USAID ўзининг Ўзбекистондаги қишлоқ хўжалиги соҳасидаги муваффақиятли лойиҳасини якунлаш тадбирини ўтказди

АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) томонидан молиялаштирилган ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги (ҚСХВ) билан яқин ҳамкорликда амалга оширилган “Қишлоқ хўжалик алоқаларини ривожлантириш” (AgLinks Plus) лойиҳасини якунлаш маросими 2015 йил 19 февраль куни Ўзбекистон пойтахти Тошкент шаҳрида бўлиб ўтди. Лойиҳа фаолиятига якун ясовчи ушбу тадбирда Ўзбекистонда боғдорчилик ва узумчилик соҳаларига сўнги уч йилда берилган ёрдам давомида “Қишлоқ хўжалик алоқаларини ривожлантириш” лойиҳаси томонидан эришилган самарали натижалар тақдим этилди.

“Қишлоқ хўжалик алоқаларини ривожлантириш” лойиҳаси 3 боғдорчилик мавсуми давомида (2012-2014) фаолият юритиб, Ўзбекистоннинг 6 вилоятидаги (Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Фарғона, Андижон ва Наманган) 26 туманда қишлоқ хўжалигидаги самарадорлигини ошириш, маҳсулотларни бозорга чиқариш ва даромадларни ошириш борасида муваффақиятга эришди.

people looking at display
USAIDнинг Қишлоқ хўжалик алоқаларини ривожлантириш” лойиҳаси самаралари. (АҚШ элчихонаси сурати)

«Даладан дастурхонгача» маҳсулот қийматини ошириш тартибига асосланган фаолияти орқали “Қишлоқ хўжалик алоқаларини ривожлантириш”  лойиҳаси хўраки узум навлари, данакли (гилос, ўрик, олхўри, шафтоли) ва уруғли (олма, нок, беҳи) ҳамда субтропик (ҳурмо, анор) меваларни етиштиришда иштирок этувчи корхоналарнинг рақобатбардошлигини оширди. Маҳсулот ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш учун ушбу дастур доирасида машғулотлар ва тажриба алмашинувлар ташкил этилди, техник кўмак ишлари ва намуна боғлар усулларидан уйғунликда фойдаланувчи илғор технологияларни тадбиқ этилди.

Тадбирда элликка яқин одам иштирок этди, жумладан Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси, халқаро ташкилотлар вакиллари, шунингдек дастурнинг давлат ва хусусий секторга тегишли ҳамкорлари қатнашди. Хусусий сектор вакиллари сифатида кўчат етиштирувчилар, боғбонлар, совуқхона эгалари, қайта ишловчилар, савдо ва экспорт билан шуғулланувчилар қатнашдилар. Тадбирни очиш учун АҚШ Элчиси Памела Спратлен хоним ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг қишлоқдаги иқтисодий ислоҳотлар мажмуаси раҳбари муовини Муҳаммаджон Қосимов сўз олдилар.

Шунингдек, меҳмонлар эътиборига лойиҳа доирасида ишлаб чиқилган барча ўқув материалларини ўз ичига олган MEVA (Mobile Extension Value Added – MEVA қисқартмаси ўзбек тилидаги «мева» сўзига мосланган) мобил дастур, яъни «Мобил кенгайтирилган қўшимча қийматли дастур» тақдим этилди. Ушбу дастур 2015 йил 27 апрелдан бошлаб эркин юклаб олиш учун «Google Play» манбасида мавжуд.

Тадбирга “Қишлоқ хўжалик алоқаларини ривожлантириш” лойиҳаси ҳамкорларидан бири Эркин Усмонхўжаев қуйидаги сўзлари билан якун ясади: «Мен кўрсатилган ёрдам учун USAIDга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Лойиҳа томонидан ташкил этилган ўқув машғулотларида қатнашгач, унда ўзлаштирилган янги бошқариш ва парвариш усулларини ўз боғларимда татбиқ қилиб кўрдим. Натижалар шунчалик яхши бўлдики, кўпчилик қўшниларим ва ҳаттоки қариндошларим ҳам қизиқиш билдириб, уларга ҳам янги усулларни ўргатишимни сўрай бошлашди. Бу эса менга боғдорчилик соҳасида консалтинг компанияси ташкил этиб, ҳозирда яхши ривожланаётган янги қўшимча тадбиркорлик ишини йўлга қўйишимга туртки берди».

woman at podium
АҚШ Элчиси Памела Спратлен хоним кириш нутқини сўзламоқда. (АҚШ элчихонаси сурати)