USAID Қозоғистонда 12-йиллик Марказий Осиё савдо форумини ўтказмоқда

Остона, Қозоғистон, 2022 йил, 12 октябрь – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Қозоғистоннинг Остона шаҳрида “Божхона хизматларини рақамлаштириш: қоғозсиз савдо сари” мавзусидаги 12-йиллик Марказий Осиё савдо форумини ўтказмоқда. Бу алоқа ва савдони ривожлантириш борасидаги юқори даражадаги аҳамиятга эга бўлган икки кунлик халқаро тадбирдир.

Форум Марказий Осиё божхона маъмуриятлари вакилларини рақамли ечимлар ва хизматларни ишлаб чиқиш, илғор технологиялар – катта маълумотлар, телематика ва булутли хизматлардан фойдаланиш – кабиларни жорий этиш, операцион самарадорликни ошириш ва божхона хизматларининг ишлаш усулларини қайта кўриб чиқиш бўйича олиб борилаётган ишларни муҳокама қилиш учун бирлаштирди. Марказий Осиё, Озарбайжон, Грузия, Корея Республикаси, Латвия ва АҚШ божхона маъмуриятларининг 200 дан ортиқ вакиллари илғор рақамли воситалар ва технологияларни ўрганиш учун йиғилдилар.

USAIDнинг Марказий Осиёдаги минтақавий миссиясининг Иқтисодий ривожланиш департаменти директори Лаура Чизмо ўз нутқида қуйидагиларни таъкидлади: “Ушбу савдо форуми 2011 йилдан буён ҳар йили ўтказиб келинмоқда. Шундай қилиб, мазкур форум АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ХХ асрда бошланган ҳамкорлик анъаналарини давом эттирмоқда”.

USAIDнинг Марказий Осиё савдо дастури Марказий Осиё савдо форумини бир қатор ҳамкорлари билан биргаликда ўтказмоқда, жумладан, Қозоғистон Республикаси Молия вазирлигининг Давлат даромадлари қўмитаси, Қирғизистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат божхона хизмати, Тожикистон Республикаси Ҳукумати ҳузуридаги Давлат божхона хизмати, Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитаси ва Deutsche Gesellschaft für Internationale Zusammenarbeit (GIZ) GmbH, шунингдек, Astana Times, “Бизнес Мир” журнали, Қозоғистон Пресс-клуби, Kapital.kz, Profit.kz и Транс Logistics кабилардан иборат бўлган ОАВ вакиллари.

Иштирокчилар божхона хизматларини рақамли ислоҳоти бўйича сўнгги янгиликлар ва рақамли ижронинг роли; транзит салоҳиятини ошириш ва савдони осонлаштириш учун рақамлаштиришни жадаллаштириш; Транскаспий халқаро транспорт йўналиши; халқаро транзит тизимлари; савдога кўмаклашиш миллий қўмиталари орқали минтақавий ҳамкорлик, божхона сиёсати ва амалга оширилишини яхшилаш мумкин бўлган коррупцияга қарши чоралар, шунингдек, бож ва солиқларни йиғиш ва олдиндан маълумот алмашишни кўпайтиришни муҳокама қилдилар.

Марказий Осиёда катта ўзгаришлар рўй бермоқда. Биргина сўнгги беш йилда минтақада ички товар айирбошлаш ҳажми икки баравар ошди. Марказий Осиё давлатларининг ташқи дунё билан савдоси ҳам жадал ривожланмоқда. Беш йил ичида товар айирбошлаш 54 фоизга ошди ва ҳозирда 167 миллиард АҚШ долларини ташкил этмоқда. Ҳозирда савдо бутун минтақадаги иқтисодий ўсишнинг асосий омилига айланди.

Ўтган ўн йил ичида USAID ушбу муҳим форум орқали 42 дан ортиқ мамлакатдан 10 000 дан ортиқ иштирокчиларни бирлаштириб, Марказий Осиёда иқтисодий тикланишни тезлаштириш ва барқарорликни таъминлаш учун алоқаларни яхшилаш, рақобатбардошликни ошириш ва савдони кенгайтиришда ҳамкорлик қилди.