2023 йил 8-сентябр, Тошкент, Ўзбекистон – Бугун АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистон ҳукумати билан Ўзбекистонда сил ва бошқа касалликларга қарши дори воситаларидан хавфсиз ва сифатли фойдаланиш имкониятини кенгайтириш бўйича янги Англашув меморандумини имзолади.
Ўзбекистон-АҚШ тарихида илк бор Тошкентда бўлиб ўтган “Соғлиқни сақлаш соҳасидаги форум” доирасида USAIDнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Девид Хоффман ва Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Ўзбекистонда дори воситалари сифатини яхшилаш ва фармацевтика тармоғи ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида, USAID ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика маҳсулотлари хавфсизлиги маркази ўртасида Англашув меморандумини имзоладилар.
“USAID Ўзбекистон ҳукуматини Ўзбекистон-АҚШ тарихида илк бор бўлиб ўтган “Соғлиқни сақлаш соҳасидаги форум”ни ташкил этгани билан табриклайди, чунки ушбу форум мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик ва мувофиқлаштириш ишлари учун эшикларни янада кенгроқ очиб беради”, деб таъкидлади жаноб Хоффман.
АҚШ Фармакопияси томонидан амалга оширилаётган “Сифатли дори воситаларини тарғиб қилиш плюс” дастури орқали, USAID Ўзбекистондаги миллий манфаатдор томонлар ва ҳамкорлар билан дори воситалари сифатини таъминлаш тизимини барқарор мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг сифати кафолатланган муҳим дори воситалари ва тиббий буюмлардан фойдаланиш имкониятларини яхшилаш мақсадида, яқиндан ҳамкорлик қилади.
Бугун имзоланган Меморандум икки ҳукуматнинг барча учун саломатликни яхшилаш бўйича умумий мақсадларга эришиш йўлидаги ишларни давом эттиришда ҳамфикр эканлигини таъкидлайди.