2022-йил 1-июн, Олмаота, Қозоғистон – АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) ва Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) Марказий Осиё мамлакатларида электр энергетика тармоқларини жадал карбонсизлантиришни қўллаб-қувватлаш мақсадида қайта тикланадиган энергия, энергия самарадорлиги, электр энергияни сақлаш ва бошқа соҳаларда ҳамкорликни ошириш бўйича қўшма ишларни бошлади.
Бугун USAID ва ЕТТБ иқлим ўзгаришига қарши курашиш бўйича ҳамкорликни Марказий Осиёда карбонсизлантириш қўшма ташаббусларига тааллуқли ўзаро англашув меморандумини имзолаш орқали мустаҳкамлади. USAIDнинг Осиё бўйича маъмурb ўринбосари Анжали Каур ва ЕТТБнинг Марказий Осиё бўйича бошқарувчи директори Жужанна Ҳаргитай ўзаро меморандумни Олмаота Энергетика ва телекоммуникациялар университетида илм-фан ва инновация буйича проректор Алмаз Саухимов бошчилигидаги маросимда имзоладилар. Ушбу узоқ йиллик маҳаллий ҳамкор USAID билан бирга бутун Марказий Осиё бўйлаб қайта тикланадиган энергия бўйича ўқув дастурларини ва техник тажрибани яхшилаш билан шуғулланади.
Каур ўзининг кириш сўзида шундай деди: “АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари давримизнинг энг катта муаммоларидан бири – глобал иқлим инқирозини енгиш бўйича умумий қарашларга эга. Электр энергияси ишлаб чиқариш глобал миқёсда CО2 эмиссиясининг 40 фоиздан ортиғини ташкил этар экан, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш бўйича ҳар қандай саъй-ҳаракатлар электр энергияси тизимларини модернизация қилишни ўз ичига олиши керак. Биз Марказий Осиёда кам углеродли келажакка эришиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларимизни мустаҳкамлаш мақсадида ЕТТБ билан бугун ушбу меморандумни имзолаганимиздан хурсандмиз”.
Ўзининг тоза энергия бўйича олиб бораётган ишлари орқали USAID Марказий Осиё ҳукуматлари ва университетлари билан ҳамкорлик қилади ва минтақадаги фуқароларнинг ҳаётини яхшилаш учун барча жамоаларга энергиядан фойдаланиш имкониятини ошириш ва хусусий секторнинг қайта тикланадиган энергияга сармоясини жалб қилиш йўлида замонавий энергетика технологияларидан фойдаланишни кенгайтиради.
Ўтган ўн йил ичида USAID Марказий Осиёда иқтисодий жиҳатдан самарали бозорга асосланган минтақавий энергетика тизимини шакллантиришда муҳим рол ўйнади. USAID, шунингдек, қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш, энергия самарадорлигини ошириш, энергетика секторини рақамлаштириш ва киберхавфсизликни яхшилаш учун норматив-ҳуқуқий базани мустаҳкамлади. USAID маҳаллий салоҳиятни ошириш, ҳамкорликни осонлаштириш ва хусусий секторнинг бозорга асосланган ечимларини қўллаб-қувватлаш учун бир қатор маҳаллий ва минтақавий ҳамкорлар билан ишламоқда.
###
USAID дунёдаги етакчи халқаро ривожланиш агентлиги ва барқарор ривожланишга эришиш катализатори ҳисобланади. Қўшимча маълумот учун USAID сайтига
https://www.usaid.gov/central-asia-regional ҳамда USAIDнинг Facebook саҳифасига https://www.facebook.com/USAIDCentralAsia ташриф буюринг.