USAID (АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги) Латвиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда Латвияга ўқув сафари ташкил қилди. 2016 йилнинг 11-15 апрель кунлари Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Тошкент, Самарқанд ва Андижондаги қишлоқ хўжалиги олий таълим муассасалари, шунингдек, сабзавотчилик ва боғдорчилик илмий-текшириш институтлари вакилларидан иборат Ўзбекистон делегацияси Латвияда бўлиб қайтди. Сафар давомида иштирокчилар Европа Иттифоқида фойдаланиладиган замонавий боғдорчилик бўйича ўқув режалари ва «қўшилган қиймат занжири» борасидаги энг яхши тажриба билан танишдилар. Ташриф Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасининг таълим ва илмий текшириш йўналишларини янада ривожлантиришга кўмаклашиши мумкин бўлган замонавий қишлоқ хўжалиги тажрибалари, маркетинг ва сертификатлаш бўйича илғор методологияларни ўрганишга имкон яратди. Латвия Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун Европа Иттифоқидаги энг катта бозорлардан бири, шу билан бирга Европа бозорига кирадиган “дарвоза” бўлиб хизмат қилади. Сафар давомида делегация вакиллари Латвия Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Латвия Қишлоқ хўжалиги университети, Қишлоқ ҳудудлари маслаҳат маркази ва Латвия Хусусий мева етиштириш уюшмасига ташриф буюрдилар. Шунингдек, иштирокчилар хусусий фермер хўжаликлари, савдо ва сифат назорати билан шуғулланувчи ташкилотларга ҳам бориш имкониятига эга бўлишди. Латвия Қишлоқ хўжалиги университети билан Тошкент, Самарқанд ва Андижон қишлоқ хўжалиги олий таълим муассасалари ўртасида профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви бўйича ўзаро ҳамкорлик шартномаларининг имзоланиши амалга оширилган ташрифдан кутилаётган натижалардан биридир.
