25-26 феврал кунлари АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID)нинг минтақавий иқтисодий ҳамкорлик буйича лойиҳаси (REC) тарафидан ташкиллаштирилган «Фарғона водийси мева-сабзавотчилик соҳаси: Экспорт салоҳияти» форуми доирасида Европа Иттифоқи, Марказий Осиё ва бошқа МДҲ давлатларидан келган чакана савдо тармоқлари, бизнес-ассоциациялар, транспорт ва логистика компаниялари, элчихоналар, фермер хўжаликлари ҳамда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларининг 500 дан ортиқ вакиллари тўпланишди. Ушбу тадбирни ўтказишда бир қатор ташкилот ва муассасалар REC лойиҳасига ёрдам кўрсатдилар. Хусусан, Халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Фарғона вилояти ҳокимлиги.

Мазкур форум манфаатдор томонлар ўртасида амалий алоқаларни йўлга қўйишга шунингдек Фарғона водийсидан янги узулган ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари етказиб бериш бўйича келишувлар тузилишига ўз ҳиссасини қўшди. Бундан ташқари, икки кун давом этган тадбир давомида ўқув машғулотлари, бизнес учрашувлар, кўргазмали ярмарка ҳамда фермер хўжаликлари ва транспорт-логистика марказларига таништирув сафарлари уюштирилди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонлик мева-сабзавот ишлаб чиқарувчилари ва хорижий ҳамкорлар ўртасида 130 млн. АҚШ долларидан ортиқ миқдорда савдо ҳамкорлигини ўрнатиш бўйича ҳамкорлик истаги ҳақида баённомалар имзоланди.
