USAID Бизнес-омбудсман идорасига ускуналар тақдим қилди

2022 йил 29 июнь, чоршанба – Бугун АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили (Бизнес-омбудсман)нинг идорасига видеоконференция алоқа учун ускуналар тақдим қилди. Қиймати қарийб 54 минг АҚШ доллари бўлган ушбу ускуна Бизнес-омбудсман идораси ва унинг ҳудудий бўлинмаларини боғлайди ва бутун мамлакат бўйлаб тадбиркорларга қисқа вақт ичида ёрдам сўраш ва олиш имконини беради.

Тақдим этилган ускуналар Тошкентда USAID кўмагида ўтказилган “Ўзбекистонда ишбилармонлик муҳитини ривожлантиришга комплекс ёндашув: бизнеснинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмлари ва давлат назоратини ислоҳ қилиш” мавзусидаги халқаро форумда топширилди.

Форумда сўзга чиққан USAID миссияси директори ўринбосари Марсело Арельяно шундай деди: “Ўзбекистонда инклюзив, барқарор ва жадал иқтисодий ўсишни қўллаб-қувватлаш USAIDнинг мамлакатдаги фаолиятининг асосидир. Бизнес-омбудсман идораси билан ҳамкорлик эса – АҚШнинг Ўзбекистондаги иқтисодий тараққиётни қўллаб-қувватлашнинг муҳим таркибий қисмидир. Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда Бизнес-омбудсман идораси ва унинг ҳудудий вакиллари муҳим ўрин эгаллайди. USAID коррупцияга қарши кураш ва бизнес, инвестициялар ва тадбиркорлар учун қулай муҳит яратиш борасида миллий ҳамкорлар билан ҳамкорликни давом эттиради. Биз бу борада катта ютуқларга эришдик, шу билан бирга, ҳали қилинадиган ишларимиз кўп”.

USAID кўмагида ташкил этилган тадбирда 500 иштирокчи – давлат идоралари ва халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда тадбиркорлар қатнашди. Форум Ўзбекистонда тадбиркорлар ҳуқуқлари ва ишбилармонлик муҳитини ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш бўйича олиб борилаётган саъй-харакатларни муҳокама қилиш учун платформа бўлиб хизмат қилди.

Бизнес-омбудсман идораси хусусий сектор субъектларига ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тиклашда ёрдам бериш орқали коррупцияни йўқ қилиш ва давлатнинг хусусий бизнесга аралашувини камайтиришда муҳим рол ўйнайди. USAID Бизнес-омбудсман идорасини қўллаб-қувватлаб келади, шу жумладан, идора учун тренинглар ўтказади ва унга жиҳозлар тақдим этади. USAID, шунингдек техник ёрдам кўрсатмоқда ва Бизнес-омбудсман идораси билан биргаликда Ўзбекистондаги тадбиркорликни янада ҳимоя қилишга қаратилган, ҳозирда якунлаш босқичида бўлган янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш устида ишламоқда.

###

USAID Ўзбекистон ҳукумати билан мамлакат иқтисодиётини диверсификациялаш ва минтақавий савдони ошириш, саломатлик учун жиддий хавф-хатарлар, жумладан COVID-19ни бартараф этиш, ҳукуматнинг аҳоли эҳтиёжларига оқилона ёндашиш салоҳиятини ошириш йўлида ҳамкорлик қилади. Дастур тўғрисида батафсил маълумот учун https://www.usaid.gov/uzbekistan сайтига ва USAID/Ўзбекистоннинг Facebook саҳифасига ташриф буюринг: https://www.facebook.com/USAIDUzbekistan