ долларидан ошган.
USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификация қилиш ва минтақавий савдони ошириш, соғлиқ учун жиддий таҳдидларни, шу жумладан COVID-19ни бартараф этиш ва ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларини қондириш учун салоҳиятини ошириш учун ҳамкорлик қилмоқда. Қўшимча маълумот учун ташриф буюринг: https://www.usaid.gov/uzbekistan.