Тошкент, Ўзбекистон. 2022 йил 21 сентябрь – Бугун Тошкент шаҳрида АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Иккинчи йиллик аёллар минтақавий саммитига мезбонлик қилди. Саммитда Марказий Осиё мамлакатларидан 100 дан ортиқ ишбилармон аёллар, бизнес вакилалари, фаоллар, ишбилармон аёллар уюшмалари, давлат идоралари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилалари йиғилиб, Марказий Осиё мамлакатлари иқтисодиётнинг барча тармоқларига, хусусан, савдо ва божхона фаолиятларига гендер масалаларини қандай қилиб энг яхши интеграция қилиш бўйича ҳамкорлик қилиш масалаларини кўриб чиқдилар. Саммит “Аёлларнинг савдодаги ўрни: Марказий Осиёда тўсиқлар, имкониятлар ва илғор тажрибалар” мавзусида бўлиб ўтди.
Саммитда сўзга чиққан USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит иштирокчиларни қутлаб, шундай деди: “Америка Қўшма Штатлари аёллар ва қизларнинг имкониятларини кенгайтириш ғояси тарафдори. USAIDда биз гендер тенглиги ва аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш нафақат ривожланишнинг таркибий қисми, балки унинг ўзаги эканлигига ишонамиз. Ҳамжамиятлар трансформацияси учун аёллар ва қизларга сармоя киритиш зарурдир. Аёлларнинг ҳолати яхшиланган сари, оилалар фаровон, маҳаллалар обод бўлиб, мамлакатлар эса тараққий этиб бораверади”.
Саммит USAIDнинг Марказий Осиёдаги Савдо йўналишидаги фаолияти, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва АҚШнинг Тижорат ҳуқуқини ривожлантириш дастури (CLDP) билан ҳамкорликда ўтказилди.
Саммитда “Божхонадаги аёллар: гендер мувозанати божхона иши йўналишини қандай қилиб янада мустаҳкамлиги, ишончлилиги ва намоёндалигини ошириши мумкин?”, “Глобал савдода электрон тижоратнинг ўрни: ривожланаётган мамлакатларда аёллар электрон тижоратдан қандай фойдаланиши мумкин?”, “Жорий геосиёсий ўзгаришларнинг глобал савдо ва таъминот занжирига таъсири” каби мавзулар муҳокама қилинди. Шунингдек, “Логистика ва транспортда аёллар” (WiLAT) дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси очилиши афзалликлари ҳамда таъминот занжирлари, ҳаво транспорти ва глобал савдо масалалари бўйича жорий геосиёсий ўзгаришлар ҳам айтиб ўтилди.
Алоқа ўрнатиш сессиясида ишбилармон аёллар уюшмалари ва тадбиркор аёлларга бир-биридан ўрганиш, профессионал тармоқларни ривожлантириш, минтақавий алоқалар ўрнатиш, фикр алмашиш ҳамда ўз маҳорат ва қобилиятларидан максимал даражада фойдаланишлари учун имконият яратилди. Ушбу чора-тадбирлар етакчи ишбилармон аёллар уюшмалари ўртасида минтақавий ҳамкорлик борасида умумий қарашларни ишлаб чиқиш орқали Марказий Осиёда гендер тенглиги ва инклюзияга эришиш йўлида муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда, пандемиядан кейинги даврда, бутун дунё бўйлаб мисли кўрилмаган даражада кўп аёллар ўз ишлари, даромадлари ва касб мартабаларидан айрилди. Бутун дунё бўйлаб ҳали ҳамон аёлларнинг кўникмалари, тажрибаси ва натижадорлигидан фойдаланиш даражаси жуда ҳам паст. Аёлларнинг меҳнат бозори ва иқтисодиётдаги иштироки иқтисодиёт ва тадбиркорликнинг ўсишига ёрдам беради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, фақат иш ҳақи бўйича гендер тафовутини бартараф этиш глобал бойликни 160 триллион долларга оширади. Хотин-қизларни иқтисодимизга тўлиқ интеграциялаш янада кўпроқ самара беради.
USAIDнинг Марказий Осиёдаги Савдо йўналишидаги фаолияти дастурининг мақсади иқтисодий ўсишни тезлаштириш ва Марказий Осиёда иқтисодий имкониятларни ошириш учун минтақа бўйлаб савдо алоқаларини яхшилашдан иборат. Дастур мазкур мақсадга божхона ва чегара тартиб-қоидаларини уйғунлаштириш, савдо ва инвестициялар бўйича давлат-хусусий сектор мулоқотини ошириш, фирмалар ўртасидаги трансчегаравий алоқани яхшилаш ва гендер билан боғлиқ савдо муаммоларини ҳал этиш орқали эришиш йўлида иш олиб бормоқда. Фаолият аёлларга нисбатан жорий савдо сиёсати ва амалиётларини кўриб чиқиш ва аёлларга ушбу қийинчиликларни енгиб ўтишда ёрдам беришга қаратилган ташаббусларни ишлаб чиқиш орқали минтақадаги савдо ва тадбиркорлик билан шуғулланувчи аёлларни қўллаб-қувватлайди.